Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

Ўзбекистон 600 минг тонна пахта толаси сотмоқчи


Жаҳонда ўзбек пахтаси бойкот қилинаётганига қарамай Ўзбекистон бу йил 600 минг тоннадан зиёд пахта толаси сотишни режалаштирмоқда.


Пахта ярмаркаси очилди


Тошкентдаги "Ўзэкспомарказ"да икки кун давом этадиган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида пахта саноати, текстил корхоналари ва хорижий савдо агентликлари иштирок этиб, Ўзбекистондан бевосита пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олиш имкониятига эга бўлиши айтилмоқда.

Ярмаркада Россия, Хитой, Бангладеш ва бошқа мамлакатлар вакиллари иштирок этмоқда. Ярмарка ташкилотчиларига кўра, тадбирда жами 38 давлатдан 330 ширкатнинг 660 вакили иштирок этаяпти.

Ўзбекистон ҳар йили 3,5 миллион тонна атрофида пахта етиштиради, 1 миллион тоннадан зиёд тола ишлаб чиқаради. Ўтган йили 600 минг тоннадан зиёд пахта толаси ташқарига сотилиб, 400 минг тоннага яқини ички эҳтиёжлар учун ишлатилган эди.

ЎзА агентлиги маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистон 500 миллион АҚШ доллари миқдорида пахта экспорт қилган.

Жаҳон бозорида пахта нархи ошгани туфайли Ўзбекистон четга кўпроқ тола сотиш ҳаракатида.

“Ўзинтеримпекс” компаниясининг ярмаркада иштирок этаётган ходимига кўра, Ўзбекистон бу йил ҳам 600 минг тоннадан ошиқ пахта толасини хорижга сотишни кўзламоқда.


"Ўзбек пахтасининг бозори чаққон"


"Пахта ва тўқимачилик: бозорнинг янги истиқболлари" номи остида ўтаётган ярмаркада пахта экспорти билан шуғулланадиган Ўзбекистоннинг учта йирик ширкати - "Ўзмарказимпекс", "Ўзинтеримпекс" ва "Ўзпроммашимпекс" компаниялари ўзбек пахтасини хориж ширкатларига сотиш ҳуқуқига эга.

"Ўзмарказимпекс" компанияси маркетинг бўлимининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ширкат вакиллари эрталабдан олди-сотти ишларини бошлаб юборган.

- Ярмаркага пахта толасининг 800 дан зиёд намуналари қўйилган. Хорижлик харидорлар ўзига маъқул келган пахта толаси бўйича ярмарканинг ўзида шартнома имзолаши мумкин. Шу жойнинг ўзида маҳсулотни ташиш масалалари ҳам ҳал қилинади,- дейди "Ўзмарказимпекс" ходими.

Ўзбек пахтасининг асосий харидорлари Россия, Хитой, Бангладеш, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликларига қарашли ширкатлардир.

Ўзбекистон пахта экспорти ҳажмининг 40 фоизи Россияга тўғри келади.

Россиядаги йирик тўқимачилик ширкатларидан бири “Роско” тўқимачилик компанияси ҳам ўзбек пахтаси харидорларидан бири.
1995 йилда ташкил қилинган “Роско”компанияси 16 йиллик фаолияти давомида, асосан, ўзбек пахта толасидан фойдаланади.

Ўзини Михаил деб таништирган “Роско” ходими ўзбек пахта толаси сифатли бўлгани боис уни сотиб олишни афзал биламиз, дейди.

- Биз ўзбек пахтасини харид қиламиз. Ўзбек пахтасининг нархи арзон эмас, лекин бизга сифати маъқул. Бизни ўзбек пахтасининг сифати қониқтиради. Гоҳида корхона ишлаб чиқараётган маҳсулот 100 фоиз ўзбек пахтасидан тайёрланади. Гоҳида маҳсулотга маълум фоиз ўзбек пахтаси аралаштирилади. Биз ўзбек пахтасини харид қилишда давом этамиз,- дейди “Роско” ходими.

ЎзА маълумотига кўра, Бангладеш импорт қиладиган пахтанинг 80 фоизи Ўзбекистондан сотиб олинади. Ўтган йили Бангладеш 2,5 минг тонна ўзбек пахтасини харид қилган. Бу йил эса 5 минг тонна пахта толаси харид қилиш бўйича шартнома имзоланиши режалаштирилган.

Эроннинг “D.T.P.” компанияси эса 10 минг тонна пахта толаси сотиб олиш бўйича шартнома тузиш ҳаракатида.

Ўзбекистон пахта экспорти бўйича жаҳонда учинчи йирик мамлакат ҳисобланади. Пахта ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон дунё бўйича бешинчи ўринни эгаллайди.


Ўзбек пахтасига бойкот


7- Халқаро пахта ярмаркаси ғарбдаги ширкатлар ўзбек пахтасини бойкот қилаётган пайтга тўғри келди.

18 сентябр куни Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланаётгани боис жаҳоннинг 60 дан ортиқ етакчи кийим-кечак ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилди.

H&M, Burberry, Levi, Adidas, Puma ва жаҳоннинг кўплаб бошқа етакчи кийим-кечак ширкатларининг қўшма баёнотида айтилишича, “икки миллионга яқин ўзбек болалари, уларнинг кўпчилиги етти яшардир, ўз ҳукумати томонидан мактабни ташлаб далага чиқишга мажбурланади. Ўн соатлик иш куни давомида белгиланган 50 килограмм пахтани термаган болалар жисмоний жазога тортилади.”

H&M ширкати жамоатчилик алоқалари бўлими бошлиғи Ҳенрик Лампа The Daily Telegraph газетасига берган изоҳида “биз қайси мамлкат бўлишидан қатъий назар болалар меҳнатига қарши позицияни тутамиз”, дея таъкидлади.

9 сентябр куни Нью Йоркдаги нуфузли мода ҳафталиги ташкилотчилари президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ва дизайнер Гулнора Каримованинг мазкур тадбир доирасида режалаштирилган либослар томошасини бекор қилди. Бунга фаолларнинг Ўзбекистондаги болалар меҳнати ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига қарши Нью Йоркда ўтказган намойишлари сабаб бўлди.

Бироқ халқаро бойкот Тошкентдаги пахта ярмаркасини ўтказишга тўсқинлик қила олмади.

“Ўзинтеримпекс” компаниясининг ярмаркада иштирок этаётган, бироқ ўзини таништирмаган ходими халқаро бойкотлар ўзбек пахтаси сотилишига ҳалақит бераётгани йўқ, дея таъкидлади. Унга кўра, Ўзбекистон пахтасига, асасон, Осиё мамлакатлари харидор бўлиб, Европа давлатларининг бойкотларининг пахта олди-соттисига салбий таъсир қилганича йўқ, ҳар йилги харидорлар бу йил ҳам ярмаркага келишган.

- Ҳаридорлар жуда кўп. Хитой, Бангладеш, Туркия, Корея ва Россия сингари жуда кўплаб давлталардан харидорлар келишган. Бугуннинг ўзида анчагина шартномалар имзоладик,- деди “Ўзинтеримпекс” ходими.

Россиядаги "Роско" ходими Михаил ўзбек пахтаси ғарбда бойкот қилинаётгани ва умуман Ўзбекистонда пахта етиштиршда болалар меҳнатидан фойдаланлаётганидан бехабарлигини айтди.

"Ўзбек пахтасини теришда болалар қулдек ишлатилмоқда"


Ўзбекистонда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари бўйича мониторинг ўтказаётган “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси” раҳбари Елена Урлаева халқаро бойкотларга қарамай пахта ярмаркасига келган хорижликлар фақат ўз манфаатларини ўйлайди деган фикрда.

- Пахта теримида кимнинг меҳнатидан фойдаланилганининг ишбилармонлар учун қизиғи йўқ. Уларни, асосан, пахта сифати ва унинг нархигина қизиқтиради. Шунинг учун ҳам ўзбек пахтаси сотилишда давом этади. Мен болалар ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг сукут сақлаётганига хайрон қоламан. Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ ташкилоти умуман сукунатда. Улар пахта теримида болалар кучидан фойдаланишига қарши бирор чиқиш қилганича йўқ. Ўзбекистондаги Омбудсмен ва шу каби ташкилотлар болалар меҳнати бўйича бирор муносабат билдирмаяпти. Хорижлик ишбилармонлар эса ўз манфаатлари йўлида бола меҳнатига ҳам кўз юмадилар,- дейди Елена Урлаева.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси” ўтказган мониторинг натижаларига кўра, жорий йилда Тошкент вилояти, Қорақалпоғистонда ҳатто 1-синф ўқувчилари ҳам пахта теримига чиқарилгани кузатилди.
XS
SM
MD
LG