Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:31

"Шаҳрисабзлик марҳум теримчининг уйига фотиҳага бордим"



6 октябр куни калтаклаб ўлдирилган шаҳрисабзлик теримчи Наврўз Исломовнинг уйига фотиҳага борган Озодлик тингловчиси "Эркин микрофон"га боғланди.


Озодликнинг "Эркин микрофон"ига боғланган ва исмини сир тутишимизни сўраган шаҳрисабзлик тингловчи 10 октябр куни марҳум тумандоши Наврўз Исломовнинг уйига фотиҳага борганини айтди.

Бу тингловчининг сўзларига кўра, яқинда 18 ёшга тўлиб, 19 ёшга кирган марҳум Наврўз Исломовнинг оиласи қотилликни содир этган жиноятчиларнинг жазоланишини талаб қилиш ҳаракатида.

- 19 ёшида экан Наврўз Исломов. Отаси сартарош бўлиб ишлар экан. Менинг кичик ўғлим танир экан бу болани. "Отасига ёрдамчи эди, сартарошлик қиларди", деди. Мен сўраб-суриштириб, марҳумнинг Тарахлидаги уйига фотиҳага бордим. Отаси, бобоси билан суҳбатлашдим, онаси билан суҳбатлашмадим. Отасининг айтишича, воқеа Муборак туманида бўлган экан. Бунинг қанақа қилиб бўлганини энди суриштирамиз, деди дадаси. Менинг тушунишимча, бунда Шаҳрисабз тумани ички ишларининг ҳеч алоқаси йўқ, дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган шаҳрисабзлик тингловчи.

Қуйида тингловчи билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:22 0:00
Бевосита линк

"Эркин микрофон"га боғланган тингловчи тилга олган маълумотларни Озодлик ҳозирча бошқа манбалардан тасдиқлатишга муваффақ бўлмади.

Аммо, шаҳрисабзлик теримчи Наврўз Исломовнинг калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги дастлабки хабар 8 октябр куни Озодлик таҳририятига келиб тушган эди.


Норасмий манба: "Наврўз Исломов милиционерлар калтагидан ўлган"

Шаҳрисабзлик теримчи Наврўз Исломовнинг калтаклаб ўлдирилгани ҳақида Озодликка 8 октябр куни шахси сир қолиши шарти билан хабар қилган эди.

Манбанинг иддаосига кўра, 1994 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган Наврўз исмли йигит туман милиционерлари томонидан калтаклаб ўлдирилган.

Озодликнинг Шаҳрисабз тумани мутасаддилари ҳамда тегишли давлат ташкилотлари билан мулоқотлари натижасида бу хабар қисман тасдиғини топган эди.

Яъни, расмий ташкилотлар – Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ва туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотларга кўра, 18 ёшли теримчи калтакланган ва 6 октябр куни вафот этган.

Шаҳрисабз тумани марказий шифохонасида ишлайдиган манбанинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, ҳашарчи йигит ўша куни тонгга яқин оғир аҳволда шифохонага келтирилган ва ўша ерда вафот этган.

Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими марҳум йигитнинг дафн маросими 7 октябр куни бўлганини тасдиқлади ва унда ҳокимият расмийлари ҳам иштирок этганини айтди.

Ҳокимият: "18 ёшли теримчи калтакланиш оқибатида ўлгани аниқ эмас"


Шаҳрисабз тумани ҳокимлигининг шахси сир қолишини истаган расмийси Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда шуни таъкидлаган эди.

Унинг айтишича, 6 октябр куни оламдан ўтган 18 ёшли теримчининг калтаклангани аниқ.

Аммо унга кўра, Наврўз Исломовнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида ўтказилган тиббий экспертиза хулосалари туман ҳокимлиги расмийларига маълум эмас ва жиноий иш қўзғатилгани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Аммо, ҳокимлик мулозими теримчининг калтакланишига гувоҳ бўлган шахслардан кўрсатма йиғиш жараёни бораётгани ва бу жараёнга 24 киши тортилгани, улар орасида Ички ишлар ходимлари ҳам борлиги, айрим гувоҳлар ҳибсда сақланаётганини айтди.

Расмийнинг айтишича, ҳибсда сақланаётган гувоҳлар ичида ички ишлар ходимлари ҳам бор.

Аммо, Шаҳрисабз тумани ва Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг Наврўз Исломовнин ўлганини билвосита тасдиқлаган икки ходими йигитнинг милиционерлар томонидан калтаклаб ўлдирилганини қатъиян рад этган эди.


Бу бу йилги пахта теримининг биринчи қурбони эмас

Шаҳрисабз туманидаги ҳодиса бу йилги пахта терими мавсумида теримчиларнинг вафот этганига оид Озодликка маълум бўлган илк ҳодиса эмас.

Бунга қадар 30 сентябр куни Жиззах шаҳридаги Санъат коллежининг 2-курсида таҳсил олаётган 18 яшар Азиз Бахтиёров пахта тераётган пайтда кутилмаган юрак хуружидан далада вафот этгани хабар қилинган эди.

17 сентябр куни эса Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида тошкентлик ҳашарчи-теримчи 55 ёшли Игорь Ячкевский оламдан ўтгани, унинг ҳам юрак хуружидан вафот этгани айтилган эди.

Бу йилги пахта теримига мактаб ўқувчиларининг чиқарилишини тақиқлаган Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини оммавий равишда пахатага сафарбар қилган.

Пахта терими мавсумини кузатаётган баъзи ўзбекистонликлар ҳамда ҳуқуқ фаоллари бераётган хабарларга кўра, баъзи ҳудудларда расмийлар хаста талабалар ҳамда ишчи-хизматчилар ҳам пахта йиғим-теримига мажбуран сафарбар қилган.
XS
SM
MD
LG