Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:34

13 ёшли Баҳодир пахтадан қайтаётиб автоҳалокатга учради


13 ёшли Баҳодир Пардаев 24 сентябрдан буён кома ҳолатида ётибди.
13 ёшли Баҳодир Пардаев 24 сентябрдан буён кома ҳолатида ётибди.

Чироқчилик 7-синф ўқувчиси Баҳодир Пардаев пахта теримидан қайтаётиб автоҳалокатга учраб, 13 кундан буён ҳушсиз ётибди.


Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 24-мактабнинг 7-синф ўқувчиси, 13 ёшли Баҳодир Пардаев 24 сентябр куни пахта теримидан қайтаётиб, автоҳалокатга учради.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Баҳодирнинг отаси Адҳам Пардаевга кўра, ўғли 13 кундан буён ҳушсиз ётибди.

- Пахтага ўқитувчилари олиб чиққан. Ноқонуний олиб чиққан. Директор, селсоветнинг раислари келиб айтиб, пахтага олиб чиққан. Мактаб директорига келиб, приказ қилиб олиб чиққан. Шахсий машинасида олиб чиқиб, буларни пахта тердириб, обедда қўйиб юборган. Катта централний йўлда болалар кетаëтганда орқасидан машина келиб урган. Матиз машинаси. Фақат бизнинг ўғил Баҳодирни уриб кетган машина. Кейин булар болницага олиб борган. 24 сентябрда бўлган бу воқеа. Шундан бери бола ўзини билмайди. Мияда қон қотган деб айтишаяпти. Баҳодирнинг соғлиғи ёмон. Болницага ëтгандан бери шу аҳвол. Ўзгариш йўқ. Комада ëтибди,- деди Адҳам Пардаев.

24 мактаб директори Гўзал Мустафоева Озодлик билан суҳбатда Баҳодирнинг айнан пахтадан қайтаётган пайти автоҳалокатга учраганини тасдиқлади.

Лекин мактаб директори Баҳодир бахтсиз тасодиф қурбони бўлган, деб ҳисоблайди. Унга кўра, ўша куни мактаб ўқувчилари ҳашар учун фақат бир кунга пахтага олиб чиқилган.

- Бу бахтсиз тасодиф. Бундай бўлишини ҳеч ким хоҳлагани йўқ. Масалан, мен ҳам хоҳлаганим йўқ. Бизларда йиғилишларда “ëрдам беринглар, ўқитувчи, ўқувчилар ҳашарчи сифатида ëрдам беринглар” дегани учун бизлар ҳашар сифатида олиб чиққан эдик. Бир кун ҳашарга деб олиб чиққан эдик биз. Шанба, якшанба куни теримчиларга ëрдамчи сифатида олиб чиққан эдик. Ҳеч ким мажбурлагани йўқ пахтага чиқинглар деб. Об-ҳаво ўзгариб кетаëтганлиги сабабли қор-ëмғирга қолмасин, йиғиштириб олайлик деб ëрдам беришга чиққан эдик. Пахта ҳаммамизнинг бойлигимизку,- деди мактаб директори Гўзал Мустафоева.

Бу воқеани ўрганаётган қаршилик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева эса, 13 ёшли Баҳодир давлатнинг пахта сиёсати қурбони бўлган деб ҳисоблайди.

- Мени ҳозир Пардаевнинг ота-онаси билан биргаликда болницага бордим. Баҳодир ётган 9-палатасига кирдим. Болани кўрдим. Бола жуда ҳам аҳволи оғир, комада ëтибди. Нима учун бизларнинг болалар пахта учун қурбон бўлиб, ногирон бўлиб қолиши керак? Нима учун болалар пахтага чиқарилади? Ҳозир бу боланинг комадан чиқиши, 100 фоиз аввалги ҳолатига келиши номаълум. Бундайлар сони минглаб бўлиши мумкин. Болаларни умуман пахтага чиқармаслик керак. Мана ҳозир суриштирув олиб бораяпман. 5-синфдан юқори, бир хил туманларда 7-синфдан юқорилар чиқаяпти. Бунақа кетишда кўза кунда эмас кунида синиши мумкин. Нима учун одамларнинг соғлом боласи пахта учун ногирон бўлиши керак. Ҳукуматнинг ўзи ҳам бир ўйлаб кўриши керак,- дейди Гулшан Қораева.
XS
SM
MD
LG