Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Ўш қирғинида айбланган маҳбус вафот этди


Тиббий ёрдам кўрсатилмагани оқибатида вафот этган жалобободлик Сайдулло Саримсоқовнинг онаси ўғлининг ўлимида милиционерларни айбламоқда..

Сайдилло Саримсоқов 2011 йил май ойида 2010 йил Ўш воқеалари юзасидан бир неча оғир моддаларда айбланиб Жалолобод вилоят Сузоқ туман Ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторида сақланган. Судда оғир жиноятлар юзасидан айблари исботланмай, фақат “жиноятни яширгани” учун 4 йилга манзил колониясида жазо ўташга ҳукм қилинган.

Изоляторда ўтказилган бир йил давомида Сайдилло Саримсоқов сил касалига чалинган. Суд Сайдуллони манзил колониясида жазо ўташга ҳукм қилгандан сўнг, унинг ота-онасида ўғлини даволаш имконияти пайдо бўлган. Бироқ сил касали ривожланиб кетгани окқибатида Сайдулло 2012 йилнинг 5 апрел куни вафот этган.

Сайдуллонинг онаси Карима опанинг айтишича, ўғлининг ўлимига вақтинча сақлаш изолятори ходимларнининг ўз вазифасига масъулиятсиз ёндошгани, касал маҳбусни тўлақонли даволанишига тўсқинлик қилганлари сабаб бўлган.

Карима опа вақтинча сақлаш изолятори ходимлари Сайдуллони касал бўлганига қарамай мунтазам калтаклашганини, ўғлини қамоқдан чиқариш ва даволатиш учун 10 минг доллар миқдорида пора талаб қилганларини айтиб берди.

- Биз у пулни қаердан топамиз, 10 минг доллар пора сўрашди. Қўлимиздан келмади у куни. Учунчи куни олиб чиқамиз десак, яна булмади. Шу бўйича қамоқда қолди. Бир йил бир ой азобда ўтирди. Унга югурдим, бунга югурдим, бу орада ўғлим касал бўлди. Худони зорини қилиб икки мартада касалхонага олиб чиқдирдим. 39-40 истима билан касалхонага ётқизишди. “Касал” десам ишонишмади. Тез ёрдам чақирсам ҳам 39-40 истима билан ётган болага ишонмасадан: “Ҳа, бу ёлғон касал” деб сўзимга ишонишмади. Оқ халат кийганларга ҳам ишонмайман. “Бу бегона”, деб устимдан кулишди. Милиционерлар-ку адо бўлган экан. Ҳақиқат бўладими? Биз ҳам Қирғизистонда туғилганмиз, ўсганмиз, яшаганмиз, ўзимизни ватанимиз-ку, - дейди йиғлиб Карима Саримсоқова.

Карима Саримсоқова 2010 йил августида тиббий ёрдам олиш учун ўғлини вақтинча қамоқдан озод қилинишига ёрдам беришни сўраб Жалолободдаги “Справедливость” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказига мурожаат қилади.

Ҳуқуқ фаоллари Карима Саримсоқовага бепул адвокат беришган ва терговдаги беморни тиббий ёрдам олиши учун касалхонага юборишни сўраб, Жалолобод шаҳар ва Сузоқ тумани ички ишлар бошқармаси раҳбариятига мурожаат қилишган. Бироқ ички ишлар бошқармаси беморни касалхонада қўриқловчи мутахасислар йўқлигини рўкач қилиб, илтимосномани қаноатлантирмаган.

- Қонунга асосан гумонланаётганлар ёки айбланаётганлар СИЗО – тергов изоляторида сақланиши керак. Афсуски Жалолободда тергов изолятори бўлмагани учун маҳбуслар бир йилгача Жалолобод шаҳар Ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторида ётишади. Бу изолятор эса бунга мослашмаган. Қонунда “у ерга тушгандан кейин медиклар кўриши керак”, деб ёзилган. Бу эса фақат қонунда ёзиб қўйилган холос. Аслида “бюджетта пул йўқ”, деган баҳона билан биронта изоляторда шифокор йўқ,- дейди “Справедливост” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази фаоли Абдумалик Шарипов.

Унга кўра, ҳозирда Карима Саримсоқова ўғлининг ўлимида айблаётган милиция ходимларини жавобгарликка тортишда ёрдам сўраб ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилган.

Абумалик Шариповнинг айтишича, ҳозирда жалолободлик ҳуқуқ фаоллари мазкур воқеа юзасидан ҳужжатларни ўрганиш ва судга ариза бериш ишлари билан машғул.
XS
SM
MD
LG