Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Ўш мэри келажакда шаҳардаги баъзи уйлар бузилишини тасдиқлади


Ўш мэри Мелис Мирзақматов.
Ўш мэри Мелис Мирзақматов.

Бугун Озодликнинг Бишкекдаги офисига келган Ўш мэри Мелис Мирзақматов саволларга жавоб берар экан, келажакда Ўшда шаҳар бош планига мувофиқ равишда қурилишлар бўлишини, бунинг ортидан айрим уйлар бузилишини қайд этди.


- 50-60-йилларда қурилган сомонли уйлар бугунги кундаги стандартга тўғри келмайди. Ўш шаҳри сеймик жиҳатдан фаол ҳудудда жойлашган. Худо сақласин, зилзила бўлгудек бўлса, миллати ўзбек ёки қирғиз бўлишига қарамай, вайроналар остида қолиши мумкин. Давлат эса миллионлаб зарар кўради. Шунинг олдини олган ҳолда, биз бош планни амалга оширишимиз керак, Ўшнинг қиёфасини ўзгартириш устида ишлашимиз керак. Пировардида зилзилага дош бера оладиган, замонавий осмонўпар биноларни қуришимиз керак, - деди Ўш мэри Мелис Мирзақматов бу кварталларнинг ҳаммаси барча миллат вакиллари аралаш яшаган кварталлар бўлиши лозимлигини қўшимча қиларкан.

Айтиш лозимки, Мирзақматов айтаётган сомонли уйларнинг аксарияти асосан ўзбек миллатига мансуб ўшликларга тегишли уйлардир.

Ўш мэри бузилажак уйлар мустақил экспертлар томонидан баҳоланиши ва улар чиқарган хулоса асосида муниципалитет бу уйларнинг эгаларига пул тўлаб беришини ҳамда бу ишлар бу йилдан бошланишини айтди.

Мелис Мирзақматовга кўра, бугунги кунда Ўшда миллатлараро муносабатлар ўнгланиб қолган. Бунга у яқинда Ўш шаҳри марказий майдонида қутланган янги йил байрамини мисол келтирди.

- 50 мингдан зиёд одам қатнашди. Ўшанинг 30-40 фоизга яқини бошқа миллат вакиллари бўлди. Буларнинг орасида ўзбек миллатига мансуб кишилар ҳам бор. Бу нимани билдиради? Демак, Ўшда аввалгидек ҳамжиҳатлик билан байрамларни биргаликда нишонлаб қолганимизни билдиради. Ўш шаҳар мэрияси 2011 йилни “Миллатлараро муносабатларни яхшилаш йили” деб эълон қилиб, ўша пайтда қатор чора-тадбирларни амалга оширган. Кейинги йилни “Ёшлар ва билим йили” деб эълон қилдик. Натижада биз бугунги кунда Ўшда барқарор тинчликка, барқарорликка эга бўлиб турибмиз, - деди Мелис Мирзақматов бу ўзи раҳбарлик қилаётган Ўш мэрияси ишининг натижаси эканини таъкидларкан.

Мелис Мирзақматов Ўш шаҳрига 2009 йилда ўша пайтдаги президент Бакиев томонидан мэр этиб тайинланган бўлиб, 2010 йил июнида Қирғизистон жанубида, хусусан, Ўшда содир бўлган миллатлараро тўқнашув пайтида ҳам шаҳарга раҳбарлик қилганди.

Июн воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафари (70%) ўзбек, 123 нафари (29,2%) қирғиз, 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғурдир.
XS
SM
MD
LG