Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:33

Ғаллаоролда мактаб директори ўзини осиб ўлдирди


Жиззахнинг Ғаллаорол туманидаги 25-мактаб директори Ҳамдам Пардаев туман прокуратурасига сўроққа чақиртирилганидан сўнг¸ душанба куни ўз жонига қасд қилди.


Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги 25 мактаб директори, 50 ёшли Ҳамдам Пардаев якшанбадан душанбaга ўтар кечаси ўз уйида ўзини осиб қўйган. Бу ҳақда исми ошкор этилмаслиги шарти билан Озодликка хабар қилган ғаллаороллик манбага кўра, Ҳамдам Пардаевнинг бу мактабга директор этиб тайинланганига атиги беш ой бўлган:

- Шу йилнинг сентябр ойида Ғаллаоролдаги 13 та мактаб директори бирдан ишдан олинган эди. Бу ҳақда Озодлик ҳам эшиттириш берган эди. Ўшанда Ҳамдам Пардаев туман марказида жойлашган 25-мактабга директор этиб тайинланган эди. У бундан аввал туман Халқ таълими бўлими бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган,- дейди манба.

Ҳамдам Пардаев билан бир маҳаллада яшаган бу манбага кўра, мактаб директорининг ўз жонига қасд қилишига мактабдаги молиявий муаммолар юзасидан бошланган тафтиш сабаб бўлган бўлиши мумкин:

- Мен суҳбатлашган Ҳамдам оиласининг яқинларига кўра, у шанба куни туман прокуратурасига чақиртирилган, у ердан анча кеч келган. Кайфияти яхши бўлмаган, душанба эрталаб эса уни уйида ўзини осган ҳолда топишган. Суриштиришимча, пахта терими пайтида унинг жуда катта пулни ўзлаштириб юборгани текширилаëтган эмиш¸ дейди бу манба.

Ғаллаорол туман прокуратураси терговчиси Шодиёр Шойзоқов Озодлик билан суҳбатда, Ҳамдам Пардаевнинг ўзини осганлиги факти юзасидан жиноят иши очилганини айтар экан, айни пайтда суриштирув-тергов ишлари бораётганлигини ва бу ҳақда ҳозирча бошқа маълумот бермаслигини билдирди.

Туман Халқ таълими бўлими бошлиғи Ғофур Норқулов Озодлик мухбирининг Ҳамдам Пардаев ўлими юзасидан саволини эшитиши билан телефонини ўчириб қўйди.
XS
SM
MD
LG