Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:49

Ўзбекистон жамоаси Олимпиадада нечта медал олади?


XXX Лондон Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик 54 нафар спортчи 16 та спорт тури бўйича мусобақаларда қатнашмоқда. Олимпиаданинг биринчи кунида дзюдочи Ришод Собиров Ўзбекистон Олимпия жамоасига биринчи бронза медалини келтирди.


Айни пайтда, Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси аъзоси Луиза Галиулинанинг қонида таъқиқланган модда борлиги аниқлангани учун мусобақадан четлатилди.

Ўзбекистон жамоаси медал олган жамоалар рўйхатида ҳозирча 22-ўринни эгаллаб турибди.

Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида респондентларга “Ўзбекистон жамоаси Олимпиадада нечта медал олади?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Нодир, Фарғона:

- Олимпиадани кўраяпман. Ҳаммасини ўқиб чиқаяпман ҳар куни. Телевизорда ҳам кўраяпман. Ўзбекистонликлар мағлуб бўлаëтганини ҳам кўриб турибман. Ўзбекистон жами битта олтин, иккита кумуш, иккита бронза олиши мумкин. Бештадан кўп медал ололмайди. Имкониятлар паст. Вақт кўрсатади. Рақобат кучли бу йил.

Давронбек, Хоразм:


- Йўқ, кўраëтганим йўқ. Қизиққан билан ҳозир телевизор кўрмасдан юрибман. Тўғрисини айтсам¸ телевизордан дам олиб юрибман. Кеча оғайниларимнинг олдида ўтирдим. Улар “Ўзбекистон жамоаси бошқа мамлакатларга қараганда яхши чиқаяпти” дейишаяпти. Билмадим яна. Худо хоҳласа 5-6та медал олармиз.

Светлана Ортиқова, Тошкент:

- Албатта. Олимпиадада қатнашувчи ўйинчиларга бир пиëла чой бериб, уларни кузатиш маросимида ҳам қатнашганман. Агарда менинг хоҳишимга қарайдиган бўлса, Худодан ҳар кун тилардимки, нима бор тилла медаллар бўлса, ўзбекистонликлар чемпион бўлиб қайтиб келсин ватанига. Авваламбор Худо, кейин уларнинг иқтидорига боғлиқ, вазиятга боғлиқ. Ҳамма медалларни олиб келсинда бизнинг болаларимиз, қизларимиз.

Шерзод, Андижон:

- Олимпиада ўйинлари яхши. Кечаги кун ўзбекистонлик курашчи бронза медали олди. Шуни кўрдим. Энди биз ишдамиз, анча-мунча кўра олмаймиз. Эрталаб соат 7 дан кечқурун соат 9 гача ишлаймиз. 54 та бўлса, олтин медал ўнта олиши мумкин. Ундан ошиқ ололмайди. Кумушдан 15 та, бронзадан 15 та олиши мумкин. Ундан кўп ололмаса керак. Кўзим етмайди. Олимпиада бўлаяптию ака. Бизда унча ривожланмаганда.

Жиззах вилоят ҳокимлиги ходими:


- Ҳозир кўраяпман ака. Мана теннис бўйича Японияники ўйнаяпти. Ўзбекистонлик чиқса, ҳаммамиз кўрамиз ўтириб. Ўзбекистонликлар қанча медал олишини таҳлил қилиб чиқиш керакда ака. Бирданига таваккал қилиб айтиб бўлмайди. Худо хоҳласа¸ олтитадан кўп оламиз.

Одил, Петербург:

- Олимпиадада 54 та ўзбекистонлик спортчидан олтин медалга бештаси сазовор бўлса керак. Кўпроқ футболга қизиқаман, боксни кўриб тураман анча-мунча. Олимпиадага тўғриси, ҳозир мен иш муаммоси билан, ишсизлик бошни нима қилиб турибдида, ўшанга бу нарсага қизиққаним йўқ. Хаëлда тезроқ иш топиш. Олимпиадага унчалик қизиққаним йўқ. Европа футбол чемпионатини кўрдик лекин.

Абдуғани ака, Қашқадарë:


- Ришод Собиров бронза медалига сазовор бўлди. Жуда хурсанд бўлдик. Қолганларига унчалик эътибор бера олганим йўқ. Чунки свет ўчиб қолди. Шунга кўра олмаяпмиз. Трансформаторимиз портлаб кетди. 2-3 кундан бери 15-20 хонадонда ток йўқда. Ҳозир пул йиғдик. Энди тўғрилаймиз. Хулоса қилиб айтсам, ўзбекистонликлар битта олтин, битта кумуш, битта бронза олади. Дзюдодан битта бронза бўлса, эркин курашдан битта бўлади, боксдан ҳам бўлади¸ албатта. Свет келса, Олимпиадани ётволиб кўрамиз. Спортни кўрмасак бўладими. Бир пайтлар эркин курашдан мен ҳам қатнашиб турардим. Кандидат мастер спорт эдим.

Муроджон, Франция:

- Кутаяпман маълумотларни. Лекин кўра олмаяпман. Кўрсатмаяптида. Асосан Францияни кўрсатаяпти. Агар француз ўзбек билан тушган бўлса, кўрсатади. Бошқа миллат билан тушганда уже у ëқни кўрсатаяптида. Худо хоҳласа медалларни яхши олишади. Курашдан олишади, карате, таэквондо қўйилган, ундан ҳам олиши керак¸ Худо хоҳласа. Нимагаки, бизда кучли у ҳам. Билмадим ҳозир қандай кучли бизнинг спортчилар. Камида 3-4та медал билан қайтса керак. Лондонда медаллар учун ҳозир рақобат жуда кучли кетаяпти.

*************************************

Ҳурматли муштарий, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда мулоҳаза билдирмоқчи бўлсангиз¸ қуйидаги "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикрларингизни ёзиб қолдирин.
XS
SM
MD
LG