Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:40

Тошкентда оммавий ҳибсга олишлар давом этаяпти


Айни кунларда Тошкент шаҳри ва вилоятининг ҳар бир туманидан 10-20 нафар диндор ҳибсга олинаяпти.


20 сентябр куни эрталаб Тошкент вилояти Қибрай тумани Маданият жамоа хўжалиги “Ёнариқ” қишлоғида яшовчи 53 ёшли Абдумузаффар Жаҳонгиров Зангиота туман ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган унинг ўғли Саидафзал Жаҳонгировга кўра, отаси намозхон бўлиб, жума кунлари масжидга чиқиб турган.

- Кеча эрталаб уйдан олиб чиқиб кетишди тўртта шахс. Зангиота туманининг РОВДсидан терговчи, РОВД милицияси, СНБ ҳам бор экан. Кеча эрталаб 6,30-7 ларда. Дадам масжидга чиқар эди. Намоз ўқирдилар. Фақат жума намозига чиқардилар, беш вақт намозга чиқмайдилар. Олиб чиқиб кетишди. Бизлар кечадан бери югур-югур қилиб юрдик. Қўлимиздан ҳеч нарса келмади. Ҳеч ким аралашмаяпти, дейди Саидафзал Жаҳонгиров.

Зангиота туман Ички ишлар бўлими тергов бўлимининг навбатчи ходими Абдумузаффар Жаҳонгировнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

- Жаҳонгиров Абдумузаффар, ҳўв Қибрайда, реабилитация маркази деган жой бор, Тузелда. У ўша ёққа жўнатилди¸ реабилитация марказида. Борсанглар, ўша ердан суриштириб оласизлар. Нимага ҳибсга олган, нима қўйган¸ хўпми, деди Зангиота ИИБ навбатчи ходими.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари мустақил ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, сўнгги бир ҳафта давомида Қибрай туманида тўққиз нафар диндор ҳибсга олинган.

Ташкилот хабарига кўра, сўнгги бир ҳафтада Зангиота туманида ҳам 10 нафар киши ҳибсга олинган. Улар орасида МХХ нинг истеъфодаги подполковниги 47 ёшли Адҳам Сиддиқов ҳам бор.

Ташкилот раҳбари Суръат Икромовга кўра, ҳибсга олинган Адҳам Сиддиқов ва бошқа тўққиз кишининг барчаси диндор одамлар бўлганлар.

- Июлнинг бошидан бери Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти Янгийўл, Бўка, Зангиота ва Қибрай туманларида оммавий ҳибслар бўлаяпти. Ҳибслар балки бошқа туманларда ҳам бўлаëтгандир, лекин ҳали хабар олганимиз йўқ. Ҳар бир тумандан тахминан 10дан 20гача намозхонлар ҳибсга олинаяпти. Шу пайтгача бўлган эски, олдинги сценарийлардан яна такрорланаяпти. Буларнинг ҳаммаси диний мотивлар бўйича ҳибсга олинаяпти. Уларга қандайдир ноқонуний ташкилотларга аъзолиги, иштирок этганлиги, Ўзбекистон конституциясига хилоф ҳаракат қилишлик, диний ташкилотларни тузиш ëки уларда иштирок қилишга ўхшаган айбловлар, Жиноят кодексининг 244, 159-моддаларидаги айблар қўйилаяпти, дейди Суръат Икромов.

Дин эркинлиги масалалари билан шуғулланувчи Форум 18 халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича муҳаррири Феликс Корли Ўзбекистон ҳукуматининг диндорларга нисбатан қўллаётган сиёсатидан хавотир билдиради.

- Асосий аҳолиси мусулмонлар бўлган мамлакатда оммавий ҳибслар тўхтовсиз давом этаяпти. Лекин бу ҳибсларнинг замирида аслида нима борлигини ҳукуматнинг ўзи ҳам билмаса керак. Бу ҳибсга олишларнинг виждон эркинлигидан кўра, кўпроқ сиёсий мотивларга яқинлиги кузатилади. Ҳукумат мамлакатда мусулмонлар экстремистлар, террорчилар ёки жиноятчилар, улар ҳукуматни куч билан олишлари мумкин¸ деган иддаога асосланган муҳит яратиб улгурди. Диндорлар ёппасига қамалаётган бугунги кунда ким ҳақиқатдан эътиқоди учун қамалаяпти ёки ким бошқа сабаб билан¸ буни аниқ-равшан айтиш қийин бўлиб қолди, дейди Феликс Корли.

Ўзбекистонда таъқиб этилаëтган диндорлар иши юзасидан мониторинг ўтказиб келаëтган Суръат Икромов фикрича, диндорларнинг ҳибсга олиниши ҳар доим махсус режа асосида амалга оширилади.

- Бу нарса охирги 12 йил ичида кузатилган аҳвол. Барча ҳибсга олишлар режаланган нарсалар. Ҳар бир Ички ишлар бошқармалари, Миллий хавфсизлик хизматлари компютерларида юзлаб намозхонлар, масжидларга борадиганларнинг рўйхати бор. Диндорлар тўғрисида ҳамма ахборот бор. Шахсан ўзим буни кўрганман. Олдинги Собир Раҳимов тумани Ички ишлар бошқармасида 700 га яқин намозхонларнинг фамилиялари бор. Булар режа бўйича буйруқ келганда 10-20та одамни бирпасда йиғиштириб олиб, тергов ишларини олиб боришади. Бу Ўзбекистоннинг сиëсий стратегиясига қарашли нарса. Экстремизм, терроризмга қарши курашини кўрсатмоқчи бўлади ҳукумат. Фактларни кўрсатиши керак. Шунинг учун ҳибсга олишлар кўп, дейди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG