Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Guli бренди муаллифи янги ҳунарини намойиш қилди


Guli бренди муаллифи Гулнора Каримова.
Guli бренди муаллифи Гулнора Каримова.

Тошкентдаги бир қатор нуфузли бутикларда Guli бренди ишлаб чиқа бошлаган янги косметик маҳсулотлар савдога қўйилди.


Тошкентдаги бир қатор нуфузли савдо дўконларида бир неча ойдан буён Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган Guli брендининг янги косметика маҳсулотлари савдоси бормоқда.

Юз, тери ва соч парваришига мўлжалланган пардоз-андоз маҳсулотларини сотаётган сотувчиларнинг сўзларига қараганда, Guli брендининг бу галги маҳсулотлари аввалги кийим-кечак ва заргарлик маҳсулотларидан сезиларли равишда арзондир.

Жумладан, Тошкентдаги Glamour, Europa exclusive, Parfum gallery каби ҳашаматли дўконларда савдо қилаётган сотувчилар Guli брендининг бу маҳсулотлари арзонлигига алоҳида урғу беришди.

- Бизда, масалан, Guli брендидан юз парвариши учун ниқоб бор. Унинг ёнида ниқобни тозалаш учун ўзининг суви ҳам бор. Нархи 43 минг сўм. Масалан, Diorдан ҳам ҳар хил юз ниқоблари бор, 6 та қутида. Ўртачароғининг нархи 348 минг сўм, - дейди Тошкентдаги қимматбаҳо маҳсулотлар савдоси билан шуғулланувчи ҳашаматли дўконлардан бирининг сотувчиси.

Унга кўра, ҳозирча Guli брендига қизиқиб кўраётганлар орасида бой-бадавлат ва ўртамиёна харидорлар ҳам бор.

- Бу бренд остида савдога қўйилган наборлар бор. Масалан, тери парваришига мўлжалланган каттагина набор ичида хушбўй ва таббий гиёҳлардан тайёрланган сув, мой, совун, целлюлитга қарши крем ва бошқа маҳсулотлар бор. Бунақа набор ҳозирча фақат шу брендда, - дейди Тошкент марказидаги савдо дўкони сотувчиси.

Тошкентдаги Europa exclusive савдо дўконида эса Guli брендининг пардоз-андоз маҳсулотларига қўшиб, кийим-кечак ва аксессуарлари ҳам сотувга қўйилган.

Бу дўкон сотувчиларининг сўзларига қараганда, харидорларнинг асосий қисмини шаҳарнинг зодагонлари ташкил қилади ва шу боис, улар орасида Guli брендининг янги пардоз-андоз маҳсулотларига қизиқиб қараганлар бўлаяпти-ю, аммо сотиб олаётганлар ҳали унчалик кўп эмас.

- Кимдир Estee Lauderни ишлатаётган бўлса, бундан Guliга ўтиш осон бўлмайди. Биласизку аёлларни. Шунинг учун биз ҳозир харидорларга янги маҳсулотни реклама қилиб турибмиз. Ҳозирча, атиргул ва райҳондан тайёрланган маҳсулотларга қизиқиш яхши бўляпти, - дейди сотувчи Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Маҳсулотларнинг ўзи эса Parfum gallery савдо дўкони қошида очилган кичиккина лабараторияда ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқараётганлар Guli бренди билан ҳамкорликда ишламоқда.

Бошқача айтилса, бу пардоз-андоз маҳсулотларининг ишлаб чиқарилишига Guli брендининг муаллифи - Ўзбекистон президенти тўнғич қизи Гулнора Каримованинг иштироки билвоситадир.


Guli бренди остида ишлаб чиқарилган бу узукни, сотувчи сўзларига кўра, ўзбекистонлик харидор ҳозирча фақат томоша қилмоқда, холос.
Guli бренди остида ишлаб чиқарилган бу узукни, сотувчи сўзларига кўра, ўзбекистонлик харидор ҳозирча фақат томоша қилмоқда, холос.
Аммо, Тошкентдаги ҳашаматли савдо дўконларидан суҳбатлашганимиз деярли барча сотувчилар Guli бренди маҳсулотларини яхшилаб реклама қилаётганини алоҳида урғуладилар.

"Гулнора Каримова бренди маҳсулотларини реклама қилиш ва сотиш сиз учун мажбуриятми?" деган саволимизга аксар сотувчилар "Йўқ, лекин бу маҳсулотларни ҳам сотиш керакда энди" мазмунида жавоб беришди.

Дарвоқе, янги пардо-андоз маҳсулотлари рекламаси билан Гулнора Каримованинг ўзи ҳам шуғулланмоқда.

Olam.uz нашри Гулнора Каримова Twitterда ўзига қарашли бўлган @GulnaraKarimova саҳифасида бу маҳсулотларни реклама қилгани ҳақида ёзди.

Нашрнинг ёзишича, Guli бренди муаллифи пардоз-андоз маҳсулотларининг табиий гиёҳлар, жумладан, Ҳиндистондан келтирилган табиий гиёҳлардан ҳозирланганини урғулаган.

Эндиликда пардоз-андоз маҳсулотларини ҳам чиқара бошлаган Guli бренди илк бор 2009 йилда Швейцариянинг Базел шаҳрида ўтган соат ва заргарлик буюмлари кўргазмасига қўйилганидан сўнг оғизга тушган эди.

Базел шаҳрида кўргазмага қўйилган бу узукни таққан таниқли опера ижрочиси Монсеррат Кабалье сурати Guli бренди расмий сайтига қўйилган.
Базел шаҳрида кўргазмага қўйилган бу узукни таққан таниқли опера ижрочиси Монсеррат Кабалье сурати Guli бренди расмий сайтига қўйилган.
Ўшанда Guli заргарлик буюмлари дунёнинг танқли Chopard ширкати учун махсус тайёрлангани айтилган эди.

Тошкентга сафар қилган "Chopard" заргарлик ширкати вице-президенти Каролин Груози-Шофел Гулнора Каримованинг бренди остидаги қимматбаҳо тошлар ва дуру жавоҳирлардан ишланган тилла тақинчоқлар келажакда "Chopard"нинг жаҳон бўйлаб ёйилган 150дан ортиқ дўконларида сотилиши ҳақида сўзлаган эди.

Жаҳондаги савдо дўконларида бу маҳсулот савдоси қандай бораётгани ҳозирча бизга қоронғу. Аммо ушбу бренднинг дунёдаги нуфузли кўргазмаларига қўйилган заргарлик маҳсулотларини сотаётган "Тошкент курантлари" дўконида савдо яхшимас.

Сотувчилар ўзбек аёллари ҳозирча бу маҳсулотларни сотиб олмаётгани сабабини нарх билан эмас, дид билан боғламоқда.
Сотувчилар ўзбек аёллари ҳозирча бу маҳсулотларни сотиб олмаётгани сабабини нарх билан эмас, дид билан боғламоқда.
Дўконнинг ўзини таништирмаган сотувчисига кўра, ҳозирча Guli брендининг заргарлик буюмларига қизиқиш бирровлик томошадан нарига ўтаётгани йўқ.

"Бизнинг харидорлар бунга тайёр эмас, менимча. Худди экспонатдай турибдида. Кириб томоша қилишаяпти холос, ҳозирча. Нархлари ҳақида эса сўраманг, бу тижорат сири", деб кулиб қўйди дўкон сотувчиси Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Маълумотларга қараганда, Guli брендининг янги пардоз-андоз маҳсулотлари ҳам худди аввалгилари каби Тошкентнинг энг муҳташам, қимматбаҳо савдо салонларига ихтиёрий-мажбурий тарзда тарқатилган.

Дўконларда ушбу бренд остида тайёрланган кийим-кечак, аксессуарлар, заргарлик буюмлари билан бирга энди пардоз-андоз маҳсулотлари ҳам сотувга қўйилган.
XS
SM
MD
LG