Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:34

Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма беришга зўрланган талаба ўзини ўлдирди


Ўз жонига қасд қилган Гулсумой Абдужалилова. (суратда ўнг томонда)
Ўз жонига қасд қилган Гулсумой Абдужалилова. (суратда ўнг томонда)

Гулсумой Абдужалилова тўрт кунлик сўроқдан сўнг ўз жонига қасд қилди.


Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алъянси тарқатган маълумотга кўра, кейинги тўрт кун давомида Андижон милицияси томонидан сўроққа тутилган Гулсумой Абдужалилова 4 декабр куни ўз жонига қасд қилган.

Ташкилот раҳбари Елена Урлаеванинг Озодликка айтишича, Гулсумой Абдужалиловадан ўзбек мухолифатчиларига қарши кўрсатма бериш талаб қилинган.

- Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасида Гулсумойни Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма ёзишга мажбурлашган¸ сўроқ пайти қийнашган, дўппослашган. Уни тўрт кун давомида тўхтовсиз қийнашган. Гулсумой ўлимидан олдин хат ёзиб кетган. Хатда “Мени бир қанча мухолифатчиларни ўлдиришга мажбурлашмоқчи бўлишди. Кимнидир ўлдиргандан кўра ўзим ўлганим маъқул” деган. Тўрт кунлик сўроқдан кейин уйига қайтиб, кўп миқдорда дори ичган ва шунинг натижасида ўлган, дейди Елена Урлаева.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа шаҳрида яшаган 32 ёшли Гулсумой Абдужалилова Германиядаги университетлардан бирида, иккинчи курсда ўқиëтган бўлган.

Гулсумойнинг танишларидан бири, ўз исми-шарифини ошкор қилмаган ҳолда Озодлик билан боғланиб, Абдужалилованинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлади.

“Андижонда яқин бир қариндоши оламдан ўтгач Гулсумой опа вақтинча таътил олиб уйига кетган эди. Биз у билан Skype орқали боғланиб турдик. Уни милиция бўлимига сўроққа чақиришди. Кейин унинг жуда кўп миқдорда дори ичиб ўлгани ҳақида хабар келди” дейди Гулсумойнинг танишларидан бири.

Би-би-си радиоси Гулсумойнинг яқин дугонасига таянган ҳолда, "Гулсумой Абдужалиловадан Ўзбекистон мухолифати раҳбарларидан бири Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд уюштириш талаб қилишган” деб хабар тарқатди.

Айни пайтда Гулсумой Абдужалилованинг нима сабабдан сўроққа тутилгани ва нима учун ундан айнан мухолифатчиларга қарши кўрсатма бериш талаб қилингани номаълум қолмоқда.

Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасидан бу борада маълумот олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати ўз сайтида Гулсумой Абдужалилованинг ЎХҲга алоқаси йўқлигини айтсада, унинг ўлими юзасидан марҳуманинг яқинларига таъзия изҳор қилди.
XS
SM
MD
LG