Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:51

ИИВ маҳкумаларнинг зўрланганини рад этмоқда


Ўзбекистон ИИВ қамоқхонада қўқонлик аёл Муҳайё Одилова зўрлангани расман тан олингани ҳақидаги маълумотларга раддия эълон қилди.


Раддия


"Ўзбекистон ЖК нинг 164 моддасига биноан босқинчиликда айбланган қўқонлик Муҳайё Одилова 2006 йилда қамоқхонада бўлган пайтида зўрланмаган ва бу ҳолатнинг бўлганини Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбарияти тан олгани ҳақидаги ахборотлар бўҳтондир", дейилади раддияномада. CA-News нашрида эълон қилинган раддияни Ўзбекистон ИИВга тегишли Интернет сайтда топишнинг имкни бўлмади.

Хабарда келтирилган иқтибосга кўра, бу ҳақдаги маълумотлар “бошдан-оёқ мамлакат куч ишлатар тузилмалари ходимларининг обрўсини тўкишни мақсад қилган мақола муаллифларининг жирканч бўҳтон ва уйдирмасидир”.

1971 йилда Қўқон шаҳрида туғилган, мутахассислиги педиатор-психолог бўлган, Покистон фуқароси Ижаз Али Шах Алимардоннинг рафиқаси эканини айтаётган Муҳайё Одилова 2006 йилда босқинлик айби билан 3 йилу 11 ойга озодликдан маҳрум қилинган, 2008 йилнинг май ойида муддатидан аввал қамоқдан озод қилинган эди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Абдукарим Шодиев бу аёлнинг қамоқда зўрланганини Олий мажлисдаги йиғинда эътироф этганига оид хабар чиққан эди.

ИИВ раддиясидан дея CA-News нашри бераётган хабарларга кўра, қамоқхонада ўтказилган тиббий текширувлар чоғида Одилованинг зўрлангани, ҳомиладор бўлгани ва унинг ҳомиладорлигини тўхтатиш мақсадида ички ишлар вазири ўринбосари томонидан 200 минг сўм ажратилганига оид даъволар ўз тасдиғини топмаган.

М. Одиловага жинсий тажовуз қилгани айтилаётган подполковник Рўзматов Шукур Қодирович эса воқеа рўй бергани айтилаётган 2006 йилда ички ишлар органларида ишламаганий айтилган.

ИИВдан Олий Мажлисдаги йиғин ва А. Шодиевнинг бу ҳодисани эътироф этганига эълон қилинган раддия юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Шунингдек, вазирликнинг расмий сайтида ҳам бу хабар кўзга ташланмади.

Одатан, бундай хабарлар тарқатилган кезларда республика ИИВдан маълумот олиш имконсиз бўлгани ва бундай хабарларни кўпроқ турли манбалар орқали жамоатчиликка сиздириш амалиёти кузатилгани боис яна бир бор бу мавзуга қайтишга қарор қилдик.

Зеро, Муҳайё Одилованинг ўзи кейинги вақтларда унга нисбатан Қўқон шаҳри ва Фарғона вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан яна тазйиқнинг кучайиб бораётганини айтмоқда.

Одиловлар иши


Муҳайё Одилованинг Озодликка айтишича, қамоқхонада унинг зўрлангани куни кеча расман тан олинганига оид хабар ҳам унга номаълум манбалар орқали етказилган.

- Менга яширилган номердан кимдир телефон қилиб: “Шунақа сенинг ишингни тан олишди. Катта ўзгаришлар бўляпти. Газетани топиб ўқигин”, деди. Кимлигини айтмади. Кейин ўша “Даракчи”, деган газетани топиб ўқисам, унда Олий Мажлисда шу масала кўрилди, қамоқдаги аёлларга яхши муомала қилинади, деган гапларни ёзишган экан,- дейди Муҳайё Одилова.

Маълум бўлишича "Даракчи" газетасида эълон қилинган бу мақолада Ўзбекистон ҳукумати жазони ижро этиш соҳасида тадбиқ этаётган ислоҳотлар, хусусан, маҳбуса аёлларга нисбатан муносабатни яхшилаш ҳақида гап кетган. Лекин М. Одилова иши ҳақида у ерда алоҳида фикр билдирилмаган.

Ўзининг ноҳақ қамалгани, қамоқхонада зўрланганига оид фактларнинг вазирлик томонидан рад этилганини Одилова катта норозилик билан қарши олди.

- Мен қамоқхонада қандай қийноқларга учраганимни ўша Қўқондагиларнинг ҳаммаси билади. Мени зўрлаган одам Рўзиматов Шукур ҳозир қамоқда. Лекин бошқа сабаблар билан. Менинг ҳолатимни ҳамма бекитишга ҳаракат қилаяпти. Аслида мен зўрланганман, болам тушиб қолган. Ҳозир мен бир умрга туғмас бўлиб қолганман, дўхтирлардан ҳамма қозоғларим бор,- дейди Муҳайё Одилова.

Муҳайё Одилованинг сўзларига кўра, уни дастлаб Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида 27 кун сақлашган ва у ерда у қаттиқ қийноққа тутилган.

- Бу мелисалар устимдан сийишгача боришган, ишонасизми?! Кейин Қўқонни турмасига олиб боришди ва ўша ерда мени Рўзиматов Шукур кириб зўрлаган. Менинг ҳомиламни туширишган ва даволаш учун 200 минг сўм ажратишган, қоғозлари бор менда, - дейди Муҳайё Одилова.

Унинг қамоқда ҳомиладор бўлиб, боласини йўқотганидан сўнг жуда оғир хаста бўлганини эшитиб қолган онаси Раҳбар Одилова Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ва жазони ижро этиш муассасаларига такрор ва такрор арз билан мурожаат қилганини айтмоқда.

Унинг сўзларига кўра, бунинг оқибатида арзларни инобатга олмаган куч ишлатар тузилмалари раҳбарлари, охир-оқибатда, оиланинг бошқа аъзоларини ҳам қамоққа ҳукм қилган.

- Мен 63 ёшга кирган хотин ҳам қамоқда 2 йилу 10 ой ўтирдим. 2007 йил 16 ноябрда битта қоғозга қўл қўйиб берасизлар, деб катта қизим икковимизни обориб, ҳамма ёғимизни кўкартириб уриб, хўрлаб: “Нотўғри ариза қилгансизлар”, деб 165, 238 яна алламбало моддалар билан ўзимни, катта қизимни, ўғлимни ҳам қамашди. Қамоқдан чиққунимизча, мол-мулкларимиз, уйларимизни тортиб олишди,- дейди Раҳбархон Оидлова.

Одилованинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлган ва Одиловлар оиласи Қўқонда яхши танилган, бадавлат, фарзандлари эса олий маълумотли оила бўлган.

Хориж фуқаросига турмушга чиққан кичик қизи Муҳайё Одилованинг ноҳақ қамалиши-ю, қамоқда қийноқларга тутилиши ортидан ҳақиқат излагани боис бутун оила таъқибга олингани, бор мол-мулкидан ажралганини айтади бу аёл.

- Бечора қизим бир умрга бефарзанд бўлиб қолди. Катта қизимнинг ҳам оиласи бузилиб кетди. Хўжайним бу ҳақсизликларга чидолмай, мен қамоқдалигимда кўчада юриб бораётган жойида йиқилиб тушиб, ўлиб қолганмиш. 63 ёшга кирган мен қари аёл нима учун 2 йилдан ошиқ қамалдим? Ҳалигача ҳеч нарсани тушунмаяпман. Қани энди президентни қабулига кира олсам эдию, бу ҳақсизликларнинг ҳаммасини очиқ ошкор айтсам эди,- дейди Раҳбар Одилова.

Одиловалар оиласи ҳозирга қадар таъқибда эканини айтмоқда.

Муҳайё Одилованинг аҳволини ўрганган ва бу аёлнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга уринаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаева очиқ-ойдин кўриниб турган ҳақсизликларни ИИВ рад этиши турган гап эди, деб ҳисобламоқда.

- ИИВ бундан бошқача жавоб ҳам беролмайди. Тан олса, у ҳолда улар ҳам вазирлик ҳам ГУИНда ишлаётган қатор амалдорларни терговга тортиши керак. Бу жуда катта жиноят экани кўринади. Шунинг учун, улар ёлғон баёнотлар билан жиноятни ёпишга уринмоқда,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Бироз муқаддам бу жиноятнинг Ўзбекистон ИИВнинг ЖИЭББ раҳбари томонидан ошкора тан олинганига оид маълумотнинг рад этилгани ҳақида сўзлаган ҳуқуқ фаоли, афсуски, буни исботловчи ҳужжат йўқлигини айтди.

- Бизнинг ўз манбамиз бор ва у Шодиев бу жиноятни Олий Мажлисда тан олгани, хусусан, Муҳайё Одилова масаласида масжлисга жавоб берганини етказган эди. Бундан ташқари, шу хабар бошқа манбалар орқали Муҳайё Одиловага ҳам етказилган. Шунинг учун биз бу хабарни оммага эълон қилган эди.

Афсуски, буни исботлаш ва умуман, бу ҳолат бўйича суриштирув ўтказиш имкони бизга берилмайди. Шу боис ҳам шу қадар оғир қийноқларга тутилгани, ҳамма фактлари бўлгани ҳолида Муҳайё Одиловага нисбатан адолатни тиклаш ўта оғир иш бўлиб қолмоқда,- дейди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаева.

Муҳайё Одилова Покистон фуқароси бўлган турмуш ўртоғи ва Покистон элчихонасидан ҳимоя излаб, бир неча бор Покистоннинг Тошкентдаги элчихонасига ҳам мурожаат қилганини айтмоқда.

- Эрим 6 ойдан кейин виза қилдириб, Покистонга олиб кетаман, деган эди. Мен эса 5 ой ўтмай қамалдим, шу бўйи у билан боғлана олганим йўқ. Менимча, у мени сўраган бўлса, бу ёқдан босқинчилик билан қамалди, деган гап борган бўлса, у ҳам ҳайрон қолгандир. Ёки мени умуман, ўлган деворишдими, ҳайронман. Элчихона эса аниқ жавоб бермаяпти, - дейди Муҳайё.

Озодлик Покистон элчихонасига мурожаат қилди. Аммо, элчихона ходими бу масала бўйича жавоб Одилованинг ўзига тақдим қилинишини айтди.
XS
SM
MD
LG