Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:32

Ўшда яна икки милиционер тергов қилинмоқда


Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов ўшлик
Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов ўшлик

Ўш шаҳар прокуратураси ўшлик икки милиция ходимига нисбатан “қийноқ” факти бўйича жиноий иш қўзғади.

Бу борада Озодликка маълум қилган Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот котиби Талант Қўнўқбаевга кўра, Ўш шаҳар прокуратураси Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг “Сулаймантўў” милиция бўлими ходимларига нисбатан Қирғизистон Республикаси Жиноий кодексининг 304-моддаси (хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик), 305-моддаси (хизмат ваколатларини ошириб юборганлик), 305-моддаси 1-банди (қийноқ қўллаганлик), 313-моддасида (пора тама қилганлик) белгиланган жиноятлар юзасидан терговни якунлаган.

- 2011 йилнинг 20 апрел куни Ўш шаҳри Қурмонжон Додхоҳ кўчасида жойлашган “Ст-Сервис” маъсулияти чекланган жамиятига 6 нафар номаълум шахс кирган. Кирган шахслардан бири милиция ходими кийимида бўлган. Улар бармоқ изларини олиш баҳонаси билан у ерда ишловчи Орипов, Бозорбоев, Ювошев ва Ойбек исмли шахсларни Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси “Сулаймантўў” милиция бўлимига олиб келишган.

Милиция ходимлари уларни “миллатлараро можароларни қўзғашга қаратилган сепаратистик руҳдаги дискларни тайёрлаганлик”ни тан олдиришга уринган. Бинода бўлган вақтларида қўлга олинганлар калтакланган, агар кўрсатма беришдан бош тортса, жазоланиши айтилиб, қўрқитилган, - деди Талант Қўнўқбаев.

Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот котибига кўра, олиб борилган тергов тадбирлари кўлами катта бўлгани сабабли тергов муддати 4 ойгача, яъни 2011 йилнинг 19 сентябригача узайтирилган.

Талант Қўнўқбаевнинг маълум қилишича, Ўш шаҳар прокуратураси томонидан қочқин мақомига эга бўлган, Афғонистон фуқароси Мирвайс Абдул Жабарнинг ҳам Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси “Сулаймантўў” милиция бўлимининг юқорида тилга олинган милиция ходимлари устидан ёзган аризаси кўриб чиқилган.

- Юқорида тилга олинган милиция ходимлари 2011 йилнинг 11 август куни тахминан соат кундузги тўртларда “Носталжи” кафесига келиб, Мирвайс Абдул Жабарни олиб кетишган. Кейин милиция ходимлари ўз хизмат хонасида Мирвайснинг турли ерларига уриб, жиноятни тан олдирмоқчи бўлишган ва 1000 АҚШ доллари олиб келишни талаб қилишган. Бундан ташқари, Мирвайсни хизмат хонасига қамаб, уни 2 соатдан ортиқ вақт мобайнида ноқонуний ушлаб туришган, - деди Талант Қўнўқбаев.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасига мувофиқ, Қўнўқбаевнинг айтишича, Мирвайсга етказилган жисмоний шикаст енгил тан жароҳати сифатида баҳоланган.

Маълум бўлишича, Ўш шаҳар прокуратураси 19 август куни юқорида тилга олинган ҳолат бўйича ҳам Қирғизистон Республикаси Жиноий кодексининг 304-моддаси (хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик), 305-моддаси (хизмат ваколатларини ошириб юборганлик), 305-моддаси 1-банди (қийноқ қўллаганлик), 313-моддасида (пора тама қилганлик) белгиланган жиноятлар юзасидан иш қўзғаган.

Қўнўқбаевга кўра, жиноий ишларнинг ўз вақтида судга ўтказилишини таъминлаш мақсадида Ўш шаҳар прокуратураси ходимларидан иборат тергов гуруҳи тузилган ва юқорида тилга олинган жиноий ишлар бирлаштирилган.

Шу йилнинг 7 сентябр куни икки милиционерга нисбатан Жиноий кодексининг тўрт моддаси бўйича айблов қўйилган. Айни пайтда улар жиноий иш материаллари билан танишмоқда. Кейин жиноий иш судга юборилади.

Бош прокуратура матбуот котиби суд хулосаси чиқмагунича, милиция ходимларининг исм-шарифини ошкор қилинмаслигини билдирди.

Айни пайтда Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов ҳам икки нафар хамкасбига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади:

- Бу борадаги маълумотларнинг ҳаммаси тўғри. Жиноят қилишган бўлса, ўзлари жазоларини олишади. Бундай факт бор. Қилган ишига яраша ўз жазосини олишади, - деди Замир Сидиқов Озодликка.

“Фуқаролар коррупцияга қарши” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Тўлейқан Исмаиловага кўра, Қирғизистонда сўнгги 3 йилда 300 дан ортиқ қийноқ қўллаш фактлари кузатилган.

- Масалан, 2009-2010 йиллари биз ҳуқуқ ҳимоячилар 300 га яқин қийноқ фактларини расман рўйхатга олганмиз. Барчасини анализ қилиб кўрганда, “милиция органлари инсон ҳуқуқлари масаласини тўла қонли тушунмаяпти”, деган қарорга келиш мумкин. Иккинчи томондан, “Милиция тўғрисида”ги қонунлар Совет давридан бери қаралмаган, милиционерларга мустақиллик берилмаган. Учинчидан, ойлик ва ижтимоий таъминот жуда ночор. Шунинг учун улар одамларни қийнаб, қийноқ орқали ҳисоботларини топширишга ўрганиб, ўз професионализмини йўқотиб қўйган. Бугунги кунда 2010 йилги воқеалардан кейин қийноққа солинган одамлар сони кўпайиб кетди, - дер экан Тўлейқан Исмаилова ҳозирда амалдаги ҳукумат томонидан Қирғизистон куч тизимларида зарур бўлган ислоҳотлар олиб борилаётганини айтди.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева ҳам август ойи ўрталарида Ўшга қилган сафари чоғида куч ишлатар тизим раҳбарлари билан учрашган ва қийноқлар мавжудлиги тўғрисида гапирганди. Учрашувда президент мулозимларни қийноқлар бўйича аниқланган ҳар бир ҳолат учун жавобгарликка тортиш борасида огоҳлантирганди.

Бироқ ўшлик ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат расмийларининг маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилишига қарши баёнотлари ҳали-ҳозир самара бермаётганини айтиб келишади.
XS
SM
MD
LG