Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:11

Шавкат Мирзиëев Тожикистонга жавоб қайтарди


Шавкат Мирзиëев.
Шавкат Мирзиëев.

4 апрел куни Ўзбекистон Бош вазири тожик ҳамкасбига расмий мактуб йўллаб¸ унда Душанбе ҳукумати эътирозига сабаб бўлган масалалар юзасидан бирма-бир изоҳ берди.

CA-NEWS ахборот агентлигининг хабар беришича¸ Шавкат Мирзиëев йўллаган мактуб Тожикистон Бош вазири Оқил Оқиловнинг 31 март куни Тошкентга жўнатган хатига жавобдир.

Мактуб бошида Оқилов тилга олган муаммолар юзасидан Тошкент ҳукумати бир неча бор тўлиқ жавоб ва изоҳ берганини таъкидласа-да¸ Шавкат Мирзиëев унда Душанбе эътирозларига яна бирма-бир жавоб қайтарган.

Биринчи берилган изоҳ¸ Ўзбекистоннинг “Марказий Осиë Бирлашган энергетик тизими”дан чиқишига оид ва Мирзиëев таъкидича¸ Тошкентнинг бу қарори¸ биринчи галда¸ Тожикистон томонининг қўшни давлатлар ҳисобидан рухсат берилмаган электр энергиясини олиши билан боғлиқ.

Тожикистон томонининг ўз юкларининг Ўзбекистон темир йўллари орқали транзитида юзага келган узилиш ва тўхтаб қолишларга оид эътирозига жавобан Ўзбекистон Бош вазири¸ бундан 50 йил аввал қурилган Ўзбекистон темир йўллари умумиятла таъмирга муҳтожлиги¸ хусусан Ғалаба-Амузанг станциялари оралиғида 2011 йил декабрида юз берган фожеий воқеалар бундай эҳтиëжни янада оширганини қайд қилади.

Учинчидан¸ дейилади¸ Тошкент ҳукумати раҳбари мактубида¸ Ўзбекистон темир йўллари орқали олиб ўтиладиган юклар учун тарифларнинг оширилиши “Рохи охани Точикистон” давлат ширкатининг айни ҳаракатига жавобдир холос.

Ўзбекистоннинг Тожикистонга табиий газ узатишни тўхтатиши масалaсига келганда Шавкат Мирзиëев ўз ҳамкасбига “Ўзтрансгаз” ширкатининг “Тожиктрансгаз” ширкати билан келишувда кафолатланган 45 миллион куб метр газни аллақачон етказиб бўлганини эслатиб қўяди.

Ўзбекистон расмий нашрларининг билдиришича¸ Тожикистон ва Туркманистон ҳукуматлари газ савдоси бўйича келишувга эга¸ аммо туркман газини Тожикистонга етказиши мумкин ягона қувурлар тизими Ўзбекистон ҳудудидан ўтиши боис¸ иккала томон ҳам туркман гази транзити учун Тошкентдан рухсат кутаëтган эди.

Ўз мактубида Ўзбекистон Бош вазири бу масалага ҳам узил-кесил ойдинлик киритди - "ўзбек ва туркман газ қувурлари тизими бир-биридан айри тарзда ишлаши боис¸ туркман газининг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилиниши имконсиздир"¸ дейилади мактубда.

4 апрел куни Тошкентдан Душанбега борган расмий мактубда шунингдек¸ ўзбек-тожик чегарасининг 1992-96 йилларда бир томонлама миналаштирилгани ва икки давлат ўртасида мавжуд виза режими масаласидаги Душанбе эътирозларига ҳам жавоб берилган.

Ўзбекистон Бош вазири бу ҳаракатларнинг ҳам халқаро ҳуқуқ нормалари асосида амалга оширилгани ва Тожикистон томонидан билдираëтган эътирозларнинг бирортасида асос йўқлигини таъкидлайди.

4 апрел куни Тожикистон Бош вазири идораси Озодлик мухбирининг Шавкат Мирзиëев жавоб хатига муносабат билдириш сўровини рад қилди.

2 апрел куни Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси расмий сайтида Ўзбекистонни ўз қўшнисига нисбатан душманона сиëсатда айбловчи баëнот чоп этилган ва унда Оқил Оқилов тилга олган муаммолар бирма-бир келтирилган эди.

Айрим норасмий хабарларга кўра¸ 3 апрел куни Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтган ва президент бошқарган бу йиғинда Тожикистон билан муносабатлардаги таранглик муҳокама қилинган.

Айрим кузатувчилар¸ Шавкат Мирзиëевнинг 4 апрел куни Душанбега йўллаган мактуби ана шу мажлисда берилган қарорлар ифодаси эканини тахмин қилмоқда.
XS
SM
MD
LG