Ўзбекистонда ипак қурти боқиш мавсуми бошланди. Ҳар доимгидек пилла қурти боқиш мажбурияти фермерлар зиммасига юклатилмоқда. Фермерларнинг айтишларича, бир ярим ой давом этадиган бу оғир ишга болаларни жалб қилмасликнинг иложи йўқ.
Ўзбекистон вилоятларида фермерларга ипак қурти тарқатила бошлади.
Исми сир қолишини сўраган жиззахлик фермернинг айтишича, вилоят ҳокими селектор йиғилишида жуда қаттиқ талабларни қўйган:
- Кеча вилоят ҳокими уч соат Сайфиддин Исмоилов селектор ўтказди. Милиция бошлиғига, прокурорга топшириқ берди. Агар фермер пиллани боқмаса, ерини ёпасан, мол-мулкини мусодара қиласан, қарздорлигини бўйнига қўясан, деди. Фермерларга пиллани бажараман деган шартномаларга мажбуран қўл қўйдириб олишяпти,- дейди фермер.
Фермерга кўра, Ўзбекистонда пилла етиштириш тўлалигича фермерларнинг зиммасига юклатилган. Ипак қурти фермерлар ерларининг ҳажмига қараб бўлиб берилади. Фермер умумий ер майдонининг ҳар гектари ҳисобидан икки килограммдан пилла етиштириб бериши шарт.
Бироқ, ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар ўтказган мониторингларга кўра, мамлакат қишлоқ хўжалигида бола меҳнатидан кенг фойдаланилади.
Жиззахлик фермернинг айтишича, пилла етиштиришни бола меҳнатисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бунда ҳокимият болаларни ипак қурти боқишга бевосита мажбурламайди, бироқ пилла қурти боқиш зиммасига тушган оилалар бола ёрдамисиз бу ишни уддалай олмайди, дейди фермер:
- Бола меҳнатисиз пилла етиштириб бўладими? Тут дарахтларини тепасига болалар чиқмаса, биз чиқолмаймиз. Болалар чиқиб чопиб беради, тележкага юклаб олиб келамиз. Пилла қурти вақт соатга қарамайди, ҳар соатда барг солиш керак, кечаю кундуз қараш керак. Ишчиларимиз бола-чақаси билан бир ой қарайди. Болаларсиз қурт боқолмаймиз,- дейди фермер.
Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида истиқомат қилувчи 43 ёшли Адолатнинг айтишича, пилла қурти боқишда болалар асосий ёрдамчилардир:
- Бу ишни ёрдамчисиз қилиб бўлмайди. Уни жуда иши кўп, кўпчилик бўлмаса бўлмайди. Айниқса пиллани териб олишда ўғил-қизларим синфдошларини ҳашарга айтиб келади. Болалар урра қилиб териб ташлайди,- деди Адолат.
Ўзбекистонлик фермерларга кўра, ипак қурти боқиш тизимининг тўғри йўлга қўйилмагани боис, бу иш фермерлар зиммасига мажбуран юкланмоқда ва болалар пилла етиштиришда бевосита асосий ёрдамчилардан бири бўлиб қолишга мажбур бўляпти.
Бухоро вилоятининг Жондор туманида фермерлик қиладиган Бобомурод Раззоқов фикрича, ипак қурти боқиш ихтиёрий ва касаначилик тарзида бўлиши керак:
- Пилла қурти боқиш аслида ихтиёрий, касаначилик тарзида бўлиши керак. Бироқ айни пайтда бу иш туман ҳокимликлари зиммасига юкланган. Ҳокимликлар эса фермерларга бўлиб беради. Фермер бундан фойда кўрмайди, аксинча зарар кўради. Масалан, фермерлар қурт боқувчиларга ер бераман деб ваъда қилади, буғдойидан капсан бераман дейди ёки маҳалла фуқаролар йиғинлари воситасида кам таъминланган оилаларга бола нафақасини кесиш билан таҳдид қилинади. Одамлар бундан жуда оз фойда кўрсада ипак қурти боқишга мажбур бўлади,- дейди Бобомурод Раззоқов.
Ўзбекистон ҳукумати ипак қурти боқишни марказлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси бу йил Хитойдан 12 миллион дона бир йилда икки марта ҳосил берадиган тут кўчатлари сотиб олиш ҳақида қарор қабул қилган эди.
Бу тут кўчатларидан барпо қилинган плантациялар пахта қабул қилиш пунктлари қошида барпо қилинаётган қуртхоналарга яқин жойларда ташкил қилиниши айтилган.
Агар бу янгилик амалга ошса, пиллачиликда бола меҳнатидан фойдаланишга барҳам берилади, ҳамда пахта қабул қилиш пунктларида ишлаётган мавсумий ишчилар иш билан таъминланади.
"Ўзбекенгилсаноат" давлат ҳиссадорлик компанияси берган маълумотга кўра ўтган йилда 25 минг тонна пилла етиштирилган.
Ўзбекистонда тайёрланган пилла толасининг 70 фоизи экспорт қилинади, 30 фоизи мамлакат ичкарисидаги ипакчилик корхоналари эҳтиёжи учун ишлатилади.