Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:39

Қўқонда мактаб ўқувчиси пичоқланди


Қўқон шаҳридаги 30-ўрта мактабнинг 8-синф ўқувчиси танаффус пайтида мактабдоши томонидан пичоқланди. 21 январда содир бўлган бу воқеа 3 феврал куни Озодликка маълум бўлди.

Қўқондаги 30-мактаб ўқувчилари ўртасида содир бўлган жанжал ва бу жанжалнинг бир ўқувчи пичоқланиши билан тугагани ҳақидаги хабарни Озодликнинг Қўқондаги ўз манбаси еткизди:

- Болалар ўртасида жанжал ва муштлашув бўлган экан. Бир бола бошқа бир боланинг қорнига пичоқ тиқиб олибди. Ҳозир у касалхонада экан, деди хавфсизлик борасидаги хавотирлари боис ўз исми айтилмаслигини сўраган бу манба.

Озодлик бу воқеага аниқлик киритиш учун Қўқондаги 30-умумтаълим мактаби билан боғланди. Мактаб директорининг маънавий ишлар бўйича ўринбосари Зайнабхон Худойқулованинг айтишича, бу тасодифий ҳодиса бўлган:

- Катта танаффус пайтида уйлари мактабга яқин бўлган болалар овқатлангани уйларига боришаётган бўлган. Мактабдан чиққанда 8-синф ўқувчиси Шуҳрат Раҳимов ва 9-синф ўқувчиси Шаҳзод Мирзаев ўртасида тушунмовчилик оқибатида жанжал келиб чиққан, яъни Шуҳрат кўчада кетаётган отга боғланган латталарга қараб кулган бўлса, Шаҳзод буни мени масхара қиляпти, деб қабул қилган. Кейин жанжаллашишган. Шунда Шаҳзод бир темир пачасини олиб Шуҳратнинг қорнини сал тилиб юборган, дейди Зайнабхон Худойқулова.

Бироқ Озодлик манбасининг айтишича, бола пичоқдан жароҳат олган. Буни Қўқон шаҳар Халқ таълими бўлими мудирасининг маънавият ишлари бўйича ўринбосари Одинахон Исмоилова ҳам тасдиқлади:

- 8- синф боласи калтак егандан сўнг тош кўтариб ураман деб келаётган пайтда, 9- синф боласи қўрққанидан пичоқлаб қўйган, дейди Одинахон Исмоилова.

30-умумтаълим мактаби директорининг маънавий ишлар бўйича ўринбосари Зайнабхон Худойқулованинг айтишича, бу воқеа содир бўлганидан сўнг, Шуҳратга тез тиббий ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилган ва у ерда икки кун даволанган:

- Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлди. Боламиз икки-уч кун касалхонада даволаниб, уйига қайтди. Ҳозир бутунлай тузалиб, мактабга чиқяпти, дейди 30-умумтаълим мактаби директорининг маънавий ишлар бўйича ўринбосари Зайнабхон Худойқулова.

Директор ўринбосарига кўра, бу воқеадан сўнг ота-оналар иштирокида ҳар бир синфда мажлислар ўтказилган ва ота-оналарга болалари мактабга кетишидан олдин уларнинг чўнтаклари, сумкалари текшириб кўрилиши ҳақида маслаҳатлар берилган.
XS
SM
MD
LG