Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:12

Самарқандда ҳам номаълум вакцинадан қўйлар қирилди


Самарқанд вилояти Ветеренария бошқармаси Нуробод туманида қўйлар қирилишига сабаб кўрилган вакцина намунаси Тошкентга йўлланганини маълум қилди.


"Самарқандда 200 дан ортиқ қўй номаълум вакцинадан қирилди"

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги иккита йирик отарда қўйларнинг номаълум вакцина оқибатида қирилгани қайд этилган.

Бу ҳақда Озодликка микрофонсиз сўзлаган Самарқанд вилояти Ветеренария бошқармаси расмийси шу кунга қадар тахминан 200 дан ортиқ қўй ўлгани ҳақида маълумот борлигини айтди.

- Нурободдаги отарларда қўйлар ўлгани ҳақида маълумот келди. Вакилимиз борди, ўрганди. Кейин ўша вакцинадан намунани биз ҳам, Қашқадарё ҳам, Жиззах ҳам Республика Ветеренария илмий текшириш институтига жўнатганмиз. Ҳали бизга жавоб келгани йўқ, - деди самарқандлик мутасадди.

Унинг сўзларига кўра, келиб чиқиши ва оқибатлари ҳануз номаълум қолаётган вакцина ноқонуний тарзда, яширин йўллар билан вилоятга келтирилган.

- Оспага қарши, Россияда чиқарилган вакцина, деб идишига ёзиб қўйилган. 100 доза, 10 доза ампуладаги суюқлик бўлган. Лекин ампуланинг ичида нима бўлган ҳали номаълум. Кейин қўйларим чечакдан ўлмасин, деб қўрққан чўпонлар суриштириб ўтирмасдан вакцинани олаверган. Ҳозир бу иш билан Республика Ички ишлар вазирлиги, прокуратура шуғулланаяпти, - деди Самарқанд вилояти Ветеренария бошқармасининг ўзини таништирмаган мутасаддиси.

Вакцина ампуласидаги ёрлиққа номи ёзилган — Россиянинг Покров шаҳридаги Ветеринария илмий-текшириш институти раҳбари профессор Денис Колбасов эса Озодлик мухбири билан суҳбатда институт томонидан бундай вакцина Ўзбекистонга сотилмагани ва умуман, ишлаб чиқарилмаганини билдирди.

Шунингдек, ўтган ҳафтада бу институтга Ўзбекистондан келтирилган вакцина намунаси текшируви ҳам ҳали якунига етмагани айтилди.


"Самарқандда қўш гўшти сотуви челанган"

Ўзбекистон Ветеренария Давлат бошқармаси томонидан чиқарилган 4-сонли қарор асосида номаълум вакцина тарқалгани қайд этилган уч вилоят — Самарқанд, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида қўй гўшти сотуви 17 сентябрдан чекланган.

Яъни, ветеринар шифокорнинг махсус рухсати бўлмаган қўйлар гўшти Самарқанд вилоятида сотувдан олинган.

Самарқанд вилояти мутасаддилари чеклов ҳануз кучда эканини айтмоқда.

- Қарорда келиб чиқиши номаълум бўлган вакцина билан эмланган қўйлар гўшти сотилмасин, дейилган. Бу қарор ҳалиям бекор бўлгани йўқ. Чунки, ҳали вакцинанинг таркиби ва оқибатлари аниқмасда, - деди Самарқанд Ветеренария бошқармаси мутасаддиси.

Яъни, вакцинадан нобуд бўлган, аммо яширин тарзда сотиб юборилган қўйлар гўштининг инсон организмига оқибатлари ҳали номаълум бўлгани боис Самарқанд вилоятида қўй гўшти сотувига чеклов ҳануз кучда қолмоқда.


Жиззахда қўй гўшти сотувига қўйилган тақиқ юмшатилди

Жиззах вилоятида эса сўнгги 10 кунлардан буён қўй гўшти сотуви тўлиқ тақиқланган эди.

Бироқ, 24 сентябр куни оқшом айни масалага бағишлаб, вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғинда тақиқни юмшатишга қарор қилингани хабар қилинди.

Яъни, бу вакцина оқибатларини ўрганаётган илмий текшириш институтлари ходимлари 10 кун ичида вакцинадан нобуд бўлмаган қўй гўштини истеъмол қилиш мумкин, деган хулосага келишган.

Шу боис, 25 сентябрдан бошлаб, ветеринар шикофор рухсати бўлган қўйлар гўшти сотувига Жиззахда рухсат берилди.

Бироқ, Озодлик мухбири Жиззах вилояти аҳлига номаълум вакцинани олган қўйлар гўштини истеъмол қилишга рухсат берган Тойлоқ Илмий-текшириш институтининг ўзидан бу борада изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Вакцина қилинган қўйлар гўшти сотувига ҳануз рухсат берилмаган Самарқанд вилояти Ветеренария бошқармаси мутасаддиси эса бундай тавсиядан ҳали бехабар эканини айтди.

- Бизда чеклов бор ҳали. Бунақа қўйлар гўштини ейиш мумкин, деган гап бўлмади ҳали. Ҳали вакцинанинг келиб чиқиши ва таъсири аниқ бўлгани йўқ, деяпманку сизга, - дея қайта таъқидлади самарқандлик ветеренар мутасадди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Аммо, бу борада Қашқадарё вилоятида аҳвол қанақа экани ҳақида ҳануз аниқ расмий маълумот йўқ. Қашқадарё вилояти Ветеренария бошқармасидан бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади.


"Вакцинадан ҳали юқумли касаллик чиқмади"

Самарқанд Ветеренария бошқармаси ва Ўзбекистон Ветеренария Давлат бошқармаси мутасаддилари Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида тарқалгани айтилган номаълум вакцинадан касаллик чиққани ҳақидаги маълумотларни инкор қилдилар.

Аммо, Ветеренария Давлат бошқармаси мутасаддилари Аброр Акбаров, Шомурод Раҳматуллаев, дея тақдим қилинган расмийлар бу масалада Озодликка ахборот беришдан бош тортди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган Жиззах вилояти Ветеренария бошқармаси мутасаддиси эса ўз вилоятида номаълум вакцина оқибатида "хавфли шиш" касаллиги тарқалгани кузатилгани, аммо бунинг инсон организмига жиддий зарари йўқлигини айтган эди.

Самарқанд вилоятида номаълум вакцина ортидан қўйлар орасида бирор касаллик чиққанига оид ҳолат қайд этилмаган.

- "Хавфли шиш" касаллиги қўйлар орасида учрайдиган касаллик. Биз буни "злокачественный отёк", деймиз. Микроблар ташийдиган касалликда бу. Унинг оспага ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Инсонга ҳам зарари йўқ. Лекин бизда эмланмадан шунақа касал чиқди, деган гап йўқ, -деди самарқандлик мутасадди.


Қирғизистонда вакцинадан ўлган қўйлар сони 1800га яқинлади

24 сентябр куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида номаълум вакцинадан ўлган қўйлар сони 1733 бошга етгани расман маълум қилинди.

Шунингдек, Жалолобод вилояти ва Сузоқ тумани диагностика марказларида ўлган қўйлардан олинган патология материаллари текширувдан ўтказилгани ва улардан юқумли касалликлар топилмагани эълон қилинди.

Лекин шунга қарамай, Жалолобод вилояти бўйлаб ўлган қўйлар гўшти солинган овқатни еган 5 мингга яқин киши борлиги аниқланган ва уларнинг махсус рўйхати тузилиб, врачлар назоратига олинган.

Ҳудуддаги касалхоналар эпидемияга қарши шай ҳолатга келтирилган, бироқ шу кунгача ҳали бирон кишининг касаллангани аниқланган.

Жалолобод вилоят бош ветеринар врачи Эрмамат Калматовнинг айтишича, қўйлар ўлимига сабаб бўлган вакцина текшируви ҳануз давом этмоқда.

Қўйлар ўлими билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш учун Қирғизистон республикаси вице-бош вазири Тайирбек Сарпашев етакчилигидаги республика штаби ишламоқда.

Мазкур масала ўтган ҳафтада Қирғизистон парламентида муҳокама қилинган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:58 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG