Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:11

Тошкентдаги кўргазмада кўзалар синдирилди


Тошкентдаги "Илхом" театри галереясида ëш ўзбек рассоми Зафар Набиевнинг “Синдириш имконсизлиги” деган кўргазмаси очилди.

1 майга қадар очиқ турадиган бу кўргазмага ташриф буюрганларга зал бўйлаб осиғлиқ турган сопол кўзаларни синдириш имкони берилди.

Залда осиғлик турган кўзанинг ипи қайчи билан қирқилади. Кўза ерга тушиб чил-парчин бўлади.

Кўргазма ташкилотчиси Вероника Зуреевага кўра, бу ҳолатда кўзанинг ўзи эмас балки унинг вайрон қилиниши санъатдир.

21 яшар ўзбек рассоми Зафар Набиевнинг илк шахсий кўргазмаси унинг нонконформист ғояларига асосланган.

Кўза синдириш
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:23 0:00


Озодлик билан суҳбатда Зафар Набиев ўз кўргазмаси ғоясини мана бундай изоҳлади:

- Бу лойиҳа воситасида мен эски ва қотиб қолган нарсаларни синдириш мушкул эканини англамоқчи бўлдим. Кўпчилик конформистлардан иборатдир (конформист - замонга қараб турланиб тусланувчи шахс). Улар янгиликни қабул қилмайди ва ўзгариш учун интилмайди. Кўргазмага қўйилган кўзалар синдириб бўлиниши билан биз янгиларини илиб қўямиз. Ҳамма нарса қайта такрорланади. Бу ҳолат одамлар ҳаëтининг турғун ва бир ҳил эканига мисолдир, дейди рассом.

Озодлик: Ўзбек зеҳнияти бузишга эмас балки қуришга қаратилгани ҳақида айтилади. Шу маънода сиз ўз “асар”ингиз билан ўзбек зеҳниятига қарши бормадингизми?

- Конформизм нафақат ўзбекларга, балки бошқа миллатларга ҳам хос бўлган хусусият. Шу маънода кўргазма барча одамларга аталган. Қотиб қолиш, янгиликни қабул қилмаслик аксариятга хос эканлигини қайтараман. Янгилик, ўзгариш, янгиланиш эса бу тараққиëт белгиси, дейди рассом.

Рассом айтаëтган конформизм тушунчасига изоҳ берсак.

20 асрда яшаган немис файласуфи Эрих Фроммга кўра, конформизм инсон хулқ атворининг ҳимоя механизмидир.

Конформист одам ўзлигини унутади ва унга замон тақдим қилган қулай шаклга кириб турланади.

У ҳамма қатори бўлади. Охир оқибатда Эрих Фроммга кўра, конформист бунинг бадалини ўзлигини йўқотиш билан тўлайди.

Конформист калимасини келишувчан деб айтсак ҳам бўлади. Келишувчанликни истеҳзо билан қоралаëтган расом ўз асарларини Ўзбекистондаги сиëсий бошқарувга қарши қаратилган деб билмайди.

Айни пайтда рассом Ўзбекистондаги давлат тасарруфида бўлган рассомлик уюшмалари сафига киришдан принципиал бош тортишини айтади.

Кўза синдирган азиз

Ўзбекларда кўза синдирган азиз, сув келтирган хор деган мақол бор.

Яна бир мақол эса "синмасни кулол, ўлмасни Худо яратмайди", деган маънода. Булар ëнига Ўзбекистон президентига нисбат берилган “Янгини қурмасдан, эскини бузма” калимасини қўйсак зеҳният манзараси тўлиқроқ бўлади.

Айни пайтда Ўзбекистон воқелигига йўғон ишорат сифатида кўрилиши мумкин бўлган бу кўргазма пойтахтдаги тор русийзабон доира мушоҳадасидан нарига ўтмагани кузатилади.

Кўргазма ташкиотчиси бўлган Илҳом театри вакили Вероника Зурееванинг айтишича, спектакл бошланишидан сал олдин кўргазма эшиги очилади, одамлар дув этиб кириб кўзаларни синдиришади.

- Тошкентда бу таҳлит инсталация ҳар куни ҳам бўлавермайди. Осиғлик кўзалар саноқли бўлгани учун томошабинлар уларни тезроқ синдиришга интилади.

Зуреевага кўра, кўргазмадан чиқадиган фалсафа аниқ:

- Ҳар бир мамлакатда вақти соати етиб нимадир вайрон қилинади ва унинг ўрнига янгиси келади, дейди Илҳом театри вакили.

Айни пайтда кўргазмада синдирилган кўзалар ўрнига янгилари қўйилар экан, кўргазма томошабинлари қотиб қолган воқеликни “Синдириш имконсиз” деган ҳулосага келишади.

Германияда туғилган рассом

Зафар Набиев 1990 йил Германиянинг Потсдам шаҳрида ҳарбий хизматчи оиласида туғилди.

У туғилгунга қадар СССР қўшинлари ГДРда жойлаштирилган эди.

1988 йил охирига бориб ГДР ҳаритадан ўчди.

1991 йилда эса СССР ҳам ҳаритадан ғойиб бўлди.

Рассом ҳали чақалоқ экани пайтида ҳаритадан йўқ бўлган икки давлатда ва ҳаритада мавжуд яна икки мамлакатда яшаб улгурди.

Кейинчалик Зафар Набиев оиласи Тошкентга қайтди.

Зафар Набиев аввалига Бенков номли Тошкентдаги рассомлик билим юртида кейин эса Беҳзод номли олийгоҳда рассомчиликдан таҳсил кўрди.

Озодлик билан суҳбатда рассом Ўзбекистонда ҳеч бир устозни тан олмаслигини билдирди.

Ўзбекистон бадиий академияси ва ëш ижодкорлар уюшмаси мунаққидлари Озодликка Зафар Набиев деган рассом ҳақида ҳеч нарса билмасликларини маълум қилишди.
XS
SM
MD
LG