Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:38

Имомлик "ёғли жой" бўлиб қолди


Бугунги ёш ўзбек имомлари нолимаса ҳам бўлади, дейди тошкентлик тингловчимиз.
Бугунги ёш ўзбек имомлари нолимаса ҳам бўлади, дейди тошкентлик тингловчимиз.

"Эркин микрофон"нинг бугунги суҳбатдошлари замонавий имомларнинг "таъмагирлиги", қўшиқчиларнинг "ватанпарварлиги", Каримов ҳам "ечиб бера олмаётган" муаммодан гап очишди.


“Имомларнинг ҳаммаси данғиллама уйда яшайди”

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшовчи 60 ёшли Маҳсума опа Озодликнинг “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришида кўтарилган “Ўзбекистондаги масжидлар ва имомлар” мавзусига ўз муносабатини билдиради. Маҳсума опа "бугун ёш имомларнинг барчаси данғиллама уйларда яшайди, ҳаммасининг 2-3 тадан машиналари бор" дейди.

- Имомлар садақага турамиз, деди. Ҳаммаси бекорчи гап. Садақага турадиган ҳеч ким йўқ. Ҳаммасининг беш-олтитадан данғиллама уйи бор, беш-олтитадан машинаси бор. Имомлар ҳар доим машина "менят" қилади (алмаштиради) ҳар икки ойда, ҳар олти ойда. Ҳали қарасангиз қора Нексияда, ҳали қарасангиз оқ Нексияда. Данғиллама уйлар олиб-сотиб ўтирибди. Давлат қарамайди дейди, давлат нима берсин? Қўлига, оғзига, давлатни алдаб еб ëтибдию улар. Ëлғон, 99 фоиз ëлғон гапирди. Мен имомларни биламан. Қариларни кеткизиб ëшларни қўйган. Ëшлар олади ҳаммаси.

Озодлик: Янги-янги машиналарни қайси пулга минишаяпти улар?

- Фирма, магазинлар қилган ҳаммаси. Мана Умра, бошқасига борадими, ўша ëқдан тўлдириб олиб келишади. Бу ëққа келиб сотиб чайқовчилик қилади. Қарилари, олдингилар, қилмаган шу ишни. Ҳозиргилар қилади. Чунки юқоридагилар жиянини у ëққа қўйиб қўйган, бу ëққа қўйиб қўйган. Ҳаммаси ўшаларнинг жияни, ўшаларнинг қариндош-уруғларини ўқитиб, ҳаммасини қўйиб қўйган.

Озодлик: Бу даромадли жоймики, таниш-билиш қилишаяпти, деяпсиз?

- Жуда ҳам катта даромади бор. Бекорчи гапни гапирмасин садақа деб. Садақани ҳам жуда бераяптида. Яхши бераяпти. Давлатга қарамлиги йўқ. Давлатга ҳам тўлаши керак. Давлатнинг светини олса, давлатнинг сувини ичса. Қани битта имомнинг бечора уйда турганини кўрсатсинчи. Ëш имомлар бер деб туради. Кўзингизни ўйиб олиб қўяди. Мен мана битта ёши катта имомни биламан. Ҳар доим ифтор қилсак, худойи қилсак, ҳеч қачон “Менга шунча бер. Ëздириб келдим. Менга шунча берасан” деганини эшитмаганман,- дейди тошкентлик Маҳсума опа.


“Нимага қўшиқчилар ватан ҳақида кўп куйлайди?”

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи Баҳтиёр ака ўзбек хонандаларинининг репертуарлари, асосан, ватан ҳақидаги қўшиқлардан иборат бўлиб қолганига эътироз билдиради.

- Ватан тўғрисида кўп қўшиқ айтавериб жуда асабга тегиб кетаяптида. Ватанни битта сўз билан ифодалаш керакда энди. Бобур бир вақтлар ватан ҳақида чиройли гап айтиб кетган. Биз мактабда ўқиганимизда Андижоннинг қовунини еб йиғлаб гапирган гапинида. Кўзидан ëш келиб эслаган Андижонни. Ўзимизнинг санъаткорлар дейманда Бобурдан ҳам маънолироқ гап топиб қўшиқ айтсин. Биз Бобурникини эсдан чиқариб буни эслаб қолайлик. Жуда сийқаси чиқиб кетаяптида. Энди телевизорда чиққан санъаткорларнинг ҳаммаси ватан деб қўшиқ айтадида. Маъноси йўқ ўзи. Қорин тўйса, ватанни сотиб қочаверадида улар ҳам. То қорин тўйгунча ватан дейди. Сал имкониятни қилгандан кейин иложини қилса, четга қочворади. Ўзбекистондан топа олмайсиз кейин.

Озодлик: Сиз нима деб ўйлайсиз нима учун булар ижодини кўпроқ ватан мавзусиша бағишлаяпти?

- Телевизорга чиқиш учунми ë танилишни хоҳлагани учунми.

Озодлик: Ватан ҳақида қўшиқ айттса тез таниладими?

- Шундай деб ўйлайман. Ватан ҳақида қўшиқ айтса, телевидениедан берса керакда. Эшитиб ўтириб телевизорга қарайманда. Қачон эшитсангиз, ватан ҳақидада,- дейди чироқчилик Баҳтиёр ака.

“Йўқ газга пул олаяпти”

Андижон вилоятининг Бўз тумани Сойбўйи маҳалласида яшовчи Миродил ака бутун маҳалладошлари номидан қўнғироқ қилиб, газ муаммосини тилга олди. Миродил ака газ йўқлигида Сойбўйи маҳалласи ҳудудида жойлашган иккита сут заводи раҳбариятини айблайди.

- Рўза пайтида ҳам газ бўлмаган. Биздан нарироқдан газ келган. Бўз марказидан 10 километрчада бизники. Центргазқувурдан мана бу ерда иккита молочний завод тушган. Ўша молочнийлар безпроект тортиб кетган аҳолининг газини. Ҳозир газнинг ходимлари айланиб, йўқ газга пул йиғиб, хатлов деб хатлов қилишиб, одамлардан пул йиғишиб олиб ҳеч қанақа нима қилмасдан шунақа қилишаяпти. Аҳолининг газини проектсиз ғишт завод, сут заводларга узиб, проектсиз бериб юбораяпти. Аҳолида умуман газ йўқ. Ниҳоятда қийинчилик. Мана қиш келаяпти, ташвиш одамларда. Кўмир, ўтин, мевали дарахтини ҳам кесиб нима қилаяптида хуллас.

Озодлик: Газ йўқ бўлса, “Нима учун йўқ газга пул тўлаймиз?” демадингизларми?

- Айтдик биз. “Газ бўлади” дейди. Мана счëтчикни олиб ташлаган. Счëтчик йўқ бўлса ҳам меъëрий деб туриб, аҳолидан 400-500 минг қарз қилиб туриб “Бўпти, ярмини беринг. Ëпиб юбораман қарзингизни” деб туриб чўнтагига ишлаяптида. Заводларга бериб юбораяпти. Улар уларга пул бераяптида хуллас. “Аҳолидан унча тушум бўлмаяпти” деяпти. Аҳолининг газини улгуржиларга бериб юбораяпти. Иккита молочнийга кирсангиз, иккаласида ҳам газ бор. Ҳокимиятга чиқдик, бошқага чиқдик. Молочнийнинг нималарининг таниш-билишлари кучли экан. “Молочний тўлаяпти. Аҳолига бермасак ҳам молочнийга берамиз” деган гапни қилишди. Газнинг бошлиғи ҳам умуман ўзини йўқотиб қўйган. Ҳокимиятга чиқилди. Аҳолининг дардини эшитадиган борми,- дейди Андижоннинг Бўз туманида яшовчи Муродил ака.


“Етти йилдан буён ечимсиз муаммо ичидаман”

Фарғона вилояти Боғдод туман маркази, Неъматуллаев кўчаси 54 уй, 9 хонада яшовчи Ҳимоят Раҳимова 1994 йилдан буён турар-жой учун ер майдони ололмай ҳалак. Вояга етган икки ўғил, бир қизи билан икки хонали уйда яшаётган Ҳимоят опа каттароқ уй бўлмаса, ўғилларини уйлантира олмаслигини айтади.

- Энди мана шу болаларимга 1994 йилдан буëн участка учун ер сўраб кирмаган жойим қолмади. Ҳатто Каримовга ҳам неча марта хат ëздим. Ҳеч қанақа натижа бўлмаяпти. Улардан “талаб қондирилсин” деган хат келади, лекин ўзимизда ҳеч қандай ечимсиз муаммонинг ичида юрибманда. Икки хонали уйда ўтираман. Катта ўғлим 19га кирди, кичкинаси 16 ëшда.

Озодлик: Демак, иккита ўғлингиз ҳам уйланадиган ëшда. Қаердан сўрагансиз ерни? Район марказиданми?

- Район марказидан сўрадим. Мана шу бу йил ëзни област билан ўтказдим. Ҳар ҳафтасига гоҳида бир марта, гоҳида икки марта телефон қилишади “опанинг ишини ҳал қилиб беринглар” деб. “Бўпти”, дейди. Бу ерга келсангиз, кутасиз. Шундай вақт ўтиб кетаяпти. Олдин болаларингиз ëш деди. Биринчи марта 1994 йил сўраганман. Мана 7 йилдан буëн умрим ҳокимиятда. Катталарга бораман, фалонча ëрдам бериши мумкин деса, унга ялиниб бораман. Озгина жойимиз бўлса, болаларнинг ўзи гуваладан бўлса ҳам кўтаришса. Майли данғиллама бўлмаса ҳам ўзлари топиб тутганда данғиллатиб олишар. Бормаган жойим қолмади,- деди Фарғона вилояти Боғдод туман марказида яшовчи Ҳимоят Раҳимова.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG