Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:22

Янгийўлда ақиқага йиғилган 16 киши ваҳҳобий, деб қамалди


29 ёшли Шаҳло Холматова турмуш ўртоғи ва бошқа судланувчилар тазйиқ остида ўз айбларига қирор қилдирилганига шубҳа қилмайди.
29 ёшли Шаҳло Холматова турмуш ўртоғи ва бошқа судланувчилар тазйиқ остида ўз айбларига қирор қилдирилганига шубҳа қилмайди.

6 йилдан 12 йиллик қамоқ жазоси берилган маҳкумлар ақиқага йиғилиб, экстремистик мавзуда суҳбатлашганликда айбланди.


17 ноябр куни Тошкент вилоятининг Янгибозор шаҳрида Жиноий ишлар бўйича Юқори Чирчиқ туман судида ўтган маҳкамада яна 16 киши устидан ҳукм ўқилди.

Суд ҳукмига биноан 24 ёшдан 35 ёшгача бўлган янгийўллик йигитларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-2, 159-, 223-моддаларига биноан тақиқланган диний ташкилотлар тузиш, уларга аъзолик қилиш ва конституцион тузумга тажовуз қилиш, шунингдек, Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш каби айбловлар қўйилган.

6 йилга озодликдан маҳрум қилинган янгийўллик 32 ёшли Исмоил Холматовнинг рафиқаси Шаҳло Холматова бу айбловларнинг ҳаммасини сохта, турмуш ўртоғини эса айбсиз, деб ҳисоблашини айтади.

- Турмуш ўртоғимнинг биттагина айби бўлди. Айтайми сизга, бу нима айб: у битта ўртоғининг ақиқасига бориб қўйган. Айбловда ҳам, бошқа қоғозларда ҳам шу гап. Булар ақиқага йиғилиб, шунақа экстремистик, террористик гапларни гаплашишган эмиш. Турмуш ўртоғимам, бошқалари ҳам ақиқада бунақа гап бўлмаган, дейишди,- дейди Шаҳло Холматова.

Унга кўра, судда судланувчилар "айбига иқрор" бўлганлар. Лекин бу аёл иқрорлик кўрсатмалари тазйиқ остида берилганига шубҳа қилмасдигини айтмоқда.

- Аввалги судда менинг хўжайнимам, бошқалари ҳам "Бунақа гаплар бўлмаган, унақа экстремистик гаплар бўлмаган", деб айтишган эди. Адвокатлар ҳам роса берилиб, уларни ҳимоя қилди. Биз яхши бўлди, уларни ҳимоя қилиб олиб чиқиб кетамиз энди, деган ишонч билан кетган эдик,- дейди Шаҳло Холматова.

Аммо унга кўра, 17 ноябр кунги маҳкамада аввалги маҳкамада бўлган вазиятга мутлақо тескари вазият кузатилган.

- Бугун келсак, 16 тасининг ҳаммаси ерга қараб ўтирибди. Охирги гап берилганда менинг хўжайним ҳам "Ҳамма айбларга иқрорман, кечирим сўрайман", деди. Биттаси ҳам одамларга тик қарамади. Шу билан суд ҳаммасини қамаворди. Худди театр томоша қилгандай бўлдик,- дейди Шаҳло Холматова.

Унинг айтишича, аслида тилга олинган ақиқа маросими 2008 йилда бўлиб ўтган. Ақиқани ўтказган хонадон соҳиби ўтган йили 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва у иқрорлик кўрсатмасида ҳамма айбни ўз зиммасига олган.

- Ўша бола судда: "Бунақа гапларни фақат мен гапирдим ва бу болалар менинг гапимни маъқулламади. Қайтангга менга қарши чиқиб, мени тўғри йўлга солмоқчи бўлди", деган. Аммо, буни биров эсламади ва у бола билан юзлаштиришни сўрадик, юзлаштиришмади,- дейди Шаҳло Холматова.

Шу тариқа, охирги мажлисда судланувчиларнинг оқланишига умид қилиб келган яқинлари ва адвокатларнинг кутилмаган мазмундаги суд ҳукмига эътироз қилишига имкон ҳам берилмагани айтилмоқда.

Қамалганларнинг яқинлари суд ҳукмидан норози бўлиб маҳкама биноси ташқарисида катта жанжал кўтарган.

Суд мажлисини кузатган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов суд биноси теграсини қўриқлаб турган куч ишлатар тузилмалари ходимлари сони фавқулодда кўп бўлганига эътибор қаратди.

- Суднинг атрофида жуда мелиса кўп эди. Томларга ҳам чиқиб ўтиришибди. 16 кишининг орқасидан келганларнинг сони ҳам 30 дан ортиқ одам. Суднинг бунақа асоссиз ҳукмидан кейин ташқарида жанжал бошланиб кетди. Аёллар бақир-чақир қилиб, йиғи-сиғи билан мелисаларни қарғаб, роса тўпалон қилишди,- дейди Суръат Икромов.

У билан бирга маҳкамани кузатиш учун борган бошқа ҳуқуқ фаоллари ҳам судга қўйилмаган.

Аммо, судланувчиларнинг яқинлари тақдим қилган ҳужжатлар, улардан олинган кўрсатмалар, айблов хулосаси ва суд ҳукмини ўрганиб чиққан Суръат Икромов ҳукмни мутлақо асоссиз, деб баҳолади.

- Мутлақо асоссиз. Бу шундоқ кўриниб турибди. Ҳар доимгидай на адвокат, на бошқага қулоқ солинган. Агар тасодифан хабар топмаганимизда, бу ёпиқ суддан ҳам бехабар қолган бўлардик,- дейди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG