Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:24

Ўшда ўзбекларнинг концерти ўтказилди


Ўшда 2010 йил воқеаларидан сўнг биринчи марта маҳаллий ўзбек санъаткорларининг катта концерти ташкил этилди. 10 феврал куни Бобур номидаги ўзбек академик театрида ўтказилган мазкур дастур томошабинлар томонидан орзиқиб кутилган эди.

Ўшдаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли ўзбек академик театрида 10 феврал куни бўлиб ўтган концерт худди ўшлик ўзбеклар орзиқиб кутган кундек қабул қилинди. Ўш воқеаларидан сўнг ўзбеклар учун ўтказилган илк концерт “Интимақ” телерадиоканали ва Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг 10 - бўлими томонидан уюштирилган.



-Ушбу концертни ўтказишдан мақсад Ўшда халқ орасида маданиятни ривожлантириб, сўнгги 3 йилда ўзбек қўшиқчилари томонидан тайёрланган янги қўшиқларнинг тақдимотини ўтказиш, халқларни тинчлик ва бирдамликка чақиришдир. Қолаверса, ўшлик ўзбекларнинг хонадонига хурсандчилик ва яхши кайфият олиб киришдир,- деди Ўшдаги “Интимақ” жамоат телерадиокомпанияси бош директори вазифасини бажарувчи Каарманбек Кулуев.



Тадбирда Қирғизистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги 10- бошқармаси жанубий бошқармасининг 30 нафар ходими жамоатчилик тартибини сақлаб турди. Шунингдек, куч тизими ходимлари концерт ташкилотчиларидан бири бўлиб ҳисобланади.

-Қирғиз ва ўзбек халқи азалдан тотувликда яшаб, қариндош уруғ бўлиб келган. Ўзингларга маълум, 2010 йилда ёмон воқеалар бўлди. Шу ҳол қайта такрорланмаслиги учун ва олдини олиш учун биз бугунги тадбирни ўтказяпмиз,- деди милиция полковниги Наримон Ўсўров.



2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг ўшлик ва жалолободлик ўзбек қўшиқчилари байрам тадбирларига чақирилмай тўйлардагина куйлаб қолган. Бу кўриниш эса айрим ўзбек қўшиқчиларининг ижодий фаолиятини тўхтатишига сабаб бўлган. Айрим ўзбек қўшиқчилари эса ўз ижодларини қўшни Ўзбекистонда давом эттиришга ҳаракат қилган:

- Ўзбекистонда бир нечта қўшиқ тайёрлашга ҳаракат қилиб кўрдик. Озгина қийинчилик бор экан. Биринчидан, қирғизистонлик эканимиз, иккинчидан, маблағ масаласи. Жуда ҳам кўп пул керак экан у ерда, лекин қўшиқ яхши чиқади. Бизнинг Қирғизистонда ҳам 2010 йилгача қўшиқ тайёрлаш осон бўлган эди,
аранжировкачилар кўп эди. 2010 йилдан кейин умуман қийин бўлди. Ўртада икки йил дам олганмиз. Қўшиқларни эфирдан бериш тўхтаб қолган,- деди тадбирда иштирок этган жалолободлик ёш хонанда Шухрат Азизов.



Ўшда йигирмадан ортиқ ўзбек қўшиқчилари бор. Қирғизистонлик ўзбек қўшиқчилари орасида сўнги пайтларда ватанпарварлик ва миллатлараро хамдўстлик мадҳ этилган ашуллалар кўпроқ куйланаётгани сезилади. 10 феврал кунги концерт дастурида шундай қўшиқлар ҳам ўрин олди.


Бундан ташқари Заҳириддин Муҳаммад Бобур театри ижодкорлари ҳам аския ва хазиллари билан концерт иштирокчилари кўнглини кўтарди.

XS
SM
MD
LG