Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:50

Австралияда “Ўзбек миллий мактаби” очилди


Австралиядаги "Ўзбек миллий мактаби" ўқувчилари.
Австралиядаги "Ўзбек миллий мактаби" ўқувчилари.

Австралиянинг Аделаида шаҳрида ўзбек муҳожирлари “Ўзбек миллий мактаб”и ташкил қилишди.


Австралиянинг Жанубий Австралия штати пойтахти Аделаида шаҳрида 2005 йилги Андижон қирғинидан сўнг паноҳ топган ўнлаб андижонлик оила истиқомат қилади.

Хорижда яшаб ўз она тилини унитаётган болалари келажагидан хавотирга тушган ўзбек ота-оналари “Ўзбек миллий мактаби”ни ташкил қилишга қарор қилишган.

- Асосийси болаларимиз ўз тилини йўқотиб қўймаслигини ўйладик. Кейин мақсадимиз улар миллийликдан узоқлашмаслиги, Ўзбекистон ҳақида маълумотлар, она ватани тарихини билиш, адабиëт тўғрисида кўпроқ маълумотлар бериш болаларга,- дейди Аделаидада яшаётган андижонлик қочқин Равшанбек Ваҳобов Озодлик мухбирига.

Унинг айтишича, бугун мактаб расман давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолият юритмоқда.

Айни пайтда “Ўзбек миллий мактаби”да 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 25 нафар бола таҳсил олаяпти. Яқин келажакда ўқувчилар сони 50 нафарга етиши кутилмоқда.


("Ўзбек миллий мактаби" ўқувчиларининг концерт дастуридан. Ўқитувчиларга кўра, рақс ижрочиларининг барчаси хорижда туғилган ўзбек болаларидир)

Андижонда ўқитувчилик билан шуғулланган Раъно Ражапова “Ўзбек миллий мактиби”да бошланғич синф ўқувчиларига дарс бераяпти.

- 5 ëшдан 14 ëшгача бўлган болаларимизни уч гуруҳга бўлганмиз. Мана шу уч гуруҳда ўзимизнинг режа асосида амалга ошираяпмиз таҳсилни. Китобларимизнинг кўпларига ота-оналаримиз ëрдам беришди.
Қолаверса дўстларимиз ëрдам берган ҳолатда Ўзбекистондан ўқув қуролларини олиб келдик. Асосан бошланғич синфларники, ҳаттоки 5-7-синфларгача ўқув қуроллари яъни китоблар, адабиëт, она тили китоблари олиб келинди. Болаларимиз ўз она-тилларида билим олишмоқда. Ўзбекистоннинг бойликлари ҳақида, ер қазилмалари, умуман Ўзбекистонда кетаëтган катта ютуқлар, ҳаммасидан хабардор қилиб туришга ҳаракат қилаяпмиз,- деди Раъно Ражапова.

Равшанбек Ваҳобовнинг бир ўғли ҳам “Ўзбек миллий мактаби”да ўқияпти.
"Ўзбек миллий мактаби" ўқувчилари устозлари билан.
"Ўзбек миллий мактаби" ўқувчилари устозлари билан.
Ўз фарзандининг она тилини унитмаслигида мактабнинг кўмаги катта бўлаётганини айтади Равшанбек Ваҳобов.

- Шунчалик фойдаси катта экан мактабнинг. Даже биз бу ишни бошлаëтган маҳалимизда қанчалик фойдали эканлигини чуқур тушуниб етмаган эдик. Бу ерда биздан олдин келган оилалар бор. Шуларнинг оилалари, болалари ўзбек тилини 95 фоиз йўқотиб қўйган. Бизда биринчи навбатда шунинг олдини олиш мақсади бўлди. Болаларни ўзбек миллий тилини йўқотмаслиги муҳим. Бундан ташқари ўзимизнинг одобнома дарслари ўқитилаяпти. Яна ўзбекчилик, миллий урф-одатлар. Унинг фойда томони қаерда десангиз, мен айтай: албатта бир кун келиб ватанга қайтиб борамиз. Болаларимизни етаклаб борганда ўзимиз ҳам уялиб қолмаслик. Борсак ўғлимиз инглизча гаплашиб турса. Ўзбекча гапира олмаса. Кимга қанақа билмайману, лекин биз учун жуда оғир бу нарса,- дейди Равшанбек Ваҳобов.
XS
SM
MD
LG