Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:31

Қирғизистонда радикал кучлар фаоллашмоқда


Қирғизистон кучишлатар тузилмалари сайлов арафасида террорчиликка қарши турли ўқув машғулотларини ўтказишмоқда.
Қирғизистон кучишлатар тузилмалари сайлов арафасида террорчиликка қарши турли ўқув машғулотларини ўтказишмоқда.

Қирғизистонда 30 октябрга белгиланган президентлик сайлови арафасида экстремистик оқимларнинг фаоллашгани кузатилмоқда.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича давлат комиссиясининг жануб бўйича вакили Қурбанали Узақов сайлов арафасида Ўшда радикал диний оқимлар фаолияти кучайганини маълум қилди.

- Ҳар доим катта сиёсий жараёнлар олдида радикал диний оқимлар ўз ишини фаоллаштиради. Шундай фаоллашув сезилаяпти. Жой-жойларда олиб борилган сўров ва радикал диний оқимлардан олинган материалларнинг теологик экспертизаси натижасида, экстремистик оқимлар фаоллашгани сезилмоқда, - деди Қурбанали Узақов.

Унга кўра, диний радикал оқимлар ўз ҳаракатлари билан мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштирмоқчи.

- Улар сайловга бормасликка чақиришмоқда. “Сабаби шариатда бундай бўлмайди. Шариат билан яшайдиган бўлсак, бу сайлов бизга тўғри келмайди”, дейишаяпти. Бундан мақсад сиёсий вазиятга аралашишдир, бу мамлакатда беқарорлик ўрнатишга ҳаракат қилиш факторларининг бири, - деди Узақов.

Маълум бўлишича, Ўшдаги масжид имомлари ҳам одамларнинг диний оқимларга қўшилиб кетмаслигининг олдини олиш учун одамлар орасида тушунтириш ишларини олиб бориаяпти.

- Биз масжидларда тушунтириш ишларини олиб борамиз. Биз радикал диний оқимларга ёшлар ва бошқа фуқароларнинг қўшилиб кетишига қарши тушунтириш ишларини олиб бориб, тўғри ислом ва тоза динимизни етказишга ҳаракат қиламиз, - деди Ўш вилояти қозиси Ниёзали Орипов.

Мутахассисларга кўра, Қирғизистонда Ҳизбут-Таҳрир каби экстремистик ташкилотлар янги стратегия асосида ишлашга ўтган. Ташкилот вакиллари асосан Ўш вилоятининг Қорасув туманида ўз сафларига аёллар ва ёшларни жалб қилишга ҳаракат қилмоқда.

- Мен 5 вақт намоз ўқийман. Масжидга кирсам намоздан кейин одамлар йиғилиб гаплашишаяпти. Нима бўлаяпти экан деб борсам менга “Ҳизбут-Таҳрирга аъзо бўлмайсанми?” деб таклиф қилишди. Бироқ ташкилот Қирғизистонда ноқонуний бўлгани учун мен аъзо бўлмадим. Аниқ айтолмайман, лекин кўп одамлар ўшаларга қўшилаётгани сезиляпти, - деди қорасувлик Одилбек

“Фарғона водийсида тинч тараққиёт” жамоатчилик ташкилоти директори Расул Авазбек ўғли фикрича, одамларда ҳукматга ишонч озайгани сабабли аёллар ва ёшлар экстремистик оқимларга қўшилиб кетмоқда.

- Ёшларнинг диний оқимларга қўшилиб кетишининг бир неча омили бор. Биринчиси, бу ижтимоий-иқтисодий фактор. Сабаби ҳукуматга ишон озроқ. 20 йил ичида ёшларга қандайдир бир идеология беролмаяпмиз. Демак, улар ўзлари кўпроқ ишонган ва билган нарсасини топишаяпти. Иккинчидан, Ҳизбут-Таҳрир ва бошқа радикал ташкилотлар охирги вақтларда стратегиясини бироз ўзгартиришди. Улар ўз сафларига кўпроқ ёшлар ва аёлларни жалб қилишга уринишаяпти. Негаки, аёлларнинг оилада таъсири кўпроқ бўлади ва улар орқали таъсир кўрсатиш имкони кўпроқ бўлади,- деди Расул Авазбек ўғли.

Маълумотларга кўра, йил бошидан бери Қирғизистонда тақиқланган Ҳизбут-Таҳрир ташкилотининг 10 дан ортиқ вакили Ўш вилоятида қўлга олинган.
XS
SM
MD
LG