Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:24

Россияда миллатчилик кайфияти сўнмаëтир


Москвадаги “СОВА” маркази эълон қилган мониторинг натижаларига кўра¸ 2012 йилнинг биринчи ярмида 80 дан ортиқ одам ксенофобия ва миллий адоват асосида содир этилган ҳужум қурбони бўлди.


Ирқчилик ва миллатчилик асосида содир этилган жиноятлар натижасида 2012 йилнинг биргина июн ойида 7 киши жароҳат олган, улардан бири ўлган.

Бу рақамларни жамоатчиликка очиқлаган “Сова” Инсон ҳуқуқлари маркази ҳисоботида келтирилган рақамларга кўра, шу йилнинг биринчи ярим йилида Россиянинг 15 минтақасида миллатчилар ҳужумидан камида 77 киши жароҳат олган, 5 киши ўлдирилган.

“СОВА” маркази директори Александр Верховский¸ сўнгги йилларда Россияда тақирбошлар ва миллатчилар томонидан турли миллат вакиллари, айниқса меҳнат муҳожирларига нисбатан содир этилаётган ҳужумлар сони камайгани кузатилаётганини айтади:

- Сўнгги пайтларда биз ҳақиқатан бундай ҳодисаларни камдан-кам қайд этaяпмиз. Масалан, ўтган июн ойи давомида нацистлар ва ирқчиларнинг 7 кишига ҳужум уюштиргани, улардан бир киши ўлдирилганини аниқладик. Лекин бу рақамлар якуний эмас, чунки кўплаб босқинлар ҳақида бир ой, бир йил ўтиб эшитaяпмиз, полицияда айрим бундай ҳодисалар қайдга олинмаётгани тўғрисида хабардормиз. Лекин, айниқса, қотилликлар сони кескин камайганини расман тасдиқлаймиз, дейди Озодлик мухбирига мониторинг натижаларини таҳлил қилиб берган “СОВА” маркази директори Александр Верховский.

Миллатчи ва тақирбошлар жиноятлари сонининг камайишини Верховский¸ биринчи навбатда¸ ҳуқуқ-тартибот идоралари олиб бораётган кескин чоралар билан боғлайди.

Аниқланишича, 2012 йил бошидан буён Россияда ирқий зўравонлик учун 9 та айблов ҳукми эълон қилинган; 35 жиноятчи турли муддатли қамоқ жазосигаҳукм этилган; Россиянинг 30 минтақасида ксенофобия ва миллатчилик тарғиботи учун 40 та айблов ҳукми асосида 64 киши киши судланган.

Москванинг Вихино туманида бир неча йилдан бери меҳнат қилаётган андижонлик Иномжон Исоқов “СОВА” раҳбари сўзларини тасдиқлаб, меҳнат муҳожири учун бугунги кунда тақирбошлар таҳдиди бир оз пасайганини айтади.

Айни пайтда¸ бу муҳожир Россияда миллатчилардан ҳам хавфлироқ бўлиб қолган шахслар – нопок “қора бригадирлар” сони кўпайиб қолгани хусусида ташвиш билдиради:

- Бу ерда менга бирор маротаба миллатчилик қилишгани йўқ. Тожиклар, қирғизлар, молдаван, украинлар билан ётибмиз – унақаси бўлгани йўқ. Баъзан ишлаган жойимизда ўрислардан “чёрний” деб ишлатиб пул бермаганини ҳисобга олмасак.. Ўзимизнинг бригадирлар алдаб қўйяпти. Ўзимизнинг ўзбек бригадирлар “ўнг чўнтак, чап чўнтак” қилиб анча пулимизни уриб қоляпти. Кўп болaлар улардан калтак еганимдан кўра пул олмаганим яхши, деб кўзини юмиб кетяпти, дейди ўзи ҳам “қора бригадирлар” томонидан алданган ўзбекистонлик муҳожир Иномжон Исоқов.

“СОВА” раҳбарининг Озодликка билдиришича, ҳозирча Москва ва Санкт-Петербург минтақалари миллатчилар ҳужумлари бўйича “илғорлик” қилмоқда.

“Айни пайтда миллий адоват юзасидан содир этилган жиноятлар сонининг камайиб бораётгани Россияда миллатчилик кайфиятининг сусайгани даракчиси эмас”, дея давом этади таҳлил маркази раҳбари Александр Верховский.

- Миллатчилик кайфияти сўнаётгани йўқ. Бу кайфият одамлар оммасига хос нарса, лекин ҳужумлар якка шахслар ва гуруҳлар томонидан содир этилмоқда. Охирги йилларда бу кайфиятлар тақирбошлар ҳужумларига боғлиқ бўлмасдан қолди, деган фикрдаман, дейди Верховский.

“СОВА” Инсон ҳуқуқлари маркази 2011 йил давомида олиб борган кузатувларига кўра, ўтган йилда ксенофобия ва миллий адоват асосида Россиянинг 34 минтақасида 20 киши ўлдирилган, яна 130 киши тан жароҳати олган.

Миллатчилар қўлидан 2010 йилда 42 киши ўлдирилган ва 401 киши жароҳатланган бўлса, 2008 йилда –116 кишининг ўлдирилгани ва 499 киши яралангани қайдга олинган.

Кузатувчилар Россияда радикал миллатчилар ҳужумларига¸ асосан¸ Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари ва кавказликлар учраётганини таъкидлашмоқда: 2011 йилда ўлдирилган 20 кишидан 10 таси – марказий осиёлик мардикорлар бўлган.
XS
SM
MD
LG