Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:09

Сўх: Жанжал тугагандай, лекин муаммо қолаверди (Воқеалар хроникаси)


Хабарларга кўра, ўзбекистонликлар қирғизистонликларга қарашли иккита машинани ёқиб юборган, бир минибусга зарар етказган.
Хабарларга кўра, ўзбекистонликлар қирғизистонликларга қарашли иккита машинани ёқиб юборган, бир минибусга зарар етказган.

5 январ, шанба куни бошланиб, 7 январ, душанба куни якунига етган Сўх жанжали тўғрисида сўнгги уч кун давомида пайдо бўлган хабарлар баъзи ҳолатларда ўта зиддиятли бўлгани билан диққатни тортди.


Воқеа Қирғизистондаги оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Бироқ Ўзбекистонда бу ҳақда аҳолига маълумот берилмади.

Ҳатто Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси вакили ўз идорасининг12.уз агентлиги эълон қилган баёнотини ҳам инкор этди.

Қўмита вакили “Озодлик”ка “Биз бундай баёнот тарқатганимиз йўқ”, деди.
Бироқ мавжудлиги инкор этилган баёнотда келтирилган фактлар 12.уз агентлиги ихтиёрида бундай ҳужжат чиндан ҳам бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатиб турибди.

Сўхда 5, 6, 7 январ кунлари нима бўлгани тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун Қирғизистоннинг бир ахборот агентлиги хабарларида ва Ўзбекистон Чегара қўмитасиники дейилаётган баёнотда келтирилган фактлар ҳамда воқеа шоҳиди ва бевосита иштирокчиси, Сўх тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлим бошлиғи Сарвар Ҳомиджоновнинг “Озодлик”ка айтганлари билан бирин-кетин таништирмоқчимиз.

5 январ, шанба

“Жанжал қирғиз чегарачиларининг Ўзбекистон ҳудудида симёғоч ўрната бошлаганидан чиқди”.

Озодлик манбасига кўра, воқеанинг илдизини 3-4 январдан излаш лозим.

-Қирғиз чегарачилари 3, 4 январ кунлари бизнинг ҳудудда 6 та симёғоч ўрнатишди. 5 январ куни соат учда мен ўша жойга бордим. Борсам, 6 та қирғиз аскари турибди. Ўзбекистон ҳудудида, чегара чизиғида туришибди. У ерда Ҳушёр қишлоғида яшайдиганлардан 30 га яқини ҳам турган экан. Мен аскарларга тушунтирдим. Бу бизнинг ҳудуд, симёғочни ўзингизнинг ҳудудингизда ўрнатинг, дедим. Улар рози бўлди. Лекин улар ўша, шанба куниёқ 3 та ўқ отишди. Йиғилган ҳушёрликлардан қўрқиб кетишди шекилли. Кейин ҳамма тарқаб кетди, деди Сарвар Ҳомиджонов.


“Ҳушёрликлар қирғиз чегарачиларига ҳужум қилган”

АКИpress-Ош: Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудудида жойлашган Ўзбекистонга қарашли Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолисидан бир гуруҳи 5 январ куни қирғиз чегарачиларига ҳужум қилиб, уларнинг қуролларини тортиб олишга уринган.

Ҳушёрликларнинг ҳужумига қирғиз чегарачиларининг “Чорвоқ” чегара маррасига электр қуввати ўтказиш учун симёғочлар тортаётгани сабаб бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ўзбекистонликлар қирғизистонликларга қарашли иккита машинани ёқиб юборган, бир минибусга зарар етказган.


“Ўзбекистонликлар Қирғизистон чегарачиларига ҳужум қилмаган”
Бироқ Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитасининг 7 январ кунги баёнотига кўра, Ўзбекистон фуқаролари 5 январ куни Қирғизистон чегарачиларига ҳужум қилмаган.

Баёнотга кўра, қирғиз чегарачилари Ўзбекистонга қарашли Ҳушёр қишлоғи ҳудудида Ўзбекистон томонини огоҳлантирмай “Чорвоқ” чегара маррасига электр қуввати ўтказиш учун симёғочлар ўрнатишга уринган ва бундай ҳаракат расмий Тошкентга кўра, халқаро қоидалар ва икки томонлама келишувларга зиддир.

Воқеа жойига ўзбекистонлик чегарачилар етиб борган ва қирғиз ҳамкасбларидан симёғоч ўрнатишни тўхтатишни талаб қилган.

Томонлар мазкур масалани 6 январ куни икки давлат ваколатли вакилларининг учрашувида ҳал қилишга келишиб олган.

6 январ, якшанба

“Қирғиз чегарачилари 5 ўзбекистонликни отиб қўйди”

Озодлик манбаси: Отилган ўқ шундоқ менинг ёнимдан ўтиб, орқамда турган одамга тегди. 5 киши ҳозир касалхонада. Энг оғир жароҳат олгани 26 ёшли Шакаржон бўлади. У қорнидан ўқ еди. Яна бири қўлидан, яна бири қулоғидан, яна бири оёғидан. Бозор куни соат кечки 4-5ларда қирғизлар бизнинг 6 нафар аёлни ҳам гаровга олди. Биз қирғизистонлик аёлларни қўйиб юборганимиздан кейин, у ўзбек аёллар ҳам Боткендан уйига қайтарилди.


“Ўзбекистонликлар қарийб 40 қирғизистонликни гаровга олди”

“АКИpress-Ош”нинг 7 январ эрталабки хабарида 5 январ кунги инцидентнинг қўшимча тафсилоти пайдо бўлди. Айтилишича, ўша куни “Сўхликлар Боткен туманининг чегараолди ҳудудларида истиқомат қилувчи 40 нафар атрофидаги фуқарони гаровга олган”.

Боткен вилоят прокуратураси “қирғиз чегарачиларига ҳужум қилганлиги, ҳамда қирғиз фуқароларини гаровга олганлиги” учун Ўзбекистон фуқаролари устидан иккита жиноят иши қўзғади.


“Қирғизистон халқаро қоидаларни бузди”

Ўзбекистон Давлат чегара қўмитаси 7 январ куни эълон қилган баёнотида 6 январ кунги воқеалар тўғрисида мана бундай дейилган:

“Қирғизистон томони 6 январ куни икки ўртада эришилган келишувларга қарамай, бир томонлама, иккинчи томон розилигини олмай, ҳудуднинг Ўзбекистонга қарашли эканлигига қарамай симёғочларни ўрнатишда давом этди (5 январ куни бошланган ишни).

Бу ҳаракат эса, Ўзбекистоннинг Ҳушёр қишлоғи ва Қирғизистон ҳарбийлари ўртасида жанжал чиқишига сабаб бўлди. Инцидент оқибатида қирғиз чегарачилари қурол ишлатиб Ўзбекистоннинг 5 фуқаросини яралади. Ярадорларнинг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланмоқда”.

7 январ, душанба

“Гаровдаги қирғизистонликлар ўз юртига қайтарилди”

Озодлик манбаси: 5-6 январ кунлари хушёрликлар томонидан гаровга олинган қирғизистонликларнинг барчаси 7 январ, тушдан кейин ўз юртига қайтарилди.

- Улар Сўх туман шифохонасида эди. Соат кундузи 12-13 лар атрофида ҳаммаси тез ёрдам машинасида милиция ходимлари кузатувида Қирғизистонга жўнатилди. Мен ўзим ўша ерда эдим,- деди манба.


“Гаровга олинганларнинг Боткенга етиб келиши кутилмоқда”

Бу ҳақда АКИpress-Ош агентлиги Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Женишбек Разаковга таяниб хабар қилди.

Мухтор вакилга кўра, Боткен вилояти расмийлари Ўзбекистоннинг Сўх тумани ҳамда Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари ва чегара хизматлари раҳбарлари билан вазиятни тинч изга солиш юзасидан икки кун давомида сўзлашувлар олиб борган.


“Қирғизистон томони узр сўради”

Ўзбекистон Давлат чегара қўмитасининг 7 январ куни эълон қилган баёнотидан: Инцидент юз берган жойда “Боткен вилояти губернатори Ж. Раззаков ва Қирғизистон Республикаси чегарасининг Боткен участкаси бўйича вакили полковник Н. Керимкановлар бўлиб, симёғочлар нотўғри жойда ўрнатилганини тан олдилар, уларни ҚР ҳудуди ичкарисига кўчириш мажбуриятини зиммаларига олдилар ҳамда узр сўрадилар”.

Ўзбекистон Давлат чегара қўмитаси матбуот хизматининг 12.уз сайтига маълум қилишича, Ўзбекистон томони юз берган инцидент учун масъулиятни Қирғизистон томонига юклаган, воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилган.


"Ўзбекистон фуқароларининг агрессив ҳаракати...”

Қирғизистон Мудофаа кенгаши котибияти 7 январ куни тарқатган баёнотда Сўх анклавидаги икки кунлик низога Ўзбекистон билан чегара чизиғини белгилаш масалаларидаги ноаниқлик ва ўзбекистонлик аҳолининг агрессив ҳаракатлари сабаб экани айтилди.

"Ўзбекистон фуқароларининг агрессив ҳаракати, жисмоний куч қўллаши оқибатида, шунингдек, Қирғизистон чегара нарядига ҳужум қилиши натижасида Қирғизистон республикаси ҳарбий хизматчилари ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узишга мажбур бўлишди", дейилган баёнотда.

Шундай қилиб, Сўх воқеаси юзасидан сўнгги 3 кун давомида эълон қилинган хабарлардан жанжал марказидаги асосий воқеалар – гаровга олиш ҳолатлари бартараф этилгани, бироқ воқеага муносабат ва унга баҳо беришда ҳар иккала томон ўз фикрида қолгани кўриниб турибди.


Вазирлар телефон орқали сўзлашиб олди

КирТАГ ахборот агентлигига кўра, 7 январ куни Қирғизистон ва Ўзбекистон ички ишлар вазирлари Шамил Атаханов ва Баҳодир Матлубовлар ўртасида телефон сўзлашувлари бўлиб ўтди.

“Телефон орқали мулоқот чоғида Сўх анклави билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Томонлар юзага келган вазиятни тезроқ изга солишдан манфаатдор эканликларини билдирди”, дейилган КирТАГ хабарида.

Ва ниҳоят энг сўнгги хабар:


ЕХҲТ томонларни мулоқотга чақирди

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг жорий раиси, Украина ташқи ишлар вазири Леонид Кожара 7 январ куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида юз берган инцидент муносабати билан томонларни оғир-босиқ бўлишга ва ўзаро мулоқотга киришга чақирди.
XS
SM
MD
LG