Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:14

Ўзбекистонда турк сериаллари намойиши тўхтатилди


Икки кундирки Ўзбекистон телеканалларида турк сериалларини намойиш қилиш тўхтатиб қўйилди.

22 февралдан Ўзбекистондаги Ёшлар телеканалида намойиш этилаётган “Келин”, НТТ каналида давом этаётган “Муҳаббат симфонияси” ҳамда "ТВ Марказ"да қўйилаётган “Ажралсак-да биргамиз” номли турк сериаллари эфирдан олиб ташланди.

Бу ҳақда Озодликка сериал кўришга одатланган тошкентлик уй бекаларидан бири маълум қилди.

- Бир кунда учта каналдан битта-биттадан учта сериал бўларди. Ëшлар телеканалидан “Келин” сериалини ҳар кун соат 19.30да берарди. Кейин ТВ Марказдан "Ажралсак-да биргамиз", НТТ каналидан “Муҳаббат симфонияси” деган сериалларни кўриб борардик. Икки кундан буён кўрмай қолдик. Ҳайрон қолдик бизлар ҳам. Ҳар кун ўрганиб қолган эдик сериалларга. Учаласини ҳам икки кундан бери бермаяпти. Ҳар кун эрталаб НТТ каналидан “Муҳаббат симфонияси” деган сериални кўриб борардик. Ҳар кун қарайман икки кундан бери йўқ,- дейди исмини айтмаган тошкентлик уй бекаси.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг расмий сайтидаги кўрсатувлар дастурида 23 феврал куни соат 19:30 да "Ёшлар" телеканалида "Келин" турк сериали намойиш қилиниши ёзилган.

Бироқ икки кундирки бу вақтда маҳаллий киночилар томонидан суратга олинган "Зебузар" филми бўлимларга бўлиб, намойиш қилинмоқда.

Тошкентлик Расулбекка кўра, “Ёшлар” телеканалида “Келин” сериалининг намойиши тўхтатилиши техник носозлик билан изоҳланган.

- Кечадан тўхтатди. Техник носозлик сабабли тўхтатамиз, деди. Кечадан ўзбек сериалини қўйишни бошлади. Ўзбекистон сериалини бераяпти “Зебузар” деган. Чет элга қул қилиб сотилган аëллар тўғрисида. 15-20 минут қилиб бўлиб-бўлиб қўяяптида,- дейди Расулбек.

"Ёшлар" телеканали раҳбариятидан турк сериалининг тўхтатилиши сабабларини ойдинлаштириш имкони бўлмади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига яқин манбанинг ўз исмини ошкор қилмаган ҳолда айтишича, турк кино ижодкорлари томонидан тайёрланган мазкур сериаллар персонажлари характерида "исёнкорлик руҳи мавжуд ва айрим саҳналар бепарда, миллий менталитетимизга хос бўлмаган" услубларда олингани учун филмлар намойиши тўхтатилган.

Мустақил манбалар эса умуман турк сериаллари намойишининг тўхтатилишини Туркия билан муносабатлар, расмий Тошкентнинг турк дунёсига қарши салбий қарашлари маҳсули ўлароқ баҳоламоқда.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси томонидан шу пайтга қадар намойиш этиб келинган “Осиё”, “Арғувонлар остида”, “Аччиқ ёлғон”, “Зерда”, “Ишкомли уй”, “Кумуш” сингари турк сериаллари ўз томошабинларини топган ва катта қизиқиш билан кутиб олинган.

Ўзбекистонда турк фильмлари 2000 йилда хам бутунлай экранлардан олиб ташланган, ҳатто уларнинг диний мавзудаги фильмлари туширилган дискларнинг сотилиши хам тақиқланган эди.
XS
SM
MD
LG