Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:45

Ҳуқуқ фаоли беш сутка "ўтириб" чиқди


Фахриддин Тиллаев.
Фахриддин Тиллаев.

Бойсунлик инсон ҳуқуқлари фаоли ва “Эрк” партияси аъзоси Фахриддин Тиллаев ўз ҳаққини талаб қилиб пикетга чиққани учун беш сутка ҳибсда сақланди.


Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида истиқомат қиладиган инсон ҳуқуқлари фаоли Фахриддин Тиллаев 6 декабр куни туман прокуратурасини пикет қилганини айтади:

- Мен 2011 йилнинг 6 декабр куни Сурхондарë вилояти, Бойсун тумани прокуратураси биносининг олдига пикетга чиқдим. Пикетда асосан Бойсун туман ҳокими Панжи Тангриевнинг истеъфосини ва унга жиноий иш очишларини талаб қилдим. Прокурор билан учрашишим керак эди. Прокурор чиқишни хоҳламади. Шундан сўнг орадан ярим соат ўтгандан кейин туман ички ишлар ходимлари келиб Шотўраев деган вақтинчалик вазифа бажарувчи масъул шахс келиб қўлимдаги плакатни йиртиб ташлади ва икки қўлимни орқага қайириб, машинага тиқиб ички ишлар бўлимига олиб кетди,- дейди Фахриддин Тиллаев.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Бойсун тумани ички ишлар бўлимида унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган. 6 декабр куни кечқурун фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди Фахриддин Тиллаевни Ўзбекистон республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси”нинг 194-моддаси 1-қисми билан, яъни милиция ходимига бўйсунмаслик, ва шу кодекснинг 201-моддасининг биринчи қисми билан ҳам айбдор деб топган. Бу модда ҳақида инсон ҳуқуқлари фаоли шундай дейди:

- Гўёки, мен жамоат жойига плакат кўтариб чиқиб, фуқароларни ўзимга оғдирмоқчи бўлган эмишман. Суд 201-модданинг биринчи қисми бўйича менга беш суткалик қамоқ жазоси тайинлади.Биринчи айблов бўйича суд энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жаримага ҳам тортди. Мен ана шу беш кун давомида қамоқда ўтириб, очлик эълон қилдим. Туман прокурорини чақиртирдим. Прокурор Шуҳрат Мавлонов келишдан бош тортди. Шундан кейин зах хоналарда ëтиб, совуқда, очликда туриб, соғлиғимдан айрилдим. Ҳозир аҳволим жуда оғир,- дейди инсон ҳуқуқи фаоли.

Фахриддин Тиллаевнинг айтишича, у туман ҳокимининг аҳоли арзига қулоқ тутмаётганлиги ҳақида туман прокуратурасига бир неча бор мурожаат қилган, бироқ прокурор бу аризаларни инобатга олмаган:

- Прокурордан талабим Бойсун туман ҳокимига қилган аризаларимга жавоб бермаганлиги. Уч йил давомида мана шу 6 сотих ерда 18та фуқаро яшаëтганлиги, бизни ер билан таъминлашлиги, уй-жой билан таъминлаш масаласини қўйган эдик. Уч йилдан буëн шу масала ечилмайди. Президент девонига, вилоят ҳокимлигига ëздим. Қанча нима қилдик, бирортаси инобатга чиқмадида. 9та аризамиз ҳам инобатга олинмади. Мана шундай аҳвол билан мен мажбур бўлдим пикетга чиқишга,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Фахриддин Тиллаевга кўра, Сурхондарё вилоятида ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиққан одамларнинг норозилиги қай шаклда бўлмасин, расмийлар томонидан кескин бостирилади.

Озодлик Бойсун туман ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилиб, Фахриддин Тиллаевга қўйилган айбларни шарҳлаб беришни сўради. Исмини ошкор этмаган ички ишлар бўлими мулозими Фахриддин Тиллаевнинг беш сутка қамалганини эътироф этар экан, унга нега бундай жазо берилганини изоҳламади:

- Фахриддин Тиллаев бизда беш кун вақтинча сақлаш хонасида ётган. Фақат шуни айта оламан. Агар сизни қизиқтирувчи бошқа саволлар бўлса началнигимиз номига хат билан чиқинг,- деди ички ишлар мулозими.
XS
SM
MD
LG