Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:37

Тошкентда яна икки қария ўлдирилди


Апрел ойининг бошида Тошкент шаҳри Мирзо-Улуғбек туманининг ТТЗ-2 ва Феруза массивларида яна икки қария аёл ўлдирилиб, уйлари тунаб кетилди. Мирзо-Улуғбек ИИБдан олинган маълумотга кўра, қотилликларда гумонланаётган икки шахс ҳибсга олинган.


Бир туманда икки қотиллик

Мирзо-Улуғбек туман Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими туманда иккита қотиллик бўлганини Озодликка тасдиқлади.

“Апрел бошида бўлди икки қотиллик ҳам. Бири туманнинг ТТЗ-2 массивининг Аҳиллик маҳалласидаги 18-домда, бозорнинг шундоқ ёнидаги домда содир бўлди. Яна бири Феруза массивида бўлди. Иккита қотиллик бўйича ҳам гумонланувчи шахслар ушланди. Ҳозир тергов-суриштирув ишлари кетаяпти. Лекин қотиллар бандаси қўлга олинмади”, деди милиция ходими.

Суҳбатдош тергов кетаётгани боис қотиллик ҳолатлари бўйича бошқа тафсилотларни очиқлай олмаслигини билдирди.

Ушбу қотиллик ҳақида маълумот берган Uznews.net хабарига кўра, 63 яшар Людмила Проскурякова ва 86 яшар Любов Одиловалар ўз квартираларида бўғиб ўлдирилган ҳолатда топилган.

Сайт ўз манбаларига таяниб ёйинлаган маълумотга кўра, Проскурякованинг ўлимида унинг 18 ёшли набираси Илья, Одилованинг ўлимида эса уй-жой мулкдорлари ширкати (аввалги ЖЭК)нинг собиқ ходими Исмоил исмли шахс гумонланмоқда.

Ангелина Лисова: воқеани эслашни хоҳламайман

Талончи қотиллардан жабр кўрганлардан бири, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи 84 яшар Ангелина Лисова.

Ангелина Лисова Озодлик билан суҳбатда тунаш воқеасига бироз тўхталди.

- 4 апрел куни эди. Эрталаб эди. Мен Любов Петровнаникига чиқиб, дори олиб келдим. Кейин улар келишди... Йўқ, гапира олмайман... Милицияга неча марта гапириб бердим... Йўқ, хоҳлайман эслашни. Мени тўғри тушунинг, эсласам юрагим оғрийди, деди Ангелина Лисова.

Чирчиқ шаҳар "Маҳалла" жамғармаси фаолларига кўра, талончилар Ангелина Лисованинг қўл-оёғини боғлаб, уйидаги бор пулини ўғирлаб кетишган.

Чирчиқ шаҳар ИИБ ходимлари ушбу талончилик бўйича жиноий иш қўзғатилиб, жиноятчилар қидирилаётганини айтишди.

Ўқувчилар ҳам қотилликка қарши курашга жалб қилинди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, сўнгги олти ой мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони йигирмадан ошган.

Исмини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, Тошкентда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари дастлаб 2011 йилнинг бошида қайд қилинган.

“Бошида жиноятчилар ёлғиз қарияларни уйига киргач, уларни қўл-оёғини боғлаб, уйидаги бор-будини ўғирлаб кетишган. Ўтган йилнинг охирларидан бошлаб, жиноятчилар ўғирликдан ташқари қарияларни ўлдирган ҳолатлари ҳам кўпая бошлаган”, деди Тошкент шаҳар ИИБдаги манба.

Тошкент шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, қотиллик кўлами ошаётгани ортидан маҳаллада ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиш учун махсус гуруҳлар ташкил қилинган.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги коллеж ўқувчилари ҳам ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиб туриш ишларига жалб қилинди.

Пойтахтдаги коллежлардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз масъул ходимига кўра, фаол ўқувчилар қариялар уйида навбатчилик қилишади.

- Фаол ўқувчилардан гуруҳлар тузганмиз. Ëлғиз қарияларга қўлимиздан келганча Худога шукур ëрдам бераяпмиз. Шу масалада бориб, ҳол-аҳвол сўраб келамиз. Тинчми, тинч эмасми хабарини оламиз, ўзимизнинг телефон номеримизни қолдирамиз. Уйига бориб¸ ҳол-аҳвол сўраб, 2-3 соат ўтириб, суҳбатлашиб келамиз. Энди бизлар ночнойга смена қила олмаймиз. Биласиз, ҳар битта ўқувчининг ота-онаси бор. Ҳаққимиз йўқ унақа нарсага. Бизлар фақат ўқувчиларни юбормаймиз. Ҳар биттаси билан гуруҳ раҳбари, жамоа сардори ëки ишлаб чиқариш устаси бор ëки Камолот ëшлар ижтимоий ҳаракати етакчисини юборамиз, деди коллеж масъули.

Маҳалла фаоллари тарғиботни кучайтирди

Шаҳардаги “Бўстон” маҳалласида ҳам уч нафар ёлғиз қария яшайди. Исмини таништирмаган маҳалла фаолига кўра, қотиллик билан боғлиқ воқеалар ортидан маҳаллада ёлғиз қарияларнинг ҳолидан хабар олиш учун махсус қизлар гуруҳи ташкил қилинган.

- “Қизлар давраси” гуруҳ қизларимиз бор. Қизларни иккита-иккитадан ёлғиз қариялар хонадонларига бириктирганмиз. Улар ўша хонадонларга бориб, уларнинг ҳолидан хабар олиб туришибди, деди “Бўстон” маҳалласи фаоли.

Мирзо-Улуғбек туманидаги “Маҳалла” жамғармасининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ёлғиз қариялар хавфсизлиги борасида деярли барча давлат ташкилотлари ишлаяпти.

- Халқ билан гаплашилаяпти, қариялар билан ҳам. Олди олинаяпти. Газдан келдим, у-бу деса очманглар, участка нозири келсин кейин очинглар, деяпмиз бизлар. Ҳужжатини кўрсатса ҳам очишга қўрқиб қолишди ҳозир. Райгаз, бошқа деб келиш қийин эмасда. Қариялар тушунмайдию. Ҳозир ички ишлар ходимлари юришибди уйма уй. Маҳалла юрибди, маслаҳатчилар юрибди. Маҳалла, маслаҳатчилар ҳамма хонадонга кириб чиқишаяпти ҳозир. “Камолотчилар” ҳам жалб қилинган. Коллеждагилар жалб қилинди. Анча одам жалб қилинган ҳозир, деди “Маҳалла” жамғармаси ходими.

Қотилларни топганга “Malibu” бор?

Тошкент кўчаларига ёпиштирилган қидирув эълонларида гумондор шахслар ҳақида милицияга хабар берган шахсга 5 миллион сўм мукофот пули ваъда қилинган.

Озодликка email орқали ёзган тошкентлик манбага кўра, ёлғиз қарияларнинг қотилларини қидириш ишларини шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёев ўз назоратига олган.

“Шавкат Мирзиёев қотилларни топганга битта “Malibu” машинаси билан Тошкентдан уй берармиш” деган гап тарқалди", дея ёзди манбамиз.

Тошкентдаги милиция ходимлари қотилларни топишга кўмаклашган шахсга пул мукофоти борлигини тасдиқлашди. Бироқ Бош вазирнинг мукофоти борасида бехабарлигини айтишди. Айни пайтда, ушбу қотилликлар юқори ташкилотлар назоратида эканини билдиришди.

"Қотиллар-сохта коммуналчилар"

Тошкент милицияси маълумотига кўра, ёлғиз қарияларни ўлдиришда қотиллар сохта коммуналчилар ниқобидан фойдаланмоқда.

Пойтахтнинг Учтепа туманидаги уй-жой мулкдорлари ширкат (аввалги ЖЭК)лардан бирининг ходими исмини очиқламаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан айтишича, ёлғиз қариялар билан боғлиқ қотилликлар ортидан ширкат ходимлари ҳам милицияга чақирилган.

"Коммуналчи" суҳбатдошга кўра, шаҳардаги уй-жой мулкдорлари ширкатларида ишловчи ходимларнинг милиция бўлимларида бармоқ излари олинган.

Ёлғиз қарияларни ўлдириш ва тунаш воқеалари бўйича текширувни Тошкент шаҳар прокуратураси олиб бормоқда.

Шу кунларда Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўчада ёлғиз қарияларнинг қотиллари, деб гумон қилинган шахсларнинг фотороботлари акс этган қидирув эълонларини учратиш мумкин.

Тошкент шаҳар ИИБдан олинган маълумотга кўра, ҳозирча қидирув эълонларидан бирор натижа чиқмаган, қотиллар ҳануз очиқда қолмоқда.

Қотилларни қидириш ишлари МХХ, прокуратура ва милиция ходимлари ҳамкорлигида олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 17 феврал куни Тошкент шаҳрининг Миробод тумани "Тонг нури" маҳалласида яшовчи 91 ёшли Ҳакима Авлоний ҳам ўз уйида номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG