Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:04

Меъëрсиз ўзбек тўйлари: Меъëрни ким ва қандай белгилаши керак?


Ўзбекистон Халқ рассоми Ғофур Қодировнинг "Тўй" картинасидан парча.
Ўзбекистон Халқ рассоми Ғофур Қодировнинг "Тўй" картинасидан парча.
Ozodlik ONLINE жонли интерактив мулоқотимизнинг 24 сентябр¸ душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган янги сонида шу муаммо атрофида суҳбатлашдик.

Ўзбекистон ҳукуматининг тўй ва маъракаларни тартибга солиш уринишлари бошланганига 15 йилча бўлиб қолди. Аммо бу уринишлар амалда иш бермаëтгани тасдиғи сифатида¸ тўйларни тартибга солиш бўйича қарор устига қарор қабул қилинаëтир.

Ўзбекистон президентининг 1998 йил 28 октябрдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги ПФ-2100-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида¸ бирда кучайиб ¸ бирда сусайиб¸ кун тартибидан тушмай келаëтир.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:53:20 0:00
Бевосита линк


Бу фармон юзасидан йиллар давомида маҳаллаларда¸ хотин-қизлар орасида шоиру олимлар¸ имом хатиблар тушунтириш ишлари олиб борди; бу учрашув ва йиғинларда қанчадан-қанча доно ва ҳикматли сўзлар¸ панд-насиҳатлар янгради¸ Беҳдубий¸ Қодирий¸ Фитрат ва Чўлпонлардан қанчадан-қанча иқтибослар келтирилди.

Аммо бу ақлли гаплару¸ президент фармонлари билан ўзбек жамияти ўз умри тамалига айланган орзу-ҳавасдан воз кечмади. Чақириқ ва ўгитлар ҳовури босилиши билан¸ дабдабадан жар солгувчи карнаю сурнайлар шовқини осмонга ўрлашда давом этаверди.

Аммо президент фармони йилларча етмаган жойни¸ бу тўй мавсумида Тошкент шаҳар ҳокими бир қарор билан олишга аҳд қилган кўринади.

Пойтахт ҳокимининг жорий йил 10 сентябр куни қабул қилинган “Тошкент шаҳридаги тўйхона, ресторан ва кафеларда тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 732-сонли қарори бу борада ҳозиргача қилинган уринишлардан бироз фарқли.

Бу қарор энди тўй-маърака ўтказувчи шахс билан бу тадбирда хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни йўлга қўядиган бўлди. Содда қилиб айтганда¸ тўй билан боғлиқ ҳамма хизмат ва харажатларни ҳужжатлаштириш¸ маълум чегарадан ўтганларга қўшимча солиқ солишни йўлга қўйди.

Тўйлардаги исрофгарчилик ва дабдабага чек қўяйлик¸ деган чақириқларга биров қулоқ солмагач¸ Тошкент ҳокими дабдабани истовчиларни “жазолаш” йўлини ўйлаб топди – уларнинг тўй шундоқ ҳам бўшатадиган чўнтагига қўл солди.

Бундан буëғига¸ Тошкенти азимда 100 нафардан ортиқ меҳмон чақириладиган ҳар қандай тадбир ўтказувчи шахс, яъни буюртмачи ва тўйхона, ресторан, кафе раҳбари - хизмат кўрсатувчи ўртасида шартнома тузилади. Шартномада буюртмачи ва хизмат кўрсатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ҳамда хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, муддатлар ҳамда амалдаги қонунчиликда белгиланган талаблар кўрсатилади.

Ҳозирга қадар тўйларни ихчамлаштиришга оид фармон ва қарорлар бор эди¸ аммо улар амалда ишламади. Тошкент ҳокими эндиликда бу қарорларни амалга ошириш механизмини яратишга киришган кўринади. Содда қилиб айтганда¸ бундан сўнг тўйга 100 дан ошиқ меҳмон чақирган хатга тушади¸ ундан сўнг эса¸ ўтга.

Бундан буëғига тўйга бир эмас¸ бир нечта санъаткор чақириш ҳам¸ ортиқча даҳмаза¸ қоғозбозлик ва харажат устига харажатни англатадиган бўлди. Тўйга икки артистни чақирдим¸ деб шартнома тузиб¸ унга ўнлаб “қўниб ўтадиган” санъаткорларни бошлаб келиш¸ маъмурий¸ лозим топилса¸ жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Зотан¸ Тошкент ҳокими фармонининг сўнгги бандида¸ “Тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгашларига тўйхона, ресторан ва кафеларда ўтказилаётган тадбирлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мазкур Қоидаларни жойларда тарғиб этиш, бажарилишини жойларда ўрганиш ҳамда аниқланган салбий ҳолатлар бўйича тегишли давлат ва назорат қилувчи органларига маълумот киритиш ваколати берилади”деб ëзиб қўйилади. Бу дегани эса¸ “қуюшқондан чиқилди” деб маълумот берилган тўй эгалари билан прокуратура шуғулланишини англатади.

Хўш¸ бу янги уриниш қарор ва фармонларда мақсад қилинган каби¸ тўйларнинг ихчамлашишига олиб келадими?

Авваламбор¸ бу фармоннинг ўзи қанчалик ҳуқуқий асосга эга?

Тўй қилаëтган ҳам унга хизмат кўрсатаëтган ҳам Ўзбекистон қонунларига кўра даромад солиғи тўлаëтган бўлса¸ уларни қўшимча солиққа тортишга ҳокимнинг ҳаққи борми?

Бу қарор ижросини текшириш, шартнома ва солиқ ҳужжатларининг рисоладагидай эканини қизиғида кўриш учун энди Тошкент тўйларини "қора маскали"лар босадими?

Ўзи тўйлардаги меъëрни белгилаш жараëнига давлатнинг бевосита аралашуви қанчалик тўғри?

Айни пайтда¸ меëрсиз жамиятда миллионлаб болаларни соғлом турмуш ва сифатли таълимдан маҳрум қилишга хизмат қилаëтган ўзбекча тўй культини ким ва қандай тартибга солиши керак?

Ўзбек жамияти нега асрлардан бери маърифатпарварлар ҳаракатларига қарамай “ритуаллар диктати”¸ орзу-ҳавас қуллигидан қутула олмаëтир?

“Топганинг тўйга кетсин” деган мақолни ўзгартириш¸ йиллар топилган маблағни ундан-да узоқроқ йилларга етадиган маърифат¸ саломатлик¸ инсоний қадрга лойиқ ҳаëтга кечириш ҳақдаги янгисига алмаштириш мумкинми?

Индивидуализм қадриятлари сингмаган ўзбек жамиятида бу ўзгаришни алоҳида шахслар қиладими¸ ëки коллективизм мужассами бўлган давлатми?

Шахсан Сиз ўзингиз оила қурсанг¸ ëки ўғил уйлантириб қиз чиқарсангиз¸ шу каби саволларни мушоҳада қилиб кўрасизми? Нима қарор берасиз?


Ozodlik Online жонли¸ интерактив мулоқотимизнинг 24 сентябр¸ душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган навбатдаги сонида ана шу саволлар атрофида фикрлашамиз.

Ozodlik Online” дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг “Facebook” саҳифасида жонли эшитинг!

Ozodlik Online Ўзбекистон ичкариси ëхуд ташқарисида эканидан қатъий назар¸ Ўзбекистондаги асл вазиятдан яхши хабардор мутахассис ва кузатувчилар¸ қолаверса¸ оддий ўзбекистонликлар учун мамлакат қаршисида турган жиддий муаммолар ҳақида овоз чиқариш¸ фикр билдириш имкони!

Қаердалиги ва кимлигига қарамай¸ Ўзбекистон эртаси учун куйинаëтганлар учун "гаплашадиган вақт" келди ва Ozodlik Online ана шу тўпланиб қолган гапларни бошқаларга айтиш имкони!

Ozodlik Online меҳмони ва иштирокчиси бўлинг¸ тўпланиб қолган гапларингиз¸ билганингиз ҳақиқатларни бошқаларга ҳам еткизинг!

Бунинг учун ҳар душанба¸ хусусан 10 сентябр душанбасида Тошкент вақти билан оқшомги 9 дан бошлаб OzodSkype ва OzodlikOnlineга чиқинг. Ушбу мулоқот учун Skypeда янги очилган манзилимиз - OzodlikOnline манзилига сўров юборинг!

“Ozodlik Online” дастурида Озодликнинг “Facebook” ва “Twitter” даги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.

Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

Ozodlik Online – Сиз учун фикр ва муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG