Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:00

“Тенгсиз капалак” 3000 гектардаги дарахтни еб тугатди


Тошкент вилоятидаги Бўстонлиқ туманининг тоғ ҳудудларидаги дарахтзорлар тенгсиз капалаклар ҳужумидан зарар кўрмоқда. Бу капалаклардан пайдо бўлган қурт дарахтлар баргини бир четдан еб тугатмоқда.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Хўжакент қишлоғи тоғ ён бағирларидаги дарахтзорлардан асар ҳам қолмади. Сўнгги тўрт йилда яна кўпайган тенгсиз капалаклар (ëввойи ипак қурти) шиддат билан уруғ қўйиб, бу уруғлардан чиққан қуртлар бирин-кетин дарахтларни еб тугатаяпти.

Бўстонлиқ туман Ўсимликларни ҳимоя қилиш отряди бошлиғи Ҳамид Сапаевнинг Озодликка айтишича, тенгсиз қуртлар табиатга жуда катта зарар келтирмоқда:

- Бу катта зарар етказяпти. Худди чигиртка офатига ўхшаб жуда кўпайиб кетди. Унга қарши обработка ҳам қилдик, дори ҳам сепдик. Лекин фойдаси жуда кам бўлаяпти. Айниқса¸ одам кам юрадиган тоғли зоналарда жуда кўпайиб кетаяпти, дейди Ҳамид Сапаев.

Мутахассисга кўра, тенгсиз капалаклар илгари ҳам бу ҳудудда учраган, бироқ бу йил уларнинг оммавий ёпирилиши кузатилмоқда:

- Бу ипак қуртига ўхшаб кўпаяди. Ўзини ипакка ўраб қишлайди. Кейин ипак қуртига ўхшаб капалак бўлиб учиб чиқиб тухум қўяди. Шундай шиддат билан кўпаяди. Аввал ширин япроқни ея бошлайди, кейин унга фарқи қолмайди, аччиғига ҳам ўтиб кетаверади, бир четдан яшил баргларни ея бошлайди, дейди Ҳамид Сапаев.

Айни пайтда тенгсиз капалак қуртларининг 3000 гектардан ортиқ ердаги дарахтзорга зиён етказгани айтилади. Ҳамид Сапаевнинг айтишича, бу офатга қарши курашишни давлат дастурига киритиш керак:

- Энди бунга қарши курашиш катта куч талаб қилади. Масалан¸ ҳамма участкада бир хил кураш олиб бориш керак. Бўлмаса бу капалакда, учиб келиб тухум қўяверади. Бир давлат дастури қабул қилиниши керакми, деб ўйлайман, дейди Ҳамид Сапаев.

Бўстонлиқ тумани табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Тиллавой Абдуваҳобовнинг айтишича, тенгсиз капалаклар зарар келтирган дарахтлар яна қайта кўкариши мумкин, лекин меваларга, ўша дарахтларда яшовчи ҳашаротлар дунёсига катта зарар етади:

- Бир марта еган билан дарахт қуримайди. Лекин бунинг олди олинмаса, ҳар барг чиқарганда қурт уни баргини еб қўяверса дарахт қурийди. Иккинчидан, дарахтлар ўсишдан тўхтайди, дейди Тиллавой Абдураҳмонов.

Инспекция бошлиғига кўра, тенгсиз капалаклар ҳар йили кузатилган. Бироқ бу йил капалакларнинг кўпайишига унга қарши курашнинг заиф бўлганлиги сабаб бўлган:

- Бу аввал димовой шашка билан обработка қилинган. Бу шашка тутатилганда, унинг тутунидан капалаклар заҳарланиб ўлган. Ҳозир димовой шашка қўлланишдан олиб ташланган. Ҳозир химикатлар билан курашилади. Бу учун катта миқдорда маблағ ва ишчи кучи талаб қилинади. Шу катта муаммо бўлиб турибди ҳозир, деди Тиллавой Абдураҳмонов.

Инспекция бошлиғининг айтишича, айни пайтда тенгсиз капалакка қарши кураш учун дори сотиб олишга, ишчи ёллашга камида 65 миллион сўм пул керак бўлади, бироқ бу пул ҳозир йўқ:

- Биз бу борада “Миллий боғ” ташкилоти билан биргаликда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги ва сув вазирлиги қошидаги Ўсимликларни ҳимоя қилиш марказига қишда мурожаат қилганмиз. Лекин ҳозиргача натижа йўқ, дейди Тиллавой Абдураҳмонов.

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG