Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:28

Қонуний никоҳсиз яшаётган оилалар огоҳлантирилди


Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 250 мингдан зиёд қонуний никоҳ қайдга олинади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 250 мингдан зиёд қонуний никоҳ қайдга олинади.

Ўзбекистон Адлия вазирининг ўринбосари Қўчқор Тоғаев расмий рўйхатдан ўтмасдан, фақат шаръий никоҳ асосида яшаётган фуқароларни ўз оиласини қонунийлаштиришга чақирди.

Адлия вазирлиги расмий нашри саналган “Инсон ва қонун” газетасининг 2012 йил 12-сонида чиқиш қилган Тоғаев шаръий никоҳ билан чекланаётганларни огоҳлантирган.

Вазир ўринбосарига кўра, никоҳини ихтиёрий равишда давлат рўйхатидан ўтказмай, фақат шаръий никоҳ билан эр-хотин бўлиб яшаётганлар маҳалла қўмиталари ва Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш (ФҲДЁ) идораси аралашуви билан қонуний никоҳдан ўтказилади.

Адлия расмийсининг маълум қилишича, 2011 йилда мамлакат бўйича шаръий никоҳ билан умумий рўзғор юритаётган 14543 та оила аниқланган ва улар адлия ҳамда маҳалла аралашуви билан ФҲДЁ идорасида никоҳланган.

Қўчқор Тоғаев никоҳ ФҲДЁ органларида қайд қилинмаганда, эр ва хотин ўртасида ҳуқуқий муносабатлар юзага келмаслигига эътибор қаратган.

Маълумотларга кўра, мамлакатда ҳар йили 250 мингдан зиёд қонуний никоҳ қайдга олинади.


“Мулла ЗАГС қоғозисиз никоҳ ўқимайди”

Наманган вилоятидаги маҳаллалардан бирининг раисига кўра, бир неча йилдан буён имомлар ФҲДЁ қоғозисиз шаръий никоҳ ўқишдан бош тортмоқда.

- Имомлар ҳам ўзидан қўрқади. ЗАГСдан (ФҲДЁнинг ўтмишдоши – таҳр.) ўтмаганларни никоҳлаб қўйган домлалар ҳатто имомликдан бўшатилгани ҳақида эшитганман, - дейди маҳалла раиси.

Шаръий никоҳ ўқишдан олдин ФҲДЁ гувоҳномасини талаб қилиш қоидасини эса адлия идораси оғзаки белгилаб берган, аммо бу қоида ёзма тарзда ҳеч қаерда қайд қилинмаган.

- Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун диний идора ходимлари шаръий никоҳ ўқишдан аввал никоҳ гувоҳномасини талаб қилиши мақсадга мувофиқ, - деб ҳисоблайди адлиячилар.


Тенги чиқса, текин бер!

Социологлардан бирининг айтишича, мамлакатда никоҳ ёшига муайян чегара ўрнатилгани шаръий никоҳ билан яшаётганларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 15-моддасига мувофиқ, никоҳланиш ёши эркаклар учун – 18, аёллар учун – 17 ёш этиб белгиланган.

- Ҳозир мамлакатнинг аксар ҳудудларида қизларни эртага турмушга бериш, йигитларни барвақт уйлантириш кенг ёйилаяпти. Фарзандлари бошини барвақт қовуштираётган ота-оналар ўзаро келишиб, ёшларни шаръий никоҳдан ўтказиб қўя қолишади. Негаки, ФҲДЁга борган тақдирда ҳам, келин-куёв никоҳ ёшига тўлмагани учун аризалари рад этилади, - дейди социолог олим.

Хўш, мамлакат бўйлаб барвақт эрта оила қуриш кўпаяётгани сабаби нимада?

- Бутун дунёда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам ёшлар орасида ахлоқий бузилиш кучайган. Бунга Интернет, уяли телефон ва бошқа кўпдан-кўп омиллар таъсир қиляпти. Шу сабабли, аксар ота-оналар тенги чиқиши билан фарзандларини турмушга бериш ёки уйлаб қўйиш пайига тушган. “Тенги чиқса, текин бер!” тутуми яна урфга кираяпти, - дейди социолог.

Суҳбатдошимиз жамиятдаги иқтисодий-ижтимоий муаммолар ҳам барвақт никоҳларга замин ҳозирлаётганини таъкидлайди.

Айни пайтда шифокорлар эрта оила қуриш қизларнинг саломатлиги учун ўта хавфли экани, шошма-шошарлик билан олинган қарор носоғлом зурриётлар туғилишига олиб келишидан хавотирланади. Буни Адлия вазири ўринбосари ҳам ўз мақоласида алоҳида таъкидлаган.

“Айрим ота-оналар шошма-шошарлик билан фарзандларига шаръий никоҳ асосида оила қуришга имкон яратиб беради. Натижада физиологик, анатомик ва психологик жиҳатдан тўла ривожланмаган, барвақт оила қурган аёллар носоғлом фарзандни дунёга келтириши эҳтимолдан холи эмас”, дейди Қўчқор Тоғаев “Инсон ва қонун” газетасидаги чиқишида.


Ажрашиш қимматга тушади

2011 йилнинг декабрида Ўзбекистондаги “Oила” илмий-амалий маркази аёллар учун минимал никоҳ ёшини 17 дан 18 ёшга ўзгартириш таклифи билан чиқди. Мазкур ташаббус Ўзбекистон халқ демократик партиясининг Олий Мажлисдаги фракцияси томонидан қўллаб-қувватланди.

Таҳлилчиларга кўра, никоҳ ёши, барвақт оила қуриш масалаларида аҳолининг турли қатламларида якдил қараш мавжуд эмас.

Сўнгги йилларда мамлакатда оила институтини мустаҳкамлаш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўрилгани айтилади. Хусусан, мамлакатда бир эмас, икки марта оила йили эълон қилинди (1998 – “Оила йили”, 2012 – “Мустаҳкам оила йили”).

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан турмуш қураётган ёшлар тиббий кўрикдан ўтиши мажбурий қилиб белгиланди.

2011 йилнинг 1 декабрдан ажрашиш пайти тўланадиган давлат божи 10 фоизга оширилди.

Маълумотларга кўра, ушбу чора-тадбирлар орқали тобора кўпайиб бораётган ажрашишлар сонини камайтириш мақсадида амалга оширилмоқда.
XS
SM
MD
LG