Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:38

Бишкекда Тоғли Бадахшондаги амалиётга қарши митинг ўтди


Қирғизистонда яшаётган тоғли бадахшонликлар Бишкекдаги Тожикистон элчихонаси олдида Тоғли Бадахшонда Душанбе томонидан ўтказилаётган ҳарбий амалиётларни тўхтатиш талаби билан пикет ўтказишди.

25 июл куни Қирғизистондаги Тожикистон элчихонаси олдига Бишкекда яшаётган 50 нафарга яқин тоғли бадахшонликлар йиғилди. Улар Хоруғда дала командирлари ва жангариларга қарши ўтказилаётган тозалаш амалиётини тўхтатишни талаб қилишди.

Пикет ишитрокчиларига кўра, 24 июлда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғда бошланган тозалаш амалиётида тинч аҳоли вакиллари қирғин қилинаётир.

- Тоғларда снайперлар ўтиришибди. Улар кўчага чиққан одамга қаратиб ўқ отишмоқда экан. Хатто тинч аҳоли вакилларига нисбатан ўқ отилгани тўғрисида хабарлар бор. Одамлар озиқ-овқат сотиб олиш учун ҳам кўчага чиқа олмаяптилар. Хоруғдаги қариндошларимиз икки кундан бери оч ўтиришибди, -деди пикет иштирокчиларидан бири.

Тожикистон ҳукуматининг Тоғли Бадахшонда махсус ҳарбий амалиёт ўтказишига 21 июн куни махсус хизмат генерали Абдулло Назаровнинг номаълум шахслар томонидан ўлдирилиши сабаб бўлди. Тожикистон ҳукумати тарқатган расмий хабарда Хоруғда генерални ўлдирган жиноий гуруҳни қўлга олиш мақсадида 24 июл куни махсус амалиёт бошлангани айтилади.

Пикетга келган бадахшонликлардан бири Абахон Султонназаров Хоруғ айни пайтда ахборот қамалида қолганини, аммо шунга қарамай норасмий манбалардан ташвишли хабарлар олинаётганини айтди:

-Бу масхсус амалиёт эмас, жазолаш амалиёти бўлмоқда. У ерда ҳақиқатан ҳам этник тозалаш ўтказилаяпти. Хоруғда этник озчилик вакиллари яшайди. Тўртта жиноятчини қўлга олиш учун 3 минг ҳарбийни ишга солинишини ҳеч қандай қонунлар билан оқлаб бўлмайди, -деди Абахон Султонназаров.

Пикетга йиғилганлар Ҳоруғда тинч аҳолига қарши вертолётлардан ўқ узилаётганини, вилоят маркази эса танклар ёрдамида назорат қилинаётганини иддао қилишди.

- Бахтга қарши у ерда ахборот қамали мавжуд. Шунинг учун ҳам яқинларимиз бизга ўз қўл телефонларига тортиб олган видеотасвирларни жўната олмаяпти. Аммо яқин кунда ҳамма нарса ўзгаради ва бутун дунё Тоғли Бадахшонда вертолётлар, танклар ёрдамида ҳарбий амалиёт ўтказилганини кўра олади, -деди пикетчилардан бири.

Норозилар олдига чиққан Тожикистоннинг Қирғизистондаги элчиси Асомуддин Саидов бу иддаоларнинг барчасини инкор қилди. Унга кўра, тоғли Бадахшонда этник тозалаш ишлари эмас, генерал Абдулло Назаров қотилларини қўлга олиш амалиёти олиб борилмоқда.

- Аввалига уч кун музокаралар олиб борилди. Жиноятчиларга асир тушиш ва қуролларни ҳукуматга топшириш таклиф қилинди. Аммо жиноятчиларни ҳимоя қилувчи одамлар топилди, улар жиноятчиларни ҳимоя қила бошлашди. Шундан сўнг ҳукумат ўз манфаатлари ва ҳудудини ҳимоя қилишга мажбур бўлди, -деди элчи Асомуддин Саидов.

Унинг айтишича, ҳарбий амалиёт олиб борилаётган ҳудуддан тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилинган.

- Тинч аҳоли орасида қурбонлар ва жабрланганлар йўқ. Ҳар ким оғзига келганини гапираверади-да. Бундай ташвишли маълумотларни махсус тарқатаётган одамлар бор, -деди элчи.
XS
SM
MD
LG