МТСдаги текширувлар ширкатни бошқа сармоядорга оширишга ўхшаяпти...
МТС очиқ ҳиссадорkик жамияти президенти Андрей Дубовсков Ўзбекистон давлат назорат ва суд органларининг “Ўздунробита”га қарши ялпи кампанияси ортида “яширин сабаб ва манфаатлар” ëтганини таъкидламоқда.
МТС нинг Россиядаги бош идораси матбуот хизмати вакили Валерия Кузменконинг Озодликка айтишича, анча йиллардан бери муаммосиз фаолият юритиб келаётган ширкатга тўсатдан уюштирилган оммавий текширувлар шундай хулосага олиб келган.
- МТС президенти Андрей Дубовсков Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга расмий хат билан мурожаат қилиб, бизнинг Ўзбекистондаги ширкатимиз бўлган “Ўздунробита” фаолиятини нормаллаштиришга кўмаклашиш илтимоси билан мурожаат қилди. Биз бизнесимиз атрофида юзага келган вазиятдан хавотир билдирмоқдамиз. Жаноб Дубовсков Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳаракатларида due diligence аломатларини кузатмоқда, дейди МТС вакиласи Озодликка.
Due diligence – (ингл. зарурий ҳалоллик) бирор ширкатнинг сотиб олиниши ёки сотилиши олдидан қилинадиган ялпи ички текшируви, уни баҳолаш амалиёти.
МТС раҳбари Дубовсков ўз хатида Бош прокуратура “компанияни “мустақил” текширувдан ўтказиб, унинг асосий активлари ҳисоб-китоби олинаётганини” таъкидламоқда.
Шунингдек, хатда ёзилишича, Ўзбекистон Бош прокуратураси ходимлари қўриғи ва назорати остида компания офисларида номаълум хориж мутахассислари ширкатга тегишли барча ҳужжатларни текширувдан ўтказмоқда. “Бу текширувлар компания бизнесининг сармоя киритишдан олдин қилинадиган тафтишига ўхшаяпти”, деб ёзади Андрей Дубовсков.
МТС раҳбарияти Ислом Каримовга юборган очиқ хатида “Ўздунробита” ширкатига қарашли 12 шўъба корхонаси юридик бирлик сифатида 1997 йилгача қайдга олингани, компания тузилиши Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бошқараётган даврдан ўзгаришсиз қолганига эътибор қаратади.
2004 йилда МТС ва ЎзААА ўртасида шартнома имзоланганидан кейин ҳам “Ўздунробита” структураси мутлақо ўзгартирилмаган, дея таъкидлайди МТС раҳбари.
“Биз ҳимоя қилиш учун барча ҳуқуқий имконият ва ҳимоя воситаларидан фойдаланамиз”¸ деб қандай “воситалар” эканлигини очиқламади МТС эгаси Андрей Дубовсков.
Ўтган чоршанба куни Россия Ташқи ишлар вазири муовини Григорий Карасин МТС муаммосини Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Зиёдулла Пўлатхўжаев билан телефонда муҳокама қилган эди.
Россия томони Ўзбекистон ҳукуматидан МТС масалага қисқа муддатда аниқлик киритишни сўрамоқда.
Ким оладиë шугинаниë....
МТС раҳбариятининг Ўзбекистондаги бизнесига бўлаётган ҳужум тўғрисида билдирган фикрлари ортидан айрим ижтимоий тармоқлар ва форумларда мамлакатга Россиянинг бошқа йирик алоқа оператори – “МегаФон” кириб келиши эҳтимоли тўғрисида гап-сўзлар пайдо бўла бошлади.
“МегаФон”нинг асосий (мажоритар) эгаси¸ асли наманганлик ¸ бугунда Россиянинг энг бадавлат одами ҳисобланган Алишер Усмоновнинг “АФ-Групп” ширкатидир.
Форумларда МТСнинг “синдирилиши” Усмоновнинг юқори лавозимли яқинлари томонидан уюштирилгани ҳақида қизғин муҳокамалар бормоқда.
Озодлик мухбири бу миш-мишлар ортида қанчалик ҳақиқат борлигини аниқлаш учун “МегаФон” ширкатининг Москвадаги бош қароргоҳига мурожаат қилди.
“Мегафон” компанияси матбуот маркази раҳбари Дмитрий Смиркин Озодликка "бундай гап-сўзлар учун ҳеч қандай асос йўқ"¸ дея қатъий баëнот берди:
- Ҳозирги кунда биз учун асосий приоритет бу Россия бозори. Ҳозирча бизда бошқа мамлакатларга экспансия қилиш режаси йўқ. Тожикистон, Шимолий Осетия ва Абхазияда шўъба корхоналаримиз бор. МДҲ доираси¸ қолаверса хорижда фаолиятимизни кенгайтириш режамиз йўқлигини расман тасдиқлайман. Яқин орада Россияда кенгайиш ниятидамиз, холос, деди “МегаФон” компанияси расмийси Дмитрий Смиркин Озодлик мухбири билан 3 август кунги ўтказилган телефон суҳбатида.