Ўзбекистон президентининг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси Равшан Муҳиддиновнинг 21 сенябр куни президент фармони билан ўз лавозимидан бўшатилгани айтилмоқда.
Бу ҳақда ҳукуматдаги ўз манбаларига таяниб хабар тарқатган Uzmetronom сайтига кўра, Равшан Муҳиддинов Тошкент вилояти прокурори лавозимини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.
Равшан Муҳиддинов президентнинг давлат маслаҳатчиси лавзомига 2011 йилнинг июн ойида тайинланган эди.
Унга қадар Муҳиддинов 2007-2011 йиллар оралиғида Ўзбекистон Адлия вазири лавозимида ишлаган.
Хабарларга кўра, айнан Равшан Муҳиддинов Ўзбекистонда хусусий нотариусларнинг ёпилишига олиб келган "Нотариат тўғрисида"ги қонун ташаббусчисидир.
Uzmetronomнинг ёзишича, 1963 йилда Тошкентда туғилган Равшан Муҳиддинов Бош вазир Шавкат Мирзиёевга яқин амалдорлардан биридир.
Ҳозирги Бош вазир Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти ҳокими бўлган кезда, яъни 2000-2005 йиллар оралиғида Равшан Муҳиддинов Жиззах вилояти прокурори бўлиб ишлаган.
Ўзбекистондаги ҳукумат идораларида юз бераётган кадрлар алмашинуви жараёнидан яхши хабардор бўлган ва исми ошкор этилмаслигини сўраган собиқ мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, Равшан Муҳиддинов эгаллаб турган лавозим ўта муҳим эди ва бу амалдорнинг ишдан олиниши жуда муҳим кадр алмашинувидир.
- Бу кишининг ушбу лавозимдан олиниши, албатта, мукофот эмас. Аммо, агар у киши Тошкент вилояти прокурори лавозимига тавсия қилингани рост бўлса, демак бу одамни маълум даражада бошқа рангга ўтказиш тавсия қилинган бўлиши мумкин. Чунки Тошкент вилояти прокурорлиги жуда катта лавозим ва бу прокурорга 24 та адвокат бўйсунади, дейди суҳбатдошимиз.
Собиқ мулозимга кўра, Равшан Муҳиддиновнинг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга яқинлиги бор ва булар Жиззах вилоятида бирга ишлаган кезда яхши чиқишган.
- Мен Жиззахдаги жуда кўпчиликни биламан. Равшан Муҳиддинов ҳақида жуда яхши фикрда. Бу киши Тошкентга қайтганидан сўнг эса Ўзбекистон Бош прокуратурасининг солиқ жиноятларини назорат қиладиган департаменти бошлиғи бўлган. Бошқача айтилса, ҳамма иқтисодий жиноятларда айбланган амалдорларнинг иши шу кишининг қўлидан ўтган. Бу жуда катта армияси бўлган департамент эди. У ерда яхши ишлади ва кейин Адлия вазирлигига ўтган эди, дейди собиқ мулозим.
Равшан Муҳиддинов Адлия вазири лавозимида ишлаган 4 йил ҳам қисқа муддат эмас, деб ҳисоблаган суҳбатдошимизга кўра, президентнинг айнан куч ишлатар тузилмалар бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимини эгаллаши билан бу амалдорга катта ишонч билдирилган эди.
Эндиликда бу лавозимдан олиниши Муҳиддиновни қувватлаб келган Бош вазир Мирзиёевга қарши ташланган қадам, дея билдирилаётган фикрларга жавобан собиқ мулозим “бўлиши мумкин”, деб жавоб берди.
- Шавкат Мирзиёев, шубҳасиз, жуда катта фигура. Нуфузиям жуда катта. Бу киши мана қарийб 9 йилдан бери Бош вазир лавозимида ўтирибди. Ўзбекистон тарихида бунга қадар уч шахс 10 йилдан ортиқ Совминни бошқарган. Яъни, Ўзбекистон ССР Министрлар советининг раиси, дейиларди аввал ва бу лавозимда Файзулла Хўжаев, Нормуҳаммад Жўраев, Раҳмонқул Қурбоновлар 10 йилдан ошиқ ўтирган ва мана энди Мирзиёев буларнинг сафида тўртинчи бош вазир бўлиши мумкин, дейди суҳбатдошимиз.
Равшан Муҳиддиновнинг ишдан олиниши Бош вазирга қарши қаратилган ҳаракатми ёки йўқми, бунга янаям аниқ баҳони давлат маслаҳатчилигига ким келиши билан бериш мумкин, деб ҳисобламоқда собиқ мулозим.
- Агар Миллий хавфсизлик хизматидан одам келса, демак Мирзиёевга қарши иш¸ дейишимиз мумкин. Чунки, МХХ тузилмаси Бош вазирни хуш кўрмайди. Агар ИИВ дан келса, у ҳолда бу Бош вазиримизга қарши ҳаракат эмас, деб тахмин қилиш мумкин.
Аммо, бошқа бир эътиборли жиҳат ҳам бор. Равшан Муҳиддинов эгаллаган давлат маслаҳатчисига масъул куч ишлатар тузилмалар сафида энг нуфузлиси Мудофаа вазирлиги эди. Кўчадаги узун-қулоқ гапларга қараганда, ҳозир шу вазирликдаям каттагина ўпирилишлар бўлаётганмиш. Балки, бу кишининг ишдан олиниши, умуман, бошқа сабаблар билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Хуллас, яқин орада ҳақ гап юзага чиқиб қолади, дейди Ўзбекистондаги ҳукумат идораларида юз бераётган кадрлар алмашинуви жараёнидан яхши хабардор бўлган ва ўз исмии ошкор этилмаслигини сўраган собиқ мулозимлардан бири.
Uzmetronomнинг ёзишича, айни пайтда Равшан Муҳиддинов бўшатган давлат маслаҳатчиси лавозими бўш қолмоқда.