Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:45

Водий вилоятларида қишда газ бўлмайди


Ўзбекистон улкан газ заҳираларига эга бўла туриб, мамлакатда кўмирга бўлган талаб кескин ошадиган кўринади.
Ўзбекистон улкан газ заҳираларига эга бўла туриб, мамлакатда кўмирга бўлган талаб кескин ошадиган кўринади.

Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари расмийлари аҳолини бу йил қишда табиий газ бўлмаслигидан огоҳлантириб, кўмир ғамлашни тавсия қилмоқда.


Газ ўрнига кўмир!

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг махсус назорати остида водийдаги ижтимоий соҳа объектлари билан биргаликда аҳоли хонадонларини ҳам оммавий равишда кўмир билан иситиш йўлга қўйилаяпти.

“Водийгазтаъминот”дан олинган маълумотга кўра, ўтган ҳафта Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг махсус гуруҳи водийда бўлиб, биноларни иситиш тизимини газдан кўмирга ўтиш жараёни билан танишган.

“Андижонгазтаъминот” идорасининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, жорий қиш мавсумида табиий газ таъминотида етишмовчилик бўлиши ва об-ҳавонинг совуқ келиши муносабати билан иситиш тизимларини кўмирга ўтказишга қарор қилинган.

- Газ таъминоти ҳам, об-ҳаво прогнози ҳам яхши эмаску. Ҳаво совуқ келади, деган гап бор. Газ бўлмаслиги мумкинлиги учун мактаб, боғча, бошқа ташкилотларни иложи борича кўмирга ўтинглар деяпмиз. Ўзи котëллар ҳам газга, ҳам кўмирга ишлайдиган бўлади. Энди аҳолига ҳам, ҳаммага тааллуқли бу. Кўмирга ўтказилади барчаси,- деди “Андижонгазтаъминот” ходими.

“Намангангазтаъминот” ташкилоти раҳбари Элмурод Аҳмедов Наманган вилоятида бу йилги қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектларларидан ташқари барча улгуржи истеъмолчилари юз фоиз газ таъминотидан узиб қўйилади, газни аҳолигагина етказиш режалаштирилаяпти, дейди.

Лекин, дея давом этади Э. Аҳмедов, газ таъминотида етишмовчиликлар бўлиши кутилаётгани боис аҳолига ҳам уйларини кўмир билан истиш воситаларини тайёрлаб қўйишлари тавсия қилинмоқда.

- Ижтимоий соҳа объектларида ҳозир ҳаммаси ўзидаги мавжуд қозонхоналарини кўмирга мослаштириш ишларини олиб бораяпмиз. Оммавий равишда ташкиллаштираяпмиз шуни. Маҳалла фуқаролар йиғинларига бориб йиғилишлар ўтказаяпмиз. "Ҳурматли фуқаролар! Бу йил қишда газ бўлмаслик эҳтимолини ҳисобга олиб, хонадонингизга кўмир заҳирасини қилинглар" деб. Бориб ҳар бир хонадоннинг обëмига қараб 3-4 тонна кўмир олиб, устини чиройли қилиб суваб қўйиш ҳақидаги тавсиялар билан, хонадонларга битта-битта кириб огоҳлантириб чиқаяпмиз,- дейди Элмурод Аҳмедов.


Кўмир бўлмаса, ўтин ғамла!

Водийнинг уч вилоятидаги аксар маҳаллаларда газ таъминоти идоралари ходимлари маҳалла оқсоқоллари билан биргаликда аҳолига кўмирдан ташқари ўтин ғамлашни ҳам тавсия қилаётгани айтилмоқда.

Андижон шаҳридаги ҳовлилардан бирида яшовчи Намуна опага кўра,
Аҳолига қишга ўтин ғамлаш тавсия қилинди.

бу тавсиялар ҳатто ёзма равишда ҳам берилаяпти.

“Андижоншаҳаргазтаъминот” идораси ходими яхшилликка умид қилган ҳолда, ёмон вазиятга ҳам шай туриш аҳолининг ўзига фойда.

- Газга ваъда бера олмаймиз. Шу билан қишга заҳира ўтин, кўмирни ғамланглар деб маҳалла комитетларига эълон берилди. Тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Ҳар бир одам ҳеч бўлмаса бир ойга заҳира ғамлаши шартда энди. Бу ўзига яхши. Қиш ғамини ёзда е дейдиларку,- деди "Андижонгазтаъминот" идораси ходими.


Кўмир қайда, бизда фақат таппи!

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи пенсионер Садирохун Сўфиев аҳолига кўмир сотиб олишни тавсия қилаëтган расмийларнинг аҳолининг аксар қисмида ўтин, кўмир сотиб олишга қўли калталик қилиши билан иши йўқ, дейди.
Аксар аҳоли қишга тезак ва таппи ғамлайди.

- Энди Худодан сўрашадида, қаердан йиғиштиради, қаердан ўтин топади? Кесаман деган билан дарахт йўқ. Кестирмайди фермерлар ҳам. Ернинг тагидан кўмир кавлаб олай деса, иложи йўқ. Пули борлар кўмир сотиб олиши мумкин. Пули йўқлар қаердан кўмир сотиб олади? Кўмирнинг тоннаси 250-300 минг бўлаяпти. Масалан¸ мен мустақилликнинг бу ëғига кўмир сотиб олганим йўқ. Чунки қувватим етмайди. Қўйларим бор. Уларнинг тагида қуриб қолган тезакни қирқиб, қуритиб, қиши билан ëқиб чиқаман. Бошқа иложи йўқ энди,- дейди Садирохун Сўфиев.


"Халқни ўйлаяпмиз!"

“Намангангазтаъминот” ташкилоти раҳбари Элмурод Аҳмедовга кўра, иситишни газдан кўмирга ўтказиш жараёнида аҳолининг эҳтиёж ва имкониятлари инобатга олинаяпти.

- Вилоятда саккизта дистрибютор ташкиллаштирилган. Ҳаммаси келади. Маҳалладан заявка қилиб туриб хоҳлаган жойига олиб бориб берилаяпти. Кўмир, ўтин, ҳаммасининг заҳирасини қилаяпмиз. Суюқ газ жамғараяпмиз. 60 минг дона газ балонимиз бор. 20 минг оборотдаги балонимиз бор. Энди аввал хонадонлар газга мўлжаллаб отопление қилган. Отоплениега кўмирни ëқиб бўлмайди. Шуларни кўмирга мослаштирадиган қозонлар бўйича бизда катта завод бор. Ўшалар билан договор қилдираяпмиз ҳаммасига. Аҳолига яна битта енгиллик яратиш мақсадида халқ банкидан кредит берилаяпти хонадонларга кўмирга мослаштирилган печка сотиб олиш учун,- дейди Элмурод Аҳмедов.

Айтилишича, аҳолига бу йилги қиш мавсумидан чиқиб олишга ёрдам бериш мақсадида арзон нархда кўмир етказиб бериш режалаштирилмоқда ва бунинг маҳаллий ҳокимликлар масъул этиб тайинланган.

Лекин Озодлик Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари расмийларидан буни тасдиқлата олмади.

Мавзу якунида, 26 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясида чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев мамлакат аҳолисининг 82 фоизи табиий газ билан таъминланганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG