Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:51

Москвада ўзбек рассомлари кўргазмаси очилди


Москвадаги "Шарқ музейи"да ўзбек рассомлари кўргазмаси давом этмоқда.
Москвадаги "Шарқ музейи"да ўзбек рассомлари кўргазмаси давом этмоқда.

Москвадаги Шарқ санъати музейида замонавий ўзбекистонлик рассомлар кўргазмаси очилди. Ислом маънавияти ва Шарқ анъаналарига бағишланган асарлар кўргазмаси россияликлар учун ғайриоддий бўлган ном - “Қаландар” деб номланди.


Рассомчиликнинг турли услубларида ижод қилаётган тўрт ўзбек рассоми Москвада ўз асарларини намойиш қилмоқда.

Файзулла Аҳмадалиев, Жамол Усмонов, Мурод Қорабоев ва Бобур Исмоиловлар ижод намуналарининг “Қаландар” номи остида бирлаштирилган кўргазмаси Россия Давлат Шарқ музейи ва Маржони жамғармаси ҳомийлигида очилди.

Ўзбек рассомларининг Москвадаги кўргазмаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:38 0:00


Экспозиция Ўзбекистон рассомлари ижоди мисолида Шарқнинг бетакрор маънавий ва маданий намунаси сифатида Россия пойтахтида намойиш этилмоқда, дейди Озодликка намойиш ташкилотчиларидан бири - Москвадаги Давлат Шарқ санъати музейи директори муовини Тигран Мкртичев.

- Бу тўрт рассом ижодининг турлича бўлишига қарамасдан бирлаштирувчи томони мавжуд: улар бизга кўринмас бўлиб қолаётган ўзга борлиқни акс эта оладиганлардандир. Реалликни акс эттираётган бу асарлар ортида чуқур маъно борлигини биринчи навбатда шу йўналишда фаолият юритаётган рассомларгина тушуниши мумкин. Бугунги кўргазма ёрдамида биз москваликларни ҳам қаландарлар ва дарвешлар ҳаёти каби сирли ва ажойиб бу оламга жалб этиш ниятидамиз, дейди ўзи ҳам бир вақтлари Тошкент Давлат дорилфунунининг археология кафедраси битирувчиси бўлган тарихчи Тигран Мкртичев.

Мртичев иқтисодий бўҳронлар ва дунёда авж олаётган чегараланиш сиёсати одамларнинг маданий, интеллектуал ва ижодий алмашувини чегараламаслиги тарафдори эканини айтди.

Экспозиция Ислом анъаналари ва шеъриятига бағишланганига қарамасдан, муаллифлар турли рассомчилик мактаблари намояндалари сифатида бу мавзуни ёритишга киришгани кўзга ташланиб турди.



Масалан¸ Бобур Исмоилов – декоратор-рассом, илгари Тошкентда театр саҳналаштирувчиси сифатида кўп йиллар ишлаган. Шунинг учун бўлса керак унинг асарларида афсонафий ва фантастик образлар ва белгиларга эътибор кучли.

Москвада биринчи маротаба ўз композициясини намойиш этаётган рассом Файзулла Аҳмадалиев асарларида дарвешлар, донишмандлар, оддий одамлар ва афсонавий жониворлар тасвирига эътибор қаратилган. Турли техникалар услубида ишланган асарларида у аппликация ва матодан кенг қўлланган.

Рассом Жамол Усмоновнинг сўфийлар асарлари билан анча йиллардан буён қизиқишини гапириб, бу мавзуга оид қатор рассомчилик ва ҳайкалтарошлик асарларини олиб келганини айтади.

- Бу дунёда Худони билишнинг турли йўллари мавжуд, ҳар ким ўзича Уни ўрганади, лекин Уни охиригача билишнинг имкони йўқ, дейди Жамол Усмонов.

Жамол Усмоновнинг “Акс” деб номланган фалсафий асарлар тўплами жаннат боғлари, ўсимликлари ва энг асосийси, сўфийлар қалби тимсоли бўлган қушларни тасвирлашга бағишланди.

Давлат Шарқ санъати музейи залларида намойиш этилаётган ва маҳаллий маданий жамоатчилик эътиборини аллақачон ўзига тортишга улгурган ўзбек рассомлари кўргазмаси 2012 йилнинг 19 июлидан 26 августигача давом этиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG