Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:51

Тожикистонда уч эгизак туғилди


Тожикистоннинг Хатлон вилоятида 24 ёшли Алифмоҳ Оймаҳмадова бирданига уч эгизакнинг онаси бўлди.

Хатлон вилоятининг Вахш туманидан бўлган 24 ёшли Алифмоҳ Оймаҳмадова бирданига уч қизлик бўлгани учун Яратганга шукур қилади.

-Худога шукур қиламан. Духтурлардан миннатдорман,яхши қарашди, - дейди қувончдан кўз ёшларини яшира олмаган Алифмоҳ.

Чақалоқлар туғилишидан бир неча кун аввал Алифмоҳ Душанбе шаҳар туғриқхонасига мурожаат қилган. Уни кўздан кечирган пойтахтлик шифокорлар қон босими юқори бўлгани учун Алифмоҳни қабул қила олмасликларини айтишган.

Шундан сўнг яна Алифмоҳ 200 километрлик масофани босиб Қўрғонтепа шаҳар туғриқхонасида туғишга мажбур бўлди. Ниҳоят уч опа-сингил Хадича, Фотима ва Зуҳра соғ -саломат дунёга келди.

Гарчи эгизаклар тўққиз ойлик муҳлатдан эртароқ, яъни 36 ҳафтада ва енгил вазнда туғилган бўлсалар-да, аммо қўрғонтепалик шифокорлар болалар ва онасининг саломатлиги барқарор эканини таъкидлайдилар.

-Уч эгизакнинг туғилиши касалхонамиз учун ҳам унитилмас ва қувончли ҳодиса бўлди. Гарчи туғриқхонамизда айрим техник камчиликлар бўлса-да, чақалоқлар соғ- саломат туғилди. Қизларнинг каттаси 2 кило, иккинчиси 1 килою 700 грамм ва учинчи, тўполончи қизалоқ эса 1 килою 400 грамм вазнда туғилди. Эгизакларнинг туғилишига ҳали бир ҳафтача вақт бор эди, лекин муҳлатидан аввал дунёга келганларига қарамай, ҳаммасининг саломатлиги яхши, - деди шифокорлардан бири дейди Оксана Азизова.

Лекин шундай бўлса-да қизалоқлар, Азизова хонимнинг айтишича, яна бир ҳафта шифокорлар назоратида қолади ва улар 8 март - хотин-қизлар халқаро кунида оилага бирикади.

“Уйда қизалоқларни акаси кутаяпти” , дейди эндиликда тўрт фарзанднинг онаси Алифмоҳ. Бироқ, Алифмоҳнинг кўзларида қувонч билан бирга ташвиш ҳам сезиларди. Аёлни кўпроқ оиладаги ижтимоий ва моливий аҳвол ташвишлантираётгани, чунки Алифмоҳ уй бекаси экани ва турмуш ўртоғининг ҳам доимий иш жойи йўқлиги маълум бўлди. Лекин эгизакларнинг онаси оиласидаги шароит борасида журналистларга гапиришни истамади.

Қўрғонтепа шаҳар касалхонаси масъулларидан бирининг Озодликка маълум қилишича, Алифмоҳ эрининг ота-онасига тегишли уйда яшайди.

- Алифмоҳнинг яшаш шароити жуда оғир. У хонадоннинг учинчи келини. Кичкина бир ҳовлида тўрт келин яшайди. Чақалоқлар туғилганида биз касалхона ҳисобидан кийим-кечак ва барча зарур нарсаларни совға қилдик. Вахш туман ҳукумати бу ёш оилага молиявий ёрдам беришига умид қиламиз. Зеро бундай шароит билан тўртта ёш гўдакни улғайтириш осон эмас. Уч йил аввал Душанбе шаҳрида ҳам учта эгизак туғилган эди. Ўша оилага ҳукумат уй совға қилганди. Мана Кўлоб шаҳрида ана шундай уч эгизак туққан онага уй солиш учун ер ажратишди, - дейди Қўрғонтепа шаҳар касалхонаси бош врачининг муовини Раззоқова хоним.

Айни пайтда Вахш туман ҳокимияти расмийлари туман ҳудудида жорий йилда илк бор учта эгизак туғилганидан хабарсизлиги маълум бўлди.

Вахш туманининг маҳаллий амалдорларидан бири билан ўзаро суҳбатдан маълум бўлишича, “Тожикистон қонунларида уч эгизак туғилган оила уй билан таъминланиши шарт қилиб белгиланмаган”.

“Аммо, - деди маълум сабаблар билан исмини ошкор қилмаган маҳаллий амалдор, - Хадича, Фотима ва Зуҳранинг ота-онасига, агар улар мурожаат қилишса, туман ҳукумати бир марталик молиявий ёрдам бериши мумкин”.
XS
SM
MD
LG