Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2025, Тошкент вақти: 02:52

Қирғизистон парламентида Мўътабар Тожибоева айбланди


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан "Шоқоллар вақти" филмининг асосчиси сифатида гумонланмоқда.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан "Шоқоллар вақти" филмининг асосчиси сифатида гумонланмоқда.

Парламент йиғинида сўзга чиққан Бош прокурор Аида Салянова айрим ўзбек лидерларининг Ўш қирғинига алоқадорлиги ҳақидаги гумонлар тасдиқланмаганини билдирди.

2 феврал куни Қирғизистон парламенти 2010 йилдаги Ўш қирғини юзасидан парламент қабул қилган сиёсий қарорнинг ижроси масаласини муҳокамага қўйди.

Мазкур масала юзасидан депутатларнинг саволларига жавоб берган Бош прокурор Аида Салянова ўзбек миллатига мансуб собиқ депутат, этник ўзбеклар орасида катта нуфузга эга бўлган Алишер Собировнинг Ўш қирғинига алоқадаорлиги юзасидан гумонлар тасдиқланмаганини билдирди.

Қирғиз парламенти 2011 йилнинг июн ойида Ўш қирғини юзасидан қабул қилган сиёсий қарорида Алишер Собировни ҳам мамлакат жанубида автономия ташкил қилиш ташаббускори сифатида айблаб, бу масалани ўрганишни ҳуқуқ- тартибот тузилмаларига топширган эди.

Бош прокурор Аида Салянованинг айтишича, парламент комиссияси томонидан Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида айбланган ўзбек лидерларидан бири Жалолиддин Салоҳутдиновга нисбатан биронта ҳам жиноят иши очилмаган.

“Шунинг учун ҳам мазкур шахс Қирғизистонни ҳеч қандай тўсиқсиз тарк этиш ҳуқуқига эга бўлган. Бизда уни қўлга олиш ва қидириш учун ҳеч қандай асос йўқ эди”, деб билдириди Аида Салянова.

Бош прокурорга кўра, Салоҳутдиновга нисбатан 2 марта жиноят иши очиш ҳаракати бўлган. Бир марта унинг офисидан ўқлар топилган. Бироқ мазкур воқеанинг гувоҳлари бўлмагани учун жиноят иши очилмаган. Иккинчи марта эса Салоҳутдиновга контрабанда айби қўйилган. Аммо бу айбни исботловчи флешка, икки минг доллардан ортиқроқ пул ва бошқа ашёвий далиллар сирли равишда йўқолган. Натижада Миллий хавфсизлик қўмитаси Салоҳутдиновга жиноят иши оча олмаган, лекин ашёвий далилларни йўқотиб қўйган Миллий хавфсизлик қўмитаси терговчисига айблов билдирилиб, жиноят иши очилган.

Бош прокурорнинг бундай жавоблари парламентдаги айрим депутатларнинг асабларини ўйнатди. Жумладан, депутат Камила Талиева Бош прокурорни касбий салоҳиятсизликда айблади.

Қирғизистон парламенти депутатларига Миллий хавфсизлик хизмати раиси Шамил Атаханов яна бир “халқ душмани”ни тақдим этди.

Шамил Атаханов Ўш воқеалари ҳақида ҳикоя қилувчи “Шоқоллар вақти” филми ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, айни пайтда Франциядан сиёсий бошпана топган Мўътабар Тожибоева ва Макситов деган шахс томонидан яратилгани ва тарқатилгани гумон қилинаётганини билдирди.

“Шоқоллар вақти” филми ва китоби Қирғизистонда миллатлараро низо қўзғатувчи восита сифатида 2011 йилда таъқиқланган эди.

Мўътабар Тожибоева 2009 йилда АҚШ Давлат департаментидан олган "Жасоратли аёл" мукофотидан 2011 йилнинг март ойида воз кечган эди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, “Ўтюраклар” клуби Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти раҳбари айни мукофотнинг 2011 йил 8 март куни Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаевага берилаётганига норозилик ўлароқ, ундан воз кечишини эълон қилганди.

"Бугун Қирғизистонда МИЛЛАТДОШларимни аёвсиз қирғин қилинишига томошабин бўлган, хонавайрон бўлган халқимга жўнатилган ёрдамларни ўзлаштирилишига кўз юмган, “этник тозалаш”га барҳам бермаган, ЎЗБЕГИМни қийнаётган зўравонларни бугунги кунгача тўхтата олмаган Қирғизистон раҳбарига “Жасоратли аёл” мукофотининг тақдим қилиши, халқимнинг АҚШга, чинакам адолат ва ҳақиқатга бўлган ишончини, умидини ўлдирди.

Мен Роза Ўтинбоева билан бир сафда мукофотдош бўлишни ХАЛҚИМ, МИЛЛАТИМ учун хақорат деб биламан. Қўли қонга ботган, ўтмишдаги ижобий ишларига қора бўёқ сурган бу аёл билан бир сафда бўлишдан ор қиламан ва шу боис менга 2009 йилда топширилган АҚШ Давлат Департаментининг «Жасоратли аёл» мукофотидан воз кечишим ҳақида дилда алам, кўзда ёш билан маълум қиламан", деб баёнот тарқатган эди Мўътабар Тожибоева.

Бундан ташқари ҳуқуқ ҳимоячиси Ўш қирғинидан сўнг асосан этник ўзбекларга босим кўрсатилаётганига дунё ҳамжамияти эътиборини қаратишга ҳаракат қилган.

Айни соатларда парламентда Ўш қирғини юзасидан 2011 йилнинг июнида қабул қилинган парламентнинг сиёсий қарорни бажариш юзасидан муҳокама давом этмоқда. Мазкур муҳокама эртага ҳам давом этиши кутилмоқда. Чунки депутатлар президент Алмазбек Атамбаев ва собиқ президент Роза Ўтунбаеваларнинг ҳам муҳокамада иштирок этишини талаб қилишган. Аммо бугунги йиғинга мазкур шахслар келгани йўқ.
XS
SM
MD
LG