Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2025, Тошкент вақти: 14:21

Қирғизистон радикаллар маконига айланадими?


Қирғиз таҳлилчилари радикал гуруҳлар "галстукли мусулмонлар"га салбий таъсир кўрсатишидан ташвишда.

Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида содир этилган портлашдан сўнг экстремистик гуруҳларга қарши кураш кучайиши ортидан радикал гуруҳ вакиллари Қирғизистон ҳудудига бошпана топиш мақсадида кириб келиши мумкин. Қирғизистонлик диншунослар ва сиёсатчилар мана шундай билдирувларни қилишмоқда.

Тараздаги портлашдан сўнг.
Тараздаги портлашдан сўнг.
Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида 12 ноябр куни содир этилган портлашда 7 киши ҳалок бўлган эди. Қозоғистон расмийлари “жиҳодчи” деб атаётган шахс аввалига бир неча милиция ходимини ўлдириб, шундан сўнг ўзини портлатиб юборган. Бу каби худкушлик ҳаракати май ва октябр ойларида Қозоғистоннинг Оқтепа ва Атирау шаҳарларида ҳам қайд этилган эди.

“Галстукли мусулмонлар” ёки радикаллар таъсири

Қирғизистондаги таниқли диншунос Қодир Маликов мамлакатда 5-10 йил оралиғида исломий асосга эга бўлган сиёсий мухолифат пайдо бўлишини башорат қилади. Унинг фикрича, бу янги сиёсий элита радикал бўлмаган, дунёвий таълим олган “галстукли мусулмонлар” сафидан етишиб чиқади ҳамда эркин сиёсий рақобат шароитида мамлакатнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Диншунос Қодир Маликов.
Диншунос Қодир Маликов.
Айни пайтда диншунос Қозоғистонда сўнгги пайтларда содир этилган портлашлар, жумладан, Тараз шаҳридаги воқеадан кейин расмий Остона экстремистик ҳаракатларга нисбатан курашни кучайтириши ва бунинг оқибатида таъқибдан қочган радикал гуруҳлар вакиллари Қирғизистон ҳудудида жамланиб қолишидан ташвиш билдиради.

- Қирғизистонда радикал кучларнинг яширин фаолият олиб бориши учун имконят мавжуд. Бу радикал кучлар Қирғизистондаги мўътадил исломий жамоаларга салбий таъсир кўрсатади ва уларнинг радикаллашувига сабаб бўлади деган ташвиш бор,- деди Қодир Маликов.

Халқаро экспертлар фикрича, Қирғизистон Марказий Осиёда дин эркинлиги бўйича либерал қонунчиликка эга бўлган давлатдир. Маҳаллий таҳлилчилар дин соҳасидаги либерал қонунчилик турли диний оқимларнинг нисбатан эркин фаолият олиб боришига имконият яратиб бераётганини, бундан эса радикал кучлар устамонлик билан фойдаланаётганини билдирадилар.

Репрессия эмас, адолатли жамият керак

Қирғизистон президенти маъмуриятининг таҳлил бўлими бошлиғи Ўрўзбек Молдалиев мамлакатда дин тўғрисидаги либерал қонунчилик сақлаб қолингани ҳолда, радикал гуруҳлар таъсирига қарши кескин курашиш пайти етиб келганини айтди. Унинг фикрича, мазкур кураш қонун устуворлик қилган жамиятни қуриш ҳаракатидан бошланиши лозим.

Президент маъмурияти расмийси Ўрўзбек Молдалиев
Президент маъмурияти расмийси Ўрўзбек Молдалиев
- Бугунги кунда пулдорлар жамиятда устунлик қилмоқда, фақирларнинг ҳуқуқлари паймол қилинмоқда. Бу эса жамиятда норозилик кайфиятининг кучайишига сабаб бўлаяпти. Радикал кучлар бундан фойдаланган ҳолда “Демократик жамиятда ҳеч қачон адолат бўлмайди, бунинг учун Халифатга асосланган исломий жамият қуриш лозим” деган ғояни олға сурмоқда. Норози қатлам уларнинг ортидан эрчиб кетмоқда. Шу сабабли ҳам ҳукумат жамиятда пулдорлар эмас, қонун устивор бўлишини таъминлаши зарур -деди Ўрўзбек Молдалиев.

Диншунос олим Қодир Маликов фикрича, Қирғизистон дин сиёсати борасида қўшни давлатлар каби репрессив ҳаракатларни қўлламаслиги лозим.

- Қирғизистон қўшни давлатлар сингари репрессив чораларни қўлламай, бетараф позицияда бўлгани яхши. Ҳукумат қўшни давлатлар ва Яқин Шарқдаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда етти ўлчаб бир кесмоғи шарт. Бугунги кунда Қирғизистон дин сиёсати бўйича узоқ муддатли ҳаракат дастурини ишлаб чиқмоғи керак. Бу дастурда миллий манфаат ва исломнинг мамлакатдаги ўрни эътиборга олиниши лозим, -деди Қодир Маликов.
XS
SM
MD
LG