Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:32

"Ҳам молимдан айрилдим, ҳам жарима тўладим"


Бу гапни айтган урганчлик Тоҳиржон маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан шикоят қилди.

"Пахтага тушди" деб, молимни сўйдиришди

Хоразм вилоятининг Урганч туманидан “Эркин микрофон”га боғланган Тоҳиржон исмли тингловчи бисотидаги қарийб 1 ярим миллион сўмлик қорамоли туман милиция ходимлари томонидан "пахтага тушди" деган сабаб билан сўйдириб, маблағи ўзлаштириб юборилганидан норози бўлди.

- Жуда қизиқ ишлар бўлаяпти-да. Қишлоғимизнинг фермер раиси молимизни томорқа еримизнинг чеккасига боғлаб қўйсак, унинг ëнидаги битта гумаштаси келиб, ечиб юборган. Булар сал нарироқда ўт ўриб юрган, билмай қолган. Хуллас, "пахтага тушди" деб, видеокамераларга туширган, бошқа қилган. Началник милиция билан тил бириктириб, дарров группа чақирган. Ҳаммасини тушириб бўлгандан кейин бизни чақириб, “Нима бўлаяпти бу? Пахтани еди молинг” деб, "Боғланиб турган мол қандай ечилди?" десак, уни ечиб юборишган экан. Шундай қилиб, хуллас, молимизни сўйдиришди. 1-1,5 миллион сўмга кетадиган молни сўйдириб, йўқ қилдилар.

Озодлик: "Пахтага тушди" деб сўйдириб юбордими?

- Ҳа.

Озодлик: Пахтага тушган эдими ўзи молингиз?

- Пахтага ечиб, тушириб юборган.

Озодлик: Уларга нима манфаат бор сизнинг молингизни пахтага тушириб юборишдан?

- Сиëсат-да бу, сиëсат.

Озодлик: Қанақа сиëсат? Унинг қанақа маъноси бор?

- Телевизорга чиқаради "мана, пахтага тушганларни сўйдираяпмиз" деб. Видеога олган-да уни. Халқни қўрқитиш сиëсатида бу.

Озодлик: Молни сўйдириб, сотгандан кейин пулини ўзингизга олиб қолдингизми?

- Йўқ, бергани йўқ ҳеч нарса. Пахтага тушгани учун штраф қилди яна. Ҳам сиëсат, ҳам иқтисод.

Озодлик: Битта сизнинг молингиз шунақа бўлдими ë бошқаларники ҳамми?

- Битта бўлса, бўлди ўзи. Ҳар райондан буйруқ бўлади-да "битта-иккита қилиш керак" деган.

Озодлик: Одамларнинг моллари тушаяптими пахтага ўзи?

- Йўғе, ким туширади. Ҳамма қўрқиб қолган, - дейди Хоразм вилоятининг Урганч туманидан боғланган Тоҳиржон.


"Алюмин заводи халқимизни заҳарлаяпти"

Гулистон шаҳридан боғланган Маҳмуд ака исмли тингловчимиз эса куни кеча ҳавога узатилган дастуримизда “Тожикистондаги алюминий заводининг сурхондарёликларга зарари унча катта эмас” деб фикр билдирган деновлик тингловчи Абдуллажоннинг фикрига жиддий эътироз билдирди.

- Кеча Абдулла деган йигит “Сурхондарëликларнинг бари соғ-саломат юрибди, бекордан бекорга ариза қилгандай” деб гапирди-да. Шунга эътирозим бор эди. Мана, менинг божам Сурхондарë Шўрчисида туради. У анча узоқ Тожикистон чегарасидан. Лекин шуларга ҳам таъсири бор-да. Анорлари чириб, мевалари тўкилиб ëтибди. Иссиқлик электр станциядан чиққан кулнинг ўзи қанча аҳолига зарари тегади. Бу бир катта бошли алюмин завод. Ундан заҳар чиқса, бутун халқимиз заҳарланаëтган бўлса. У боланинг гапи нотўғри-да. Мана Дашнободнинг анорлари бутунлай йўқ бўлиб кетди-ю. Бутун дунëга машҳур анорлари йўқ-ку ҳозир.

Озодлик: Катта-катта бўларди. Унақа қип-қизил эмас, пўсти пуштиранг бўларди-а?

- Ҳа. Мана ëшимиз 60 га бораяпти биламиз-ку. Тожикистонни мен тушунмадим лекин. Муҳтарам президентимиз уларнинг бошига оғир кунлар тушганда вагон-вагон озиқ-овқатлар бериб ëрдам қилган. Мана, бошимизга бир бало қилиб, сув омборини қураяпти булар. Қирғизистонга тушунмаяпман. Нима учун бизнинг ўзбекларимизга жуда ҳам тажовуз қилаяпти?

Озодлик: Ўзимиздан ўтиб қолмаганмикан? Ўзбекистон ҳукуматниннг бугун қўшнилар билан қилаëтган муносабати, ўшалар билан юритаëтган сиëсати сабаб бўлаëтгандир шунақа жавобларга?

- Энди шунча ëрдам бердик-ку Тожикистонга. Ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Тожикларнинг чиққанини эшитганмиз "бизнинг отамиз Ислом ака" деб. 90-йиллардаги воқеаларни айтаман-да. Ҳар кимнинг бошига оғир кунлар тушади-ку, - дейди гулистонлик Маҳмуд ака.


"Ўзбекларнинг тарбия усули нотўғри" деганга эътирозим бор

Россияда ишлаб юрган андижонлик меҳнат муҳожири эса Озодлик орқали Ўзбекистондаги шароитдан нолиб гапирадиган меҳнат муҳожирлари ва шунингдек, “ўзбекларда тарбия усули нотўғри”, деб гапирган тингловчимиз Жасуржоннинг фикрига эътироз билдирди.

- Мана, масалан, Россия фуқаролигини олиб боришаяпти Ўзбекистонга. Ўзбекистонда уларнинг ҳеч қанақа кислородини қисиб қўймаяптию давлат. Бориб, дам олиб, спокойно қайтиб келишаяпти.

Озодлик: Яъни “Ўзбекистонда шароит яхши, айтилганчалик ëмон эмас” демоқчисиз. Мен тўғри тушундимми сизни?

- Ўзбекистон булар айтиб дунëга ëяëтганчалик ëмон эмас, демоқчиман.

Озодлик: Конкрет қайси соҳаларда ëмон эмас?

- Ўзбекистон ҳамма соҳада олдинда. Масалан, қуролли кучлар, ички ишлар. Даже мана ҳозирги кунда Ўзбекистон сиëсатини керак бўлса бутун дунë ўзининг нимасида йўлга қўяяпти-да. Масалан Россия, бошқа жойлар.

Озодлик: Ўзбекистондан намуна олиб, деяпсизми?

- Ўзбекистоннинг сиëсати унақа даражада ëмон эмас, опа. Туғилиб ўсган ватанни бу даражада паст ëмонлаб юбориш... Ким ëзибди мана ҳозир мен интернетда ўтирибман. Қанақадир Жасурбек деган Ўзбекистон фуқароси “Ўзбекистонда болаларнинг тарбияси нотўғри” деб ëзибди.

Озодлик: Кеча гаплашдик шунақа бола билан.

- Менинг фикримча, ўзбекларнинг тарбия усули бутун дунëникига қараганда тўғри. Вақти келиб, қариганда ота-онасини ташлаб кетмайди. Болани ота-она ташлаб кетмайди. У оилавий муаммо билан уйини ташлаб чиқиб кетган бўлса, у ўзининг аҳмоқлиги. Битта ўзи ота-онасининг нотўғри тарбиясини деб, бутун ўзбекларнинг "тарбияси нотўғри" дейиш жуда ҳам катта хато. Шуни мен ëзишингларни илтимос қиламан, - дейди Россияда ишлаб юрган андижонлик меҳнат муҳожири.


*******************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG