Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2025, Тошкент вақти: 21:15

Қирғизистон муфтийси истеъфо берди


Қирғизистон муфтийси Чубақ ҳожи Жалилов мамлакатда мусулмонлар бирлигини сақлаб қолиш мақсадида истеъфо бергани айтилмоқда.

Муфтийнинг истеъфо тўғрисидаги аризаси 17 июл куни Қирғизистон Уламолар кенгашида муҳокама қилинади. Уламолар кенгаши кечга яқин йиғилади. Шунинг учун янги муфтийнинг номи 18 июл куни эълон қилиниши кутилмоқда.

- Мен муфтийлик омонатини топшириш - хизматдан кетиш ҳақида ариза ёздим. Аризамда “икки йил муфтийлик қилдим, қилган хизматимга рози бўлинглар, менга энди рухсат берсанглар, бошқа ишлар билан шуғуллансам”, деб ёздим, - деди муфтий Чубақ ҳожи Жалилов.

Ҳозирча кенгаш муфтий истеъфосини қабул қилиши ёки қилмаслиги аниқ эмас. Лекин кузатувчиларнинг айтишича, муфтият атрофидаги сўнгги вазиятдан келиб чиқилса, муфтийнинг истеъфоси қабул қилиниши кутилмоқда. Расмий маълумотда айтилишича, муфтийликка 4 кишининг номзоди кўрсатилган.

Муфтий Чубақ ҳожи Жалиловга мухолиф бўлган гуруҳ бир неча кун олдин муқобил муфтият ташкил қилиб, мустақил фаолият юритишини маълум қилган эди. Мухолифатчилар вакили Тўқтўбай Назаралиев 16 июл куни ўзлари муқобил муфтийни сайлаб олганлари ҳақида маълумот берди:

- Руслан ҳожи Жумагуловни вақтинча муфтий вазифасини бажарувчи этиб сайлаб, дуо бердик. Олойдан, Боткендан, Жалолободдан оқсақоллар келди. 17 июл куни кеч соат 18 да Уламолар кенгашини йиғинга чақирдик, -деди Тўқтўбай Назаралиев.

Мухолифатчилар Чубақ ҳожи Жалилов фақат Уламолар кенгаши томонидан тайинлангани, шунинг учун унинг фаолияти ноқонуний эканини иддао қилиб келмоқда. Диний мухолифатга кўра, муфтий Қирғизистон мусулмонлари қурилтойида сайланиши лозим эди.

Аммо қирғиз матбуоти мазкур иддаолар ортида яна бошқа жиддийроқ сабаблар ётгани ҳақида маълумотлар берган. Жумладан, Чубақ ҳожи Жалилов ҳаж зиёратини уюштиришни давлат тасарруфидан чиқарилишига муваффақ бўлган.

2011 йил бошида парламент депутатлари ҳаж зиёратини фақат муфтият уюштиришини тасдиқловчи ва давлат тузилмаларининг бу жараёнга аралашувини тақиқловчи қарорни чиқарди. Шундан сўнг Қирғизистон тарихида биринчи марта коррупциялашмаган ва жанжал-низоларга сабаб бўлмаган ҳаж зиёрати уюштирилгани айтилади.

Мазкур қарор чиққанидан сўнг муфтият ва Қирғизистон ҳукумати қошидаги Давлат Дин комиссияси ўртасида зиддият пайдо бўлди. Ҳаж зиёратини уюштириш учун ҳожибошилар танлови ўтказилгани ва 20 йил давомида ҳожибошилик қилган кўплаб шахсларнинг бу танловдан ўтмай, ишдан четлатилиши эса диний мухолифатни пайдо қилди.

Айрим нашрлар муфтий лавозимининг талашга тушганини мазкур диний идора молиясини назорат қилишни истаган жиноят олами билан боғлайдилар. Бироқ диний мухолифат томонидан вақтинчалик муфтий лавозимига сайланган Руслан ҳожи Жумагулов бу маълумотлар асосиз эканини айтди:

- Муратали ҳожи Жуманов ва Суйун ҳожи Кулуевларнинг муфтийликдан кетишига ҳам бизни айбдор қилиб кўрсатишган. Интернетда ҳам журналистлар мени “чёрнийларнинг пахани”деб эълон қилишди. Аммо Оллоҳга шукур, ҳукумат ҳам, хавфсизлик хизмати ҳам, Ички ишлар вазирлиги ҳам, Дин бўйича давлат комиссияси ҳам бу иддаоларни текшириб чиқиб, мени оқлади, -деди Руслан ҳожи Жумагулов.

Мухолифат ўз муфтийсини сайлаб олгани, Уламолар кенгашига 4 шахснинг номзоди муфтийлик лавозимига кўрсатилгани эътиборга олинса, диний идора раҳбарлигини қўлга киритиш учун ўтадиган жанг жуда кесин бўлишини таҳмин қилиш мумкин.

Чубақ ҳожи Жалилов истеъфо бериш тўғрисидаги баёнотида муфтийлик вазифасини бажариш чоғида хафа қилган ёки адолатсиз муносабатда бўлган шахслардан узр сўради. У муфтий лавозимини бажариш чоғида кўплаб хатоликларга йўл қўйганини ҳам эътироф этди. Шунингдек, баёнотда у ўзи муфтийлик қилган 2 йил давомида эришган ютуқлар ҳақида ҳам айтиб ўтди.

“Қирғизистон тарихида биринчи марта парламентда намозхона очилди, президент ва парламент раиси лавозимларига намоз ўқийдиган одамлар сайланди, мамлакат тарихида биринчи марта президент халқ билан бирга ҳайит намозини ўқиди, турли мусулмон жамоатлари ўртасида биродарлик ва иттифоқчилик ришталари боғланди”, дейилади Чубақ ҳожи Жалилов ёинлаган баёнотда.

Чубақ ҳожи Жалилов 2010 йил июлида диндорлар ўртасида узоқ давом этган қарама-қаршиликлар натижасида муфтийликка сайланган эди.
XS
SM
MD
LG