Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:53

Жиззахда ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев қўлга олинди


Ҳуқуқ фаолини куппа-кундуз куни 7 милиционер куч билан автомобилга чиқариб, номаълум манзилга олиб кетган.

30 сентябрь куни соат 10 яримлар атрофида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Жиззах вилояти бўлими раиси Ўктам Пардаев Жиззах шаҳар Ички ишлар бўлимининг 7 кишилик махсус гуруҳи томонидан куч ишлатиш йўли билан қўлга олинган.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли, журналист Абдураҳмон Ташановнинг воқеа гувоҳларига таяниб хабар қилишича, ҳуқуқ фаолининг қаерга олиб кетилгани ва ҳозир қаерда сақланаётгани номаълум.

- Шаҳарнинг Шароф Рашидов кўчасида Пардаевнинг қўлга олинишига шоҳид бўлган шахсларнинг таъкидича, “Тико” ва “Жигули” автомобилларида келган милиция ходимлари ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан дарҳол куч қўллашга ўтган. Ўктам сўнгги лаҳзадагина укаси Ўткирга қўнғироқ қилишга ва машинаси катта кўчада қолиб кетганини айтишга улгурган, дейди Ташанов.

Ўктам Пардаевнинг журналист билан Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармасидан туриб сўзлашган укаси Ўткир Пардаевнинг айтишича, орадан 10 соат вақт ўтганига қарамай Ўктамнинг қаерда экани, нима учун қўлга олингани ҳануз номаълум қолмоқда.

Ички ишлар вазирлигининг шаҳар, вилоят бошқармаларининг ҳамма ҳибсхоналари, вақтинчалик тергов изоляторларига борган Пардаевлар оиласи ҳуқуқ фаолининг соғлигидан, аҳволидан хавотир қилмоқда.

Бунда Пардаевни ҳибсга олиш чоғида унга нисбатан куч ишлатилгани ва бундан ташқари, ҳибсхонада ҳам куч қўлланиши мумкинлиги ҳақидаги эҳтимол тилга олинмоқда.

1978 йилда туғилган Ўктам Пардаев 2006 йилдан бери Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси бўлиб келаётган эди.

У оилали, 3 фарзанди бор.

Ўктам Пардаев йиллар давомида чиқиш визаси берилмаган жиззахлик ҳуқуқ фаолларидан биридир.

Бу воқеа борасида ҳозирча Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда Жиззах вилояти прокуратурасидан бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG