Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:25

Ўзбекистон Сенати Амнистия тўғрисида қарор қабул қилди


Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисобича, Ўзбекистон қамоқхоналарида қонунга зид равишда ҳар йилги амнистиядан мосуво қилинаётган минглаб сиёсий маҳбус бор.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисобича, Ўзбекистон қамоқхоналарида қонунга зид равишда ҳар йилги амнистиядан мосуво қилинаётган минглаб сиёсий маҳбус бор.

Президент Мустақиллик байрамида лозим топмаган амнистия Конституция кунига эълон қилинди.


Ўзбекистон Сенати 8 декабр — Конституция куни муносабати билан амнистия эълон қилиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади.

Олий Мажлис Сенатининг қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитасидан олинган маълумотга кўра, 5 декабр куни Ўзбекистон Конституциясининг 19 йиллиги муносабати билан қабул қилинган.

Ўтган йили Ўзбекистонда амнистия 2010 йилнинг 28 августида мустақиллик байрами муносабати билан эълон қилинган эди.

Ўзбекистонда ҳар йили эълон қилиб бориладиган амнистия, асосан аёллар, вояга етмаганлар, 60 ёшдан ошган кексалар ва хориж фуқароларига нисбатан қўлланилади.

Ўзбекистон мустақиллигига 20 йил тўлгани боис бу йилги амнистия халқ тилида "Олтин амнистия" деб номланган ва у мустақиллик байрамига кутилган эди.

Шунингдек, бу йилги амнистияга кўп йиллардан буён президент авфидан мосуво қолаётган сиёсий маҳбусларнинг киритилишига ҳам умид билдирилаётган эди. Аммо амнистия мустақиллик байрами муносабати билан эълон қилинмади.

Бу ҳақда Озодликка исмини айтмаслик шарти билан маълумот берган юқори лавозимли давлат мулозими президент Ислом Каримов амнистия тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламент ялпи мажлисига тақдим этмаганини айтган эди.

Унга кўра, Ўзбекистонда амнистия эълон қилиш ëлғиз президент ваколатидаги иш ва бу йилги Мустақиллик байрами арафасида президент амнистия эълон қилишга зарурат йўқ, деган қарорга келган.

Эндиликда Конституция куни муносабати билан эълон қилинган бу йилги амнистияга сиёсий маҳбуслар ҳам киритилганми ёки йўқми, ҳали номаълум.

Бироқ Озодликнинг ўз манбаларидан олган маълумотларига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида узоқ йиллардан буён қолаётган ва жазо муддати ичкаридан туриб, такрор ва такрор узайтириб келинаётган айрим сиёсий маҳбусларнинг яқинлари уларнинг озод бўлиши ҳақидаги ёзма билдиришномани қўлига олган.

Сиёсий маҳбусларнинг яқинлари илтимосига биноан ҳозирча уларнинг шахсини ошкор қилмаяпмиз.

Амнистияни кутаётган маҳбуслар орасида сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган собиқ давлат амалдорлари, сиёсий арбоблар, журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, жумладан, Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжонов, Хайрулла Ҳамидов, Рустам Усмонов, Руҳиддин Фахруддинов, Солижон Абдураҳмонов, Қобилжон Тўлашев, Мўътабар Ғофурова, Меҳринисо Ҳамдамова, Аваз Тўхтахўжаев, Ғанихон Маматхонов, Ғайбулло Жалилов, Аъзам Турғунов, Эркин Мусаев, Норбой Холжигитов, Алишер Кароматов, Дилмурод Саидовлар каби маҳбуслар бор.

Озодлик мухбири номи тилга олинган сиёсий маҳбуслардан айримларининг оила-аъзолари билан боғланди.

Жумладан, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган журналист Хайрулла Ҳамидовнинг яқинлари амнистия ҳақидаги хабарни хурсандчилик билан қабул қилишгани, аммо Хайрулланинг озод этилиши мумкинлиги ҳақида ҳеч гап йўқлигини айтишди.

Оиладан олинган маълумотга кўра, улар сўнгги бор 20 кунча муқаддам учрашишганида Хайрулланинг аҳволи ва кайфияти яхши эди.

Бундан 5 йил муқаддам товламачилик айби билан озодликдан маҳрум қилинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзамжон Фармоновнинг рафиқаси Озода Ёқубова ҳам ҳар йили амнистия ҳақидаги хабарни умид билан қарши олишини айтди.

- Яқинда хўжайним билан кўришиб келдим. Оғир қийноқларга солишибди яна. Ҳар йили амнистия олдидан битта айбни қўйиб, чиқмайдиган қилиб қўйишгани учун иккиланиб турибмиз. Лекин, ҳар йилги амнистияга умид қиламиз, албатта, - дейди Озода Ёқубова Озодлик билан суҳбатда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоб-китобича, Ўзбекистон қамоқхоналарида 10 мингдан зиёд диний-сиёсий мотивлар билан қамалган маҳбус сақланмоқда.

Бу борадаги бошқа тафсилотлар билан кун давомида таништириб боришга ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG