Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:59

Таниқли режиссёр Баҳром Ёқубов энди ўғриликда айбланмоқда


Сурхондарёлик йигит тоғаваччаси ҳаётига зомин бўлди. Жиззах қишлоқларига бўри оралади. Тошкентда энага боғча тарбиячисидан кўпроқ пул топмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Баҳром Ёқубов: бу ўғрилик эмас, таъсирланиш”

Режиссёр Баҳром Ёқубовнинг “О, Марям, Марям” фильми афғон ёзувчиси Холид Ҳусайнийнинг “Минг қуёш шуъласи” асари асосида суратга олинган. Лекин муаллифлик ҳуқуқи қонунчилигига зид равишда картина титрида асар муаллифининг исм-фамилияси кўрсатилмаган (“Даракчи”, 10 январ).

Режиссёрнинг ўзи асарни ўғирламагани, ундан фақат таъсирланганини айтган. “Тўғри, воқеалар асардагилар билан ўхшаш, деярли бир хил, аммо мен нима бўлганда ҳам, “О, Марям, Марям”ни ўзимизнинг миллий асар қилиб қайта яратдим”, дейди режиссёр. “Менимча, муаллиф унинг асаридан илҳомланган ҳолда кино яратганимизни эшитса, хурсанд бўлади”, дея қўшимча қилади Ёқубов.

Режиссёр Баҳром Ёқубов ёш актриса билан боғлиқ шармсиз видео тарқалиши ортидан бир неча йил ўзбек киносида кўринмай қолди. Сўнгги икки йил ичида у суратга олган қатор фильмлар бошқа режиссёрлар номидан тақдим этилди. Режиссёр мазкур ҳолатни изоҳлаб, “Бу продюсерларнинг ўзини ҳимоя қилиш усули. Улар фильмларимга фақат шу шарт билан ҳомийлик қилишяпти”, дея изоҳлади вазиятни “Даракчи” нашрига.

“Сил касалига чалинганлар мажбурий даволанади”

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сил касаллигига чалинганлар учун даволанишни мажбурий қилишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди (“XXI аср”, 10 январ). Қайд этилишича, мамлакатда сил бўйича эпидемиологик кўрсаткич минтақа давлатларига солиштирганда паст бўлишига қарамай, касалликка қарши курашиш тизимида қатор муаммолар мавжуд. Охирги ўн йил давомида сил касаллигининг клиник кўринишлари кескин ўзгарди ва сил таёқчасининг унга қарши дори воситаларига чидамлилига жиддий хавф туғдирмоқда.

Беморларни даволаш самарадорлиги ҳам паст. Шу билан бирга, мазкур касаллик биринчи марта аниқланган беморлар орасида ўзбошимчалик билан даволанишни тўхтатиб қўйганлар 12 фоизга етган. Агар улар мажбурий даволаш тартибига ўтказилмаса, жамият ҳаётига катта зарар келтирадиган эпидемиологик ҳавф юзага келиши мумкин.

“Жиззахнинг тоғли қишлоқларида бўри кўпайди”

Жиззахнинг тоғли ҳудудлари ҳисобланган Ғаллаорол ва Фориш туманларида емак дардида изғиб юрган бўри ва тулкилар кўпаймоқда (“Инсон ва қонун”, 8 январ). Тоғларга қалин қор тушгани туфайли ёввойи ҳайвонлар егулик тополмай қийналмоқда ва пастки қишлоқларга тушмоқда. Ёввойи ҳайвонларнинг кўпайгани, табиийки, аҳоли хавфсизлигига дахл қилмоқда. Бўриларнинг қишлоқларга келишига қарши курашиш мақсадида айрим қишлоқларда тунги навбатчилик ташкил қилинган.

“Энага қанча пул топади?”

Тошкентда энагалик билан шуғулланувчи аёллар боғча тарбиячиларидан кўпроқ пул ишламоқда (“Новый век”, 10 январ). Газета ўрганишларига кўра, энагаларнинг иш ҳақи соатига 3500 сўмдан бошланади. Дам олиш кунлари ва тунда ишлаш учун одатдагидан икки баравар кўпроқ пул берилади. Шу билан бирга, энага тушлик ва зарур ҳолларда кира ҳақи билан таъминланади. “Мўмай даромад, ишонаверинг! Ҳолбуки, боғчада камида ўнта болага қарайдиган тарбиячи бундан анча чўғи кам ойликка қаноат қилади”, деб ёзади муаллиф Г. Абдуқаюмова.

Дарвоқе, ота-оналар энага топиб берган агентликка ҳам йиллик шартнома учун энага ойлик маошининг 80 фоизигача пул тўлайди. Махсус агентликлар энагаларни тайёрлаш, номзодларнинг саломатлиги ва руҳий ҳолатини соғлиқни сақлаш ва ички ишлар идоралари орқали тафтишдан ўтказишга масъул. Айтилишича, 35-40 ёшли, оилали ва фарзандли аёл-энагаларга талаб катта.

“Юрист… одамфурушлик учун қамалди”

Бекободлик Фарид Ўктамов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддасига кўра одам савдосида айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Адолат кўзгуси”, 10 январ). Ўктамов 10 нафар ҳамқишлоғини катта даромад ваъда қилиб, Қозоғистон орқали Россиянинг Пенза шаҳрига олиб боради ва маҳаллий корчалонларга сотиб юборади. Бекободлик йигитлар оғир шароитда, қийноқлар остида мажбурий ишлатилади. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Исматилла Мамановнинг ёзишича, одамфурушликда айбланган Ўктамов Москва замонавий гуманитар фанлар университетининг юридик факультетида таҳсил олган.

“Хоразмда велосипед ишлаб чиқарилади”

Хоразмда 2013 йилнинг иккинчи ярмида велосипед ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. “XXI аср” газетаси хабарига кўра, айни пайтда Қўшкўпир тумани Янгилик қишлоғида велосипед корхонаси қурилиши бошланган. Умумий қиймати 4 миллиард сўмлик лойиҳа Ўзбекистоннинг “Сино Урганч” масъулияти чекланган жамияти ва Хитойнинг “Xim Jang Tashbulak Trade” компанияси томонидан молиялаштирилади. Дастлаб корхонада 20 мингта велосипед ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

“Тоғаваччаси ўлимига сабаб бўлган йигит 9 йилга кесилди”

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшовчи Искандар Абдураҳмонов норасида тоғаваччаси Муҳриддин Муллабоевнинг ҳаётига зомин бўлди (“Истеъмолчи”, 10 январ). “21 ёшидаёқ уч марта жиноят содир этиб улгурган” Абдураҳмонов хилватда тоғаваччасини тенгдоши Муродилла Сатторов билан муштлаштиради ва ўзи “жанг”га ҳакамлик қилади. “Аммо унга завқ бағишлаган текин томоша фожиали якун топди. Рақибидан устма-уст қаттиқ зарба олган Муҳриддин ерга йиқилиб ҳушидан кетди. Кечки пайт эса шифохонада жон таслим қилди”, дея ёзади газета. Суд ҳукмига мувофиқ, муштлашув иштирокчиси, вояга етмаган М. Сатторовга амнистия қўлланилган. Жиноят далолатчиси деб топилган Абдураҳмоновга эса 9 йиллик қамоқ тайинланган.

“Довонда… фавқулодда вазият”

Қашқадарёнинг Сурхондарё билан чегарадош Оқрабод довонида қор кўчкиси ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича махсус тактик-ўқув машғулоти ўтказилди. Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Вазият” нашрига кўра, учта босқичда ўтказилган ўқув машқларига 100 дан ошиқ одам ва 18 та турли махсус техника воситалари жалб этилган. Операция давомида қор кўчкиси натижасида ҳалокатга учраган транспорт воситаларини қидириш, жароҳатланган йўловчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш, йўлларни тозалаш, қидирув-қутқарув билан боғлиқ бошқа амалиётлар бажарилган. “Қиш мавсумида вилоятининг тоғли ҳудудларида кўп миқдорда қор ёғиши натижасида мазкур ҳудудлардан ўтувчи йўлларда кўчки ва йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлиши хавфи ошади” дея қайд этади Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси расмийси Д. Мусаев.
XS
SM
MD
LG