Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2025, Тошкент вақти: 03:05

Россия матбуоти ўзбек муҳожирини педофилга чиқарди


Санкт-Петербургда икки ўсмир қизга гап отган ўзбекистонлик муҳожир жамоатчилик васвасаси нишонига айланди.


Россия оммавий ахборот воситалари Санкт-Петербургда икки нафар вояга етмаган қизга жинсий тажовуз қилганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди.

Бу маълумотнинг ёйилишида “хизмат” кўрсатган Фонтанка.ру интернет нашрига кўра, 26 ноябр куни шаҳарнинг Приморск тумани Ички ишлар бўлимига 46-сонли болалар уйи тарбиячиси мурожаат қилиб, муассаса болаларидан бирига кўринишидан осиёлик бўлган номаълум шахс жинсий тажовуз қилгани юзасидан арз қилган.

Шаҳарнинг Савушкина кўчаси 53-уй ёнидаги ҳодиса ортидан “полиция патрули тарқатилган кўрсатма бўйича болаларга тегажоғлик қилганликда айбланаётган¸ ҳеч қаерда ишламайдиган 34 яшар Ўзбекистон фуқароси Шавкат Матёқубовни ҳибсга олди”, деб ёзди Петербург нашри.

Шу куниёқ бу маълумот бошқа оммавий ахборот воситаларида янги тафсилотлар билан бойишни бошлади.

“Петербург полицияси етим болага тегажоғлик қилган ўзбекни ҳибсга олди”, “Приморск туманида педофил ёш болани бузиб қўйди”, “Етимхона болаларига нисбатан жинсий тажовузда айбланаётган ўзбекистонлик қўлга олинди”, “Баччабоз етим болани зўрлашга уринди”... Шу куни айрим газета ва Интернет сайтларида ҳодисага оид мақолалар шундай сарлавҳалар остида чиқди.

Қандай қилиб ярим кунда ҳатто жиноий иш қўзғатилмасдан ўзбек муҳожири баччабозга чиқарилди? Нима сабабдан тергов-суриштирув кетаëтган бир пайтда¸ бу каби маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилди?

Ажабланарлиси, Шавкат Матёқубов ҳимоясига биринчи бўлиб Санкт-Петербургдаги Болалар ҳуқуқлари бўйича ваколатхона ходимлари отланди.

Санкт-Петербург Болалар омбудсмани оммавий ахборот воситаларида воқеа тасвири мутлақо ёлғон ва ўйдирмаларга асослангани ҳақида ҳатто махсус баёнот тарқатди, дейди Озодлик билан суҳбатда Болалар ҳуқуқлари бўйича шаҳар ваколатхонаси расмийси Ирина Холодная.

- Қизчаларга шу туманда педофил ҳужум қилгани ҳақида хабарни олгач, биз шу заҳотиёқ мактаб-интернат раҳбарияти билан боғландик. Айтишим керакки, бундай ҳодисалар бизнинг махсус назоратимизда туради, уларни ўрганишга ҳаракат қиламиз. Вазиятни ўрганиб чиқиб, ҳодиса оммавий ахборот воситаларида тасвирланаётганидан кескин фарқ қилаётганини аниқладик. Мактаб директори ва тарбиячилари бизга мутлақо бошқа ҳикоя сўзлаб беришди. Кейин биз бу йигит ноҳақ бадном қилингани ҳақида баёнот тарқатдик, дейди Петербург Болалар омбудсмани мутахассиси Ирина Холодная.

Холоднаянинг сўзларига кўра, тажовузга учраган қизлар 46-сонли болалар уйи таркибидаги мактаб-интернат тарбияланувчиларидир. Бироқ Приморск туман полиция бўлимига қизларга жинсий тажовуз бўлгани ҳақидаги ариза билан болалар уйи ходимларидан бири мурожаат қилган.

Озодлик воқеа тафсилотларини билиш мақсадида бевосита Болалар уйи раҳбарияти билан боғланди.

Инглиз тилини чуқур ўргатишга ихтисослашган 46-сонли махсус мактаб-интернат директорининг маънавий-тарбиявий ишлар бўйича муовини Людмила Василева айрим журналистларнинг қуруқ туҳмат ва уйдирма гапларни тарқатаётганидан ҳайратда эканини гапиради.

- Бирор қўрқинчли ҳодиса бўлган ҳам эмас ўзи. Бу ёлғонни ҳатто Интернетга чиқариб юборишибди. Қўлга олинган одамнинг айбдорлиги-айбдор эмаслиги тўғрисида хабарим йўқ, лекин бизнинг қизларимизга бирор нарса бўлмаган. У балким бошқа жиноят содир этгандир? дея шубҳаланиб қолди директорнинг тарбиявий ишлари бўйича муовини.

Людмила Василевага кўра, 26 ноябр куни кечки соат 8:30 ларда интернатнинг икки нафар қизи Савушкина кўчасидаги озиқ-овқат дўконида бироз ширакайф номаълум кимса билан учрашиб қолган. Бу киши қизларга нимадир деб мурожаат қилган, улар эса жавоб қайтарган. Шунда бу киши уларнинг орқасидан магазиндан чиқиб, қизларга гап отган.

Шунда қизлар навбатда турган полициячиларга мурожаат қилиб бу йигит устидан арз қилган.

“Сўнгги пайтларда манякларнинг одамларга тажовузлари ҳақида кўп гапиришяпти. Шу сабабли қизлар қўрқиб кетган ва ёрдам сўраб мурожаат қилган”, дейилади Петербург Болалар омбудсмани тарқатган баёнотда.

Полиция патрул-пост хизмати ходимлари бироз ўтмасдан тарқатилган йўриқномага кўра 34 ёшли Ўзбекистон фуқароси Шавкат Матёқубовни қўлга олган.

Санкт-Петербург Бош Тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитонов Приморск тумани Тергов бўлими мазкур ҳодиса тафсилотларини ўрганаëтганини билдирди.

- У ерда ҳатто жиноий иш қўзғатилмаган, чунки ҳеч қандай жинсий тажовуз ҳаракатлари кузатилмаган. Жиноий иш қўзғатишга арзигулик бирор ҳодиса бўлмаган. Бундай ўйдирмалар қаердан тарқатилаётганини билмадим. Ўзбекистонлик бу йигит ҳатто ҳибсга олинмаган, дейди Петербург Тергов қўмитаси вакили Сергей Капитонов. Унга кўра¸ Шавкат Матёқубов ҳозирда Петербургда бемалол¸ яширинмасдан юрибди.

Тергов қўмитаси расмийси ариза бўйича текширув олиб борилаётгани ва айбсизлик презумпциясига кўра, қонунан исботланмагунича ҳеч бир шахс “педофил” ёки “жиноятчи” деб тамғаланиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

Сўнгги пайтларда Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида болаларга қарши қилинган жинсий тажовуз муносабати билан жамоатчиликда васваса ҳолатлари кузатилмоқда.

Шаҳардаги Фрунзе туманида ўқувчиларга нисбатан зўрлаш уринишлари қайд этилгани боис¸ туман Ёшлар кенгаши ташаббуси билан махсус дружиначилар гуруҳлари тузилиб, туман кўчаларида навбатчилик қилмоқда.

Петербургнинг Купчино туманида ҳам болаларга бўлган тажовузлар юзасидан иккита жиноий иш қўзғатилди. Полиция “кўринишидан осиёлик бўлган” шахсни қидиришни давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG