Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:51

Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш қийинлашди


Жорий йилдан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ҳам кескин оширилди.
Жорий йилдан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ҳам кескин оширилди.

10 октябрдан Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун топшириладиган тест синовларига ўзгартишлар киритилди.


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Oлий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Давлат тест марказининг 30 сентябрдаги қўшма қарорига кўра, Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун топшириладиган тест синовларига ўзгартишлар киритилди.

10 октябрдан кучга кирган ушбу қарорга кўра, автоуловлар ва электр билан юрадиган шаҳар транспортларининг ҳайдовчиларини тайёрлаш ва малакаларини ошириш пайти улардан олинадиган тест синовлари эндиликда янгича кўринишда бўлади.

Тошкентдаги “Ватанпарвар” ҳайдовчилик мактабларидан бирининг ўзини таништирмаган бўлим мудирига кўра, янги ўзгартишлар тест синовларининг мазмунига таалуқли эмас.

- Мазмунига ўзгартириш киритмаяпти. Ўзгартириш киритилаяпти ўша тестдаги қўйиладиган саволларнинг жойлашуви, уларнинг жавобларининг сони, шуларга ўзгартириш киритаяпти. Лекин тестнинг мазмунида ўзгариш бўлиши учун йўл ҳаракати қоидаларига янгилик киритилган бўлиши керак. Ана шундагина ўзгартирилади. А так маъно жиҳатдан қолаверади шундоқ. Уни переустановка қилиш мумкин. Худди картага ўхшатиб уни у ëққа, буни бу ëққа ўзгартириб қўйилиши мумкин. Маъносига ҳали жиддий ўзгартириш киритилмади, дейди Озодлик билан суҳбатда ҳайдовчилик мактаби мудири.

Янги қарорга кўра, тест синовларининг ўзгартирилган кўринишида ҳар бир мавзудан 3- 5 та савол бўлади. Саволларга бериладиган жавоблар уч хилда бўлиб, улар мазмун жиҳатдан бир- бирига жуда яқин бўлиши керак. Талабаларларнинг билим савияси 5 баллик тизимда баҳоланади. Талаба камида 55 фоиз балл тўплаши керак бўлади. Бу миқдордан кам балл олган талаба тест синовларидан ўта олмайди.

15 июлдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун қўшимча маъмурий жазолар кучга кирди.

Сирдарё вилоятидаги “Ватанпарвар” ташкилотининг ўзини ошкор қилмаган ходимига кўра, янги тест синовларига киритилган ўзгартишларда, асосан, ушбу маъмурий жазолар ҳақидаги маълумотлар акс этган.

- Йўл ҳаракати бўйича саволлар у ерда. Саволлар ўша-ўша. Бутун дунë бўйича белгилар, ҳаракатлар ўзгаргани йўқ. Шулар ўзгарганда саволлар ҳам ўзгаради. Бизларда ёздаги штрафлар ўзгарган.Бошқа жиддий ўзгариш йўқ, деди Сирдарёдаги "Ватанпарвар" ташкилоти ходими.

Тошкентдаги “Ватанпарвар” ташкилоти ходимига кўра, янги маъмурий жазолар учун жарималар миқдорини ҳайдовчилар ёдлаб олиши шарт ҳисобланмайди.

- Штраф қўйиладиган бўлса тест синовларида аниқ бир суммада киритилмайди. Ҳаммаси минимал ойлик миқдоридан фалонча процент деб киритилади. Унинг ҳаммасини ҳайдовчи билиб, ëдлаб қолиши шарт эмас. Чунки бу керак маҳалда ишлатиладиган, керакмас маҳалда бошни қотириб юрадиган ишмас, деди "Ватанпарвар" ходими.

Янги ўзгартишларга кўра, агар тест синовларидан ўта олмаган талаба ўз балларига норозилик билдирса, у шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Махсус комиссия талабанинг шикоятини 10 куни ичида ўрганиб чиқиб жавоб бериши керак.

Комиссия хулосасидан қониқмаган талаба ҳуқуқ-тартибот идораларига, жумладан, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Тошкентдаги “Ватанпарвар” ҳайдовчилик мактабларидан бирининг ўзини таништирмаган бўлим мудири бу каби ўзгартишлар билан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш жараёнидаги коррупция ҳолатларига барҳам бериш қийин деб ҳисоблайди.

- Ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олиш масаласи, энди бунинг қаердан келиб чиқаётганини билиш керакда. Бу иш ҳеч кимга сир эмас. Лекин бунинг давлат миқëсида сир тутилишини тушунмайман. Энди очиқ-ойдин ким айтади бу нарсани билиб туриб? Ҳеч ким. Ҳамма билмаганга олиб юргандан кейин. Обшественний жойларда, мажлисларда бирорта одам кўтараëтгани йўқ буни. Келиб чиқиш сабабларини ҳамма тушуниб турибди. Бунга йўл бериб қўйилаяптию. Кимлардир қизиққан одамлар йўл бермаëтгандир балки. Бунга панжа орасидан қараб келинаяпти.

Ўқитувчилар шунақа жонини фидо қилиб ўқитаман деяпти. Ўзлари ўқимаса бизлар мажбур қилиб, бўйнидан бўғиб “Сен йўлда эртага авария бўласан” деб ўқиттирганимизнинг фойдаси йўқ. Катта-катта тушунган одамлар келади “боламнинг ишини тўғирлаб берворинглар” деб. Эртага кўчага чиққанда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаса. Риоя қилиш учун билиш керак. Худонинг ўзи асрасин, ҳужжатини олдириб қўйса қайтариб олар, лекин бирорта кор-хол бўлиб қолса, ким жавоб беради? Мана бу тарафларини ўйлаш керакда. Аллақачон етиб келди бунинг вақти. Тизим бузилди. Энди буни ўрнига қайтариш учун анча меҳнат керак бўлади, деди Тошкентдаги "Ватанпарвар" мактабларидан бирининг бўлим мудири.
XS
SM
MD
LG