Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:34

Тошкентда Coca Cola танқис бўлиб қолди


Тошкент шаҳридаги дўконларда кейинги бир ҳафта давомида "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компанияси ишлаб чиқарган ичимликлар камайиб қолди.


Кола камайиб қолди


Тошкентдаги манбалардан бири Озодликка мактуб йўллаб, пойтахт дўконларида "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" корхонасида ишлаб чиқарилган ичимликлар танқис бўлиб қолгани ҳақида хабар қилди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, Тошкентдаги катта супермаркетлар, жумладан, “Korzinka.uz” тармоқ дўконларидан ҳам Coca-cola ичимлигини топиб бўлмаяпти.

Озодлик вазиятни ўрганиш учун Тошкент шаҳридаги “Korzinka.uz”нинг Шайхонтоҳур туманидаги тармоқ дўкони билан боғланганида дўкон ходими буни тасдиқлади.

- Кейинги бир ҳафта давомида Кола маҳсулотларининг етишмовчилиги бизнинг дўконда ҳам бўлаяпти,- деди ўзини таништирмаган дўкон ходими.

“Korzinka.uz”нинг Яккасарой туманидаги дўкони ходимидан ҳам худди шу мазмундаги жавобни олдик.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган "Coca Cola Uzbekistan" ширкати маҳсулотлари Ўзбекистондаги ягона гипермаркет - “Megaplanet”да ҳам чекланган миқдорда сотилаяпти. “Megaplanet” гипермаркети ҳам Гулнора Каримова назоратида экани айтилади.

“Megaplanet”нинг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасисига кўра, ҳозирда гипермаркет омборларида Coca Cola ичимлиги кам қолганлиги боис, бир кишига фақат битта блокдан берилаяпти.

- Ҳозир супермаркетларимизда Коланинг ўзи йўқ. Тўғрисини айтсам, Коланинг 1,5 ва 0,5 литрлигининг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам лимит билан сотаяпмиз. Агар битта одам 10 та блок олиб кетса, 9 таси қолиб кетаяпти. Шунинг учун фақат битта блокдандан бераяпмиз,- деди “Megaplanet” ходими.

Пойтахтдаги “Smart” супермаркет тармоғи дўконларида ҳам вазият шунга ўхшаш.

- Проблема бўлаяпти, жа унчалик бўлмаса ҳам. Бир хил пайтлари ора-орада йўқ бўлиб қолаяпти. Ҳозир ҳам Коланинг 1,5 ва 0,5 литрликлари сотувда йўқ,- деди “Smart” супермаркетининг ўзини таништирмаган сотувчиси.

Тошкентдаги “Дунё” супермаркети ходимларидан олинган маълумотга кўра, сўнгги 4-5 кундан буён бу дўконда ҳам Coca Cola ичимлиги сотилмаяпти.

- Ҳозир Coca Cola компаниясининг барча ассортиментлари йўқ. 1,5 литрлик Кола қолмаган. 4-5 кундан буён йўқ,- деди “Дунё” супермаркетининг ўзини таништирмаган ходими.

Кола танқислиги сабаби номаълум


Озодлик мухбири суҳбатлашган “Megaplanet”, “Дунё”, “Smart” дўконларининг ходимлари Coca Cola ичимликларининг камайиб қолгани сабабларини билмасликларини айтишди.

Фақат “Korzinka.uz”нинг Ракатдаги дўкони сотувчи "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясида профилактика ишлари бўлаётгани боис ичимликлар етишмовчилиги кузатилаётгани ҳақида гапирди.

Тошкентдаги Озодлик манбасига кўра, бир ҳафта олдин "Coca-Cola" компаниясида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув бошлангани ҳақида гап тарқалган.

Бироқ "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясининг бош идораси ходимлари текширув ва профилактика ҳақидаги гап-сўзларни инкор қилишди.

Ўзини Виктория деб таништирган ширкатининг маҳсулотларни сотиш бўлими ходимасига кўра, ҳозирда ишлаб чиқариш ва сотиш режага кўра амалга оширилаяпти.

- Заводимиз аввал қандай ишлаган бўлса, ҳозир ҳам шундай ишлаяпти. Барча ходимларимиз ҳозир ишда. Баклашкалардаги ичимликларимизга келсак, икки йилдирки баклашкадаги ичимликларни сотиш билан дистрибюторлар шуғулланаяпти. Биз ҳозир маҳсулот ишлаб чиқарамиз, лекин уни сотиш масаласи бизга тааллуқли эмас. Ичимликларимизнинг супермаркет ва дўконларда сотиш масаласига фақат дистрибюторлар жавобгар, деди Виктория.

Виктория ва Озодлик суҳбатлашган компаниянинг бошқа ходимлари ширкатнинг расмий дистрибюторлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни истамади. Компания расмий сайтида ҳам дистрибюторлар борасида бирор маълумот йўқ.

Ҳозирда "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясида беш хил тур (Coca-Cola, Coca-Cola Zero, Fanta, Sprite ва BonAqua)даги ичимликлар ҳар хил қадоқларда ишлаб чиқарилмоқда.

“Coca-Cola” ва президентнинг қизи: Тарих


Ўзбекистонда “Coca-Cola” компаниясининг пайдо бўлиши президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва унинг собиқ эри Мансур Мақсудий шахси билан боғланади.

Гулнора Каримова 1991 йилда америкалик ўзбеклардан бўлган Мақсудийлар оиласига келин бўлиб тушгач, қуда томон 1994 йилнинг мартида Тошкентнинг “Беш-ёғоч” даҳасида “Coca-Cola” заводини ишга туширган.

Ўша пайтда мазкур компания Гулнора Каримованинг собиқ эри Мансур Мақсудийга тегишли бўлган.

2001 йилнинг августида Гулнора Каримова Мансур Мақсудий билан ажрашгач, "Coca-Cola" компаниясида тафтиш бошланиб, Мақсудийларнинг бир қанча қариндоши қамоққа ташланган.

Кейинчалик Гулнора Каримова "Coca-Cola" компанияси устидан тўла шахсий назоратини ўрнатгани айтилади.


“Coca-Cola” ва президентнинг қизи: Бугунги кун


Ўтган йилнинг июл ойида "Coca-Cola Icihmligi Uzbekiston, LTD" компаниясининг икки ходими Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевлар Женевада ҳибсга олинган эди.

Швейцария прокуратураси бу икки шахс пул ювишга доир жиноят иши доирасида қўлга олинганини Озодликка маълум қилган эди.

Бу ишларга бевосита Гулнора Каримова ҳам алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилди.

2012 йилнинг 16 октябр куни Швейцария Бош прокуратураси Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевни гаров эвазига қўйиб юборди. Бироқ тергов иши давом этиши ҳақида маълум қилди.

Алишер Эргашев Швеция бош прокуратураси тергов қилаётган мамлакатнинг энг йирик телеком ширкати TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид жиноий ишда ҳам асосий фигурантлардан биридир.

Озодлик мухбири 18 феврал куни "Coca-Cola" компаниясининг юристи Ирина Крилова билан боғланганида, у Шохрух Собиров ва Алишер Эргашев ҳозирда компанияда ўз вазифасини давом этираётганини айтди. Бироқ юрист Собиров билан Эргашевнинг компанияда нима вазифада ишлашини очиқлашдан бош тортди.
XS
SM
MD
LG