Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:51

Ўшда шаҳар куни нишонланди


Озодлик билан суҳбатлашган ўшлик ўзбеклар эса одамларда байрам кайфияти сезилмаётганини, улар кундалик ташвишлар билан банд эканини айтмоқдалар.

Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматовга кўра, байрам тадбирларида ўшликлар фаол иштирок этмоқда.

Ўш мэрининг айтишича, байрам олдидан барча хавфсизлик чоралари кўрилган.

Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Рашидхон Хўжаев эса бугун марказ алоҳида байрам тадбирларини уюштирмаганини, бироқ ўшлик ўзбеклар шаҳар ҳокимияти томонидан уюштирилган тадбирларда қатнашаётганини айтди:

- Уч кундан бери бизда байрам бўлаяпти, 3-4-5-числоларда. Кўп янги кўчаларнинг очилиши бўлди, янги қурилган уйларнинг очилиши бўлди, болалар майдончаларининг очилиши бўлди. Шунақа яхши тадбирлар бўлаяпти. Бизнинг халқимиз, мактаблар, маҳаллалар бирга қўшилиб ўйнаб юришибди. Ҳамма яхши кайфиятда. Лекин биз бу йилча тадбир уюштирмадик. Ҳозир миллат алоҳида бўлишини хоҳламадик. Шаҳар ҳокимияти тадбирларига бирга аралашиб юрибмиз, - деди Рашидхон Хўжаев.

Ўшдаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўзбек академик драма театри раҳбари Бахтиёр Тўхтаматовга кўра, театр жамоаси Ўш шаҳри марказий майдонида ўтказилаётган байрам тадбирларида иштирок этмоқда:

- Массовий сценаларда бор. Кейин консертний программаларда бор, - деди Бахтиёр Тўхтаматов.

Бироқ биз билан суҳбатлашган ўшлик оддий ўзбеклар одамларда байрам кайфияти йўқ, деб ҳисоблашади. Ўшлик Ҳайрилло ака кўра:

- Телевизорларда ҳам “Ўш шаҳар байрами” деб кенг айтилмади. Энди ҳозир жабр тортган одамларнинг ўй-фикри фақат уй қуришда. Қурилиш суст кетаяпти. Айниқса, усталарнинг хизмат ҳақи қимматлаб кетди. Ўтган йили 1 дона ғиштни 1 сом 80 тийин – 2 сўмдан (тақрибан 4,5 цент – таҳр.) урган бўлса, бу йил 3 сўмдан (тақрибан 7 цент – таҳр.) каммас 1 дона ғишт уриши. Ўтган йили Қизил хоч ташкилоти оҳак, қум, цемент билан сложний раствор қилдириб, ғишт урдирган эди. Бу йил эса учга бир бўлаяпти. 3 қоп қумга бир қоп цемент, 1 арава сариқ тупроқ қўштириб, раствор қилиб, ғишт урдиряпти, - дейди ўтган йилги воқеалар чоғида уйи ёниб кетган ўшлик Хайрулло ака.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган ўшлик аёллардан бири эса бугун Ўшда байрам бўлишидан бехабар эканини айтади:

- Байрамни ҳеч ким ўйламаяпти ҳам. Ҳозир кўчада ҳамма ўзини иши билан юрибди, байрам кайфияти йўқ. Кимдир ўқишга, кимдир ишга, яна кимдир ўзининг бошқа ишлари билан юрибди. Бугун байрамлиги ҳам эсимизда йўқ, - деди ўшлик аёл.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилло Раҳматуллаевнинг айтишича, 2010 йил июн воқеаларидан кейин ўшлик ўзбеклар орасида байрам тадбирларида қатнашишга қизиқиш сусайган.

- Бугун Ўшда ёмғир ёғди, ҳаво айниб турибди. Кўчада одам оз. Ўзбекларда байрамона кайфият қаёқда дейсиз - ҳамма ўз тирикчилиги билан овора. Ўтган йилги воқеалардан кейин ўзбеклар оммавий байрамлар ёки бошқа тадбирларга қатнашмай қўйган, бу факт, - деди ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаев.
XS
SM
MD
LG