Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:25

"Қора ниқобли"лар ҳужуми "Бек-Барака"га кўчди


14 август куни Намангандаги "Исфархон" савдо марказини босгандан сўнг, автоматлар билан қуролланган "қора ниқобли"лар гуруҳи Тошкентдаги "Бек-Барака" бозорига "ҳужум" қилди. Асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан савдо қилувчи бу бозорда ҳам бир қанча тадбиркорларнинг юклари тортиб олингани айтилади.

Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида жойлашган, Чилонзор буюм бозори (халқ тилида "Ипподром" - таҳр.) яқинидаги "Бек-Барака" бозорини 16 август куни "қора ниқобли" автоматчилар босди.

Бу ҳақда Озодликка муштарийлардан бири хабар берди:

"Тошкент вилояти, Зангиота тумани Бек Барака савдо мажмуасига эрталаб 11да катта гуруҳдаги қора ниқоб кийган "омон"лар бостириб кириб, ҳаммаёқни талон-тарож қилди. Осмонга қаратиб икки-уч марталаб ўқ отиб, бозордаги оломонни ташқарига ҳайдашди. Сотилаётган товарлар қандоқ турган бўлса, шундайлигича турибди. Ҳатто савдо қилинган пулларни ҳам олиб чиқиб кетишга рухсат беришмаяпти. Ҳозир ҳам соат 16 дабозор атрофини катта қўшинлар ўраб олган. ҳатто стоянкадаги автомобилларни ҳам, вилоятдан келган автомобилларни ҳам чиқишига рухсат берилмаяпти. Бозор маъмуриятини битта жойга қамаб, қаттиқ сўроқ қилишаётган экан", деб ёзади воқеага ўз кўзи билан гувоҳ бўлган Озодлик муштарийларидан бири.



Айни пайтда Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги ўз расмий сайтида "Бек-Барака" бозорида ўқув машғулотлари ўтказилганини ёзади:

"2012 йилнинг 16 август куни Режа бўйича ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар ва тегишли давлат органлари ҳамкорлигида, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган “Бек-барака” савдо мажмуаси ва унга туташ Тошкент автомобиль ҳалқа йўли ҳудудларида оммавий тартибсизликларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича шартли номи “Вал” махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилди.

Ўқув машғулотида Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари ўзларини касбий маҳоратларини кўрсатиб, давлат ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича уларга юклатилган хизмат вазифаларни бажаришга доимий шайлигини, интизоми ва руҳий барқарорлигини намоён қилишди", деб хабар беради Ўзбекистон ИИВ расмий Интернет сайти.

Бироқ, "Бек-Барака" ёнидаги бошқа бозорда савдо қиладиган ўғлининг гапига таянган ҳолда тошкентлик инсон ҳуқуқи фаоли Шоира Содиқбекованинг айтишича, ҳеч қандай ўқув машқлари ўтказилмаган, бу ҳақиқий босқинчилик бўлган:

- 16 август куни Бек-Баракани маскалик одамлар босиб олишган. Ҳаммасининг қўлида автоматлар бўлган. Анча тадбиркорларнинг мол-мулкларини хатламасдан, ҳеч нарса ёзмасдан мошинларга ортиб шундоқ олиб чиқиб кетишган. Тадбиркорлар чирқиллаб қолаверган, дейди Шоира Содиқбекова.

17 август, маҳаллий вақт билан соат 13да Озодликнинг озод мухбирларидан бири "Бек-Барака" бозоридаги вазиятни ўз кўзи билан кузатди:

"Кеча солиқ ходимлари маска кийган ходимлар билан бозорни босишган экан. Ҳозир бозор маъмуриятидан ҳеч ким йўқ, ҳатто чекчилар ҳам йўқ. Бозор деярли ишламаяпти. Жуда кўп мол олиб чиқиб кетилган. Жуда кўп тадбиркорлар ўз молларини қидириб юришибди. Мана ҳозир Омон ака деган тадбиркор билан гаплашдим, молини тополмай қидириб юрибди. Ҳозир бозорни яқин 40 фоизи ишлаяпти, холос. Ҳамма саросимада", деди Озодликнинг Озод мухбири.

Биз мухбиримиздан ўша тадбиркор Омон ака билан суҳбатлашиш имконини яратиб беришни илтимос қилдик. Мухбир тадбиркор олдига бориб илтимос қилди:

- Мен ҳозир кеча йўқотилган молимни қидиряпман, телефонда гаплашиш вақти эмас,- деди тадбиркор.

Тошкент вақти билан соат 14да биз яна Озод мухбир билан боғландик:

"Бозорда савдо қилаётган оз сонли тадбиркорлар ҳам молларини йиғиштиришни бошлади. Кимдир яна қора маскаликлар босади, деган гап тарқатибди.. Шунга ҳамма тезда молини контейнерларига қулфлаб бозордан чиқиб кетяпти. Бозор радиоси карнайидан эса, "бозор фаолиятини юритади, илтимос, тинчликни сақлашни сўраймиз" деган эълон янграб турибди. Лекин одамлар бозорни ташлаб чиқиб кетяпти, дейди Озодликнинг Озод мухбири.

17 август куни Озодлик "қора ниқобли"лар Чилонзор буюм бозорига ҳам рейд қилгани ҳақида хабарлар олди. Бироқ Озодликнинг Озод мухбирлари Чилонзор буюм бозорида бўлиб, бу хабарни тасдиқламади. Уларнинг айтишларича, Чилонзор буюм бозори бир маромда ишлаяпти.

Бундан икки кун олдин Намангандаги "Исфархон" савдо марказини "қора ниқобли"лар босган ва бозордан 30 КамАЗ юк автомобилида тадбиркорлар моллари олиб чиқиб кетилган эди.

Жорий йилнинг 26 июл куни Тошкент вилоятининг “Қуёшли” посёлкасидаги канцелярия моллари билан савдо қиладиган улгуржи бозорни кучайтирилган милиция гуруҳи ёрдамида солиқчиларнинг “Бозор гуруҳи” босган эди.

Бу каби рейдлардан мақсад Ўзбекистонга молларнинг контрабанда йўли билан олиб кирилган молларни мусодара қилиш экани айтилади.

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси қошида ташкил этилган “Бозор гуруҳи” кейинги бир-икки йил ичида мамлакатдаги бир қанча савдо марказлари ва бозорларга шу пайтгача қайси идорага қарашли экани аниқ бўлмаган “қора ниқобли” гуруҳ ёрдамида рейдлар уюштирган эди.

Жорий йилнинг январ ойида "қора ниқоблилар", Тошкентдаги Чинни бозорини босган эди.

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистондаги йирик бозорларга ҳуқуқ-тартибот идораларининг "қора ниқобли" махсус кучлари томонидан бир неча бор рейдлар уюштирилди.

2011 йилнинг 16 сентябр куни Тошкентдаги "Малика" савдо марказида "Қора ниқоблилар" гуруҳи рейд ўтказиб, "Чиго" ва "Метро" дўконларининг ҳамма товарини мусодара қилган эди.

2011 йилнинг 17 июл куни қора ниқобли "сирли кучлар" Урганч шаҳридаги савдо уйида рейд ўтказган эди.

"Қора ниқоблилар" 2011 йилнинг 16-17 июн кунлари Янгийўл шаҳридаги ресторанлар ва буюм бозорини босган.

2011 йилнинг 2 март куни Тошкентда бу гуруҳ Божхона, Солиқ қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги билан бирга, "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконлар жойлашган савдо уйига рейд уюштирган эди.

XS
SM
MD
LG