Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:38

Ўшда ёрдамга муҳтожлар ҳали ҳам кўп


Ўшлик Абдулла Тожибоев даволаниш учун имкон топмаяпти.
Ўшлик Абдулла Тожибоев даволаниш учун имкон топмаяпти.

2010 йилги Ўш қирғинида ярадор бўлган ўшлик ўзбеклар орасида бугунги кунда ҳам тиббий ёрдамга муҳтож одамлар бор.

50 ёшли Абдуллажон ака Ўшнинг Черемушки мавзесида истиқомат қилади. Унга кўра, 2010 йил июн воқеалари чоғида унинг уйи таланиб, мол-мулки ўғирлаб кетилган. Олган жароҳати сабабли яхши юролмайди:

- Бир оёғимдаги ўқларни олишган. Ўнг оёғимда, тиззада ўқнинг 4та бўлаклари қолган, шуни олдириш қийин бўлаяпти. Ўш вилоят, шаҳар, Қорасув туман касалхоналарига бориб учрадим. Булар “Тилхат ёзиб берсанг операция қиламиз, лекин юриб кетишингга кафолат беролмаймиз”, деяпти. Тиззада суюқлик бўлар экан-у, шу оқиб кетар экан. Кейин оёқ ишлаш-ишламаслигига улар кафолат беролмас экан. Лекин улар “Операция қилиб, ўқни олиб ташлайверамиз”, дейишаяпти, - дейди Абдуллажон ака.

Агар ҳомий топилса, Абдуллажон ака, Ўзбекистонга бориб операция қилдирмоқчилигини айтди:

- Имконият бўлса Ўзбекистонга бормоқчиман, ҳар ҳолда ўзбекмиз-ку. Ҳомий йўқ бўлаяпти. Кўпчилик, “Тошкентда айнан тизза бўғинини операция қила олувчи шифокорлар бор”, дейишаяпти. Лекин ўзим бориб суриштиргани имкониятим йўқ.

Озодлик: Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтди, бирон жойдан ёрдам олганмисиз?

- Воқеалардан кейин шифокорлар олган жароҳатим бўйича нафақага чиқишимни айтишди. Уч ой югуриб юриб биринчи ёрдам берган Тубдиспансердан Омбудсмен орқали ростдан ҳам у ердан биринчи тез ёрдам олганлигим тўғрисида справка олдим. У ерда менга биринчи ёрдам берган врачни хайдаб юборишган экан, “Ўша врачни олиб келсанг справка берамиз”, деб чўзишди. Одамлар “Омбудсменга борсанг ёрдам беради” дейишди. Шапиев Умар ака деган одам бор экан, ўшанга бордим. У ёрдам бериб справкани олиб берди. Ундан кейин суд тиббий экспертизасидан ўтдим. Хуллас, ҳамма керакли ҳужжатларни тайёрлаб ВТЭКка борсам, жароҳат бўйича мени пенсияга чиқаришмади.

Озодлик: Нима сабабдан?

- Сабабини менга кейин бошқа одамлар айтишди: “Славестный был приказ что узбекскую нацию па этому случию на пенсию не выпускать”, деб. Комиссия шифокорлари эса менга: “Сиз полиатрит экансиз. Ўшандан нафақага чиқсангиз бўлаверади”, деб полиатрит бўйича чиқаришди.

Озодлик: Ўқ еган ўзбекларни нафақага чиқармаслик тўғрисидаги гапни кимдан эшитдингиз? Таниш шифокорларданми?

- Шундай десам ҳам бўлаверади. Энди уларни овоза қилмайман-ку. Пенсия гувоҳномасини олдим, 1139 сўм билан полиатрит билан нафақага чиқдим, - деди Абдуллажон ака.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаевга кўра, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилар июн воқеаларида ярадор бўлган ва бугунги кунда ҳам ёрдамга мухтож қолаётган одамларни нафақага чиқариш бўйича тегишли идораларга мурожаат қилган, бироқ бу уринишлар самара бермаган:

- Биз бу масалани ўрганишга ҳаракат қилдик. Бироқ биронта ҳам масъул бизнинг саволларимизга жавоб беришни истамади. Биз билан алоқа қилишни хоҳлашмади. Бу ҳудди давлат сиридек, бу борада маълумот беришни хоҳлашмади.

Озодлик: Масалан, қаерларда беришмади? Маълумот бермаган ерларни айтинг.

- Масалан, биринчи поликниникада ВТЭК бор, шаҳарники, Қорасув туманида ВТЭК бор. Бунақа муаммолар бўйича бир неча маротаба бордик, мурожаат қилдик. Хатто ёзма шаклда берган сўровимизга ҳам жавоб беришмади,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Изатилло Раҳматуллаев июн воқеаларида ярадор бўлган ва бугунги кунда ҳам ёрдамга мухтож қолаётган одамларга кўмак кўрсатиш бўйича халқаро ташкилотларга ҳам мурожаат қилинганини айтади:

- “Чегарасиз врачлар” ташкилотига бордим. Бу ердаги вазиятни тушунтирганимда уларнинг масъули: “Биз фақат биринчи тиббий ёрдам кўрсатамиз, кейин маҳаллий шифокорларга ўтказиб берамиз”, деди. “Қолган тиббий ёрдамни маҳаллий касалхоналардан олиш керак”, деб жавоб берди.

Озодлик: Июн воқеаларида жабрланганлар қонун бўйича бепул даволаниш ҳуқуқига эгами?

- Албатта, бу ҳақда ўтган йили чиққан ҳукумат қарори бор. Июн воқеасида жабрланганларнинг ҳаммасига даволаниш, дори-дармон бепул бўлиши керак. Шунга қарамай. айрим тиббиёт ҳодимлари булар касалХонага борса миллатига, чўнтагига қараб муомила қилишади. Бугунги кунгача шу нарса давом этиб келаяпти,- деди Изатилла Раҳматуллаев.
XS
SM
MD
LG