Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:39

Чортоқда чегарачилар 23 ёшли фуқарони отиб ўлдирди


Жорий йилнинг 8 ноябр куни ўзбек-қирғиз чегарасида наманганлик Фозилжон Маҳмудов чегарачилар томонидан отиб ўлдирилди.


Воқеа жорий йилнинг 7 ноябридан 8 ноябрига ўтар кечаси Наманганнинг Чортоқ туманидаги ўзбек-қирғиз чегарасида содир бўлган.

Фозилжон Маҳмудов ўлими ҳақида Озодликка марҳумнинг воқеадан хабардор ҳамқишлоғи маълум қилди.

Хавфсизлиги нуқтаи назаридан Ҳазратшоҳ қишлоғида яшовчи бу фуқронинг исми шарифини ошкор қилмаяпмиз.

- Маҳмудов Фозил бир ҳафта бўлди оламдан ўтди. Шу болани отиб ташлади. Учта ўқ отган. Болани парчалаб ташлаган. Бечорани парча-парча қилиб ташлаган. Ўзимизнинг ўзбек аскарлари отиб ташлаган. Ўзимизнинг аскарлар. Уни отиб, ярадор қилгач, машинадан судраб тушириб дўппослаганлар. Ўзи болани бўлари бўлиб ётибди. Лекин ҳалигилар уни яна урган,- дейди ҳазратшоҳлик суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Фозилжон Маҳмудов контрабанда йўли билан Қирғизистондан товар олиб келиш билан шуғулланиб келган.

Бу воқеа ҳам Фозилжон қўшни мамлакатдан навбатдаги юкни олиб келаётган пайти содир бўлган.

Биз Фозилжон Маҳмудовнинг оиласи билан ҳам боғландик.

Ф. Маҳмудовнинг акаси Қобилжоннинг айтишича, улар бахтсиз ходисадан чегарачилар укасини шифохонага олиб келгач хабардор бўлишган.

- Ҳарбийлар, чегарачилар олиб борган тез ёрдамга. Воқеа қаерда бўлганидан аниқ хабаримиз йўқ. Биз уни шифохонага бориб кўрдик. Ўқ еган экан. Уч жойидан. Шифохонага борганимизда у тирик эди. Лекин гаплаша олмадик. Беҳуш эди. Шу ётгани бўйича ўзига келмасдан оламдан ўтди,- деди Қобилжон.

Унинг айтишича, Фозилжоннинг ўлими бўйича суриштириш учун шу пайтгача бирор бир ҳуқуқ тартибот идорасидан ҳеч ким келмаган.

Биз Ф. Маҳмудовнинг ўлими юзасидан Чортоқ туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилдик.

Милиция бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Фозилжон Маҳмудовнинг ўзбек-қирғиз чегарасида чегарачилар томонидан отиб, ўлдирилганини тасдиқлади.

Унга кўра, Фозилжон Маҳмудов ўлими бўйича Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси жиноий иш очиб, воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишларини олиб бораяпти.
XS
SM
MD
LG